21:54 / 21.01.2020
12 038

Сабзавотлар тарихи ҳақида

Сабзавотлар тарихи ҳақида
Биз ҳар куни турли хил сабзавот истеъмол қиламиз. Фойдали витамин ва озуқа манбаи бўлган сабзавотнинг ҳам келиб чиқиш тарихи борлигини кўп ҳам фикр қилавермаймиз. Сабзавотларнинг айримларини аждодларимиз жуда қадим замонларда маданийлаштирган бўлса, яна айримлари билан одамлар яқин уч-тўрт аср муқаддам танишган холос. Қуйида бизга яхши таниш бўлган ва озуқа манбаи сифатида таомларимизга қўшадиган сабзавотларимиз тарихи ҳақида қисқача ҳикоя қилмоқчимиз.

Тарихчилар одамлар сабзавотларни экиш ва ўстиришни одамзот ҳали тош асридаёқ ўзлаштирган дейишади. Аввалига ибтидоий одамлар шунчаки ёввойи ҳолда ўсиб турган мева ва сабзавотларни истеъмол қилган. Кейинчалик уларнинг уруғ ва данакларини сақлаб, экиб кўпайтириш орқали аста-секин деҳқончиликка ўрганишган. Вақт ўтиши билан эса экилаётган нарсаларнинг энг яхшилари, ҳосилдор, ширин ва дориворлари сараланиб, селексия жараёни амалга ошиб борган. Шу тариқа узоқ асрлар давомида одамлар сабзавотларни биз билган бугунги кўринишга келтирди.

Картошка

Фото: Google Photos
Бугун аксар таомларни картошкасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ картошка биз тарафларга яқин икки аср муқаддам кириб келган холос. Уни аввалига номаълум замонларда Жанубий Америка ҳиндулари маданийлаштирган. Европага эса биринчи марта 1565 йилда испан денгизчилари келтирган. Аввалига европаликлар бу ўсимликни озуқа манбаи сифатида эмас, балки декоратив ўсимлик сифатида ўстирган. 1800 йилда ҳам ҳали Европада картошка ноёб нарса саналган ва одамлар байрамларда уни бир-бирига совға қилган. 1830–1840 йилларда эса Европанинг айрим мамлакатларида деҳқонлар картошка экишга мажбурлангани учун ғалаёнлар ҳам бўлиб ўтган. Уни ёмон кўриб қолган фермерлар «жинни олма» деб ҳам атаган. Ҳозирда эса бу энг кўп экиладиган экинлардан биридир.

Помидор

Фото: Google Photos
Помидор ҳам Жанубий Америкадан келтирилган. Ҳозирда ҳам ёввойи помидор ўсимлигини Перу чангалзорларида учратиш мумкин. Помидорни ҳам XV асрда испан кемалари Европага келтирган бўлиб, бу ҳам аввалига декоратив ўсимлик сифатида тувакларда ўстирилган. XIX аср бошларида ҳам помидорни заҳарли деб ўйлашар эди. АҚШ президенти Жорж Вашингтоннинг душманлари уни заҳарлаб ўлдириш мақсадида помидор едиргани маълум. Ҳозирда ҳар бир хонадонда тузлама ва шакаробдан муқим ўрин эгаллаган помидор фақат XIX асрнинг иккинчи ярмидан кейин озуқа сифатида оммалаша бошлаган.

Сабзи

Фото: Google Photos
Сабзи энг қадимдан маълум илдизмева сабзавотлардан биридир. Уни одамлар бундан 4 минг йил аввал ҳам истеъмол қилган. Ўрта асрларда сабзининг бир неча нави яратилган. Хусусан, XVII асрда сабзининг энг яхши навларидан бири – каротел олинган эди. У деярли ҳамма таомлардан ўрин оладиган муҳим озуқа манбаи бўлган. Франк императори Буюк Карлнинг энг яхши кўрган нарсаси сабзи бўлгани манбаларда ёзилган.

Қизиғи, сабзини аввалига илдизмевасини эмас, барглари ва уруғини зиравор сифатида истеъмол қилишган. Унинг ватани сифатида ҳозирги Афғонистон ҳудуди эътироф этилади. Сабзи етиштириш бўйича Ўзбекистон дунёда етакчи мамлакатлар қаторида туради. Хусусан, 2016 йил статистикасига кўра, Ўзбекистон сабзи етиштириш борасида Хитойдан кейинги иккинчи ўринни эгаллаган.

Саримсоқ

Фото: Google Photos
Саримсоқ ҳам энг қадимдан истеъмол қилинадиган сабзавотлар қаторига киради. Уни қадимги Мисрда ва Хитойда яхши билишган. Хусусан, Хеопс эҳромида саримсоқ тасвири мавжуд. Уни албатта нохуш ҳиди туфайли кўпчилик хуш кўрмайди. Қадимда саримсоқни доривор хусусиятлари учун ҳам алоҳида экиб, кўпайтиришган. Римликларда эса саримсоқ ҳарбий ёки сиёсий мавқега эга бўлмаган, оддий фуқаронинг таоми сифатида қаралган. Зодагонлар эса саримсоқ истеъмол қилишган тийилган. Саримсоқнинг ватани Ўрта Осиё деб қабул қилинган.

Пиёз

Фото: Google Photos
Пиёз ҳам жуда қадимдан маълум озуқадир. Уни қадимги Миср аҳолиси жуда ардоқлаган. Юнонлар эса пиёзни илоҳий ўсимлик деб билган. Унинг қават-қават ички тузилишини Коинот тузилишига, яъни осмон қаватларига қиёслашган. Юнонларнинг дала ва ўрмонлар маъбуди Пан ҳам пиёзбоши кўринишида тасвирланган. Шунга қарамай, зодагон римликлар сингари, зодагон юнонлар ҳам пиёз истеъмол қилишни ўзига эп кўрмаган. Унинг ўткир ҳиди оғиздан нохушлик келтириб чиқаргани бунга сабаб бўлган. Аксинча, римликларда эса кишининг ижтимоий даражасидан қатъи назар, деярли ҳамма пиёзни кўп истеъмол қилган. Пиёзнинг ватани ҳозиргача аниқ белгиланмаган.

Ловия

Фото: Google Photos
Ловия ҳақидаги илк ёзма манбалар милоддан аввалги 2800 йилларда тааллуқли Хитой солномаларида учрайди. Ўшанда хитойликлар ловияни гуруч билан қўшиб қайнатиш орқали таом тайёрлаш ҳақида битик битган. Замонавий Перу ва Мексика ҳудудларида яшаган қадимги ҳиндулар эса бундан 5 минг йил муқаддам ҳам ловия истеъмол қилгани аниқланган. Римликлар эса ловияни терини ёшартирувчи косметик восита сифатида кўпроқ ишлатган. Бироқ Европада ловия Колумбнинг Америкага саёҳатларидан кейингина оммалашган. Ўшанда испан кемалари Марказий Америка минтақасидан ловиянинг кўплаб турларини уруғини олиб келиб, кўҳна қитъада экиш бошлаб юборилган.

Бодринг

Фото: Google Photos
Бодрингнинг ватани Ҳиндистон деб айтилади. Ҳақиқатан ҳам, Ҳиндистон чангалзорларида ҳозирда ҳам бодрингнинг ёввойи турлари ўсади. Бундан 3 минг йил аввал ёзилган ҳинд манбаларида бодринг истеъмоли ҳақида қайдлар мавжуд. Шунингдек, мисрликлар ҳам бодрингни яхши билгани турли ёдгорликлардаги бодринг тасвири орқали маълум бўлади. Юнонистонда эса бутун бошли шаҳар Сикион, яъни «бодринг шаҳри» деб аталган. Бу шаҳар мамлакатни бодринг билан таъминлаган бўлса керак.

Қалампир

Фото: Google Photos
Қалампирнинг ватани сифатида Жанубий Американинг тропик минтақалари тан олинган. Перу ҳудудидан топилган айрим сағаналарда одам суяклари ёнида қалампир қолдиқлари ҳам аниқланган. Перуликлар қалампирга илоҳий тус бериб, уни марҳумлар билан бирга кўмган бўлса керак. Ҳозирда ҳам Чили қалампири ёввойи ҳолда Жанубий Америкада кўп ўсади. Қалампирни ҳам кўҳна дунёга Колумб кемалари келтирган деган қараш мавжуд. Колумб кемаси борт журналида 1493 йилнинг 15 январь куни Гаити оролида аччиқ мевани еб кўргани ёзилган.

Карам

Фото: Google Photos
Ўрта Ер денгизи ҳавзаси атрофида яшайдиган халқлар таомномасида карам жуда қадимдан буён мавжуд. Шунга эътиборан, карамнинг ватани ушбу денгиз соҳиллари саналади. У деярли 4,5 минг йилдан бери рационимизни бойитиб келмоқда. Хусусан, қадимги юнон файласуфи ва ботаниги Теофастнинг асарларида карамнинг навлари ҳақида батафсил ёзилган. Афина деҳқонлари етиштирадиган уч хил карам навининг доривор хоссаларини Теофаст муфассал ёзиб чиққан эди. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида ҳам карамнинг шифобахш хусусиятлари жуда кенг қамровли ёритилган бўлиб, у орқали ўрта асрларда европаликлар карамни доривор озуқа сифатида жуда кўп тарғибот қилган.

Лавлаги

Фото: Google Photos
Лавлаги бундан 2 минг йил аввал Олд Осиё (ҳозирги Туркия) ҳудудида маданийлаштирилган. Унинг ватани сифатида эса Ўрта Ер денгизи ороллари қайд этилади. Лавлагининг ёввойиси ҳозирда Эрон ҳудудида учрайди. Қадимги Эронда лавлаги жанжал ва ғийбат рамзи бўлгани ҳам қизиқ. Уни форслар фақат табиб тавсия этганда, дори сифатида истеъмол қилган экан. Фақат милоддан 800 йилча аввал уни Олд осиёлик деҳқонлар йирик миқдорларда экиб, озуқа учун ишлата бошлаган. Қадимги Юнонистон ва Римда ҳам лавлаги кенг истеъмол қилинган. Император Тиберий бўйсундирилган герман қабилаларига ҳар йили муайян миқдорда лавлаги келтириш мажбуриятини қўйгани маълум. Айнан шу сабабли Германиянинг Рейн дарёси водийсида лавлаги экиш ҳозиргача жуда ривожланган.

Музаффар Қосимов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сабзавотлар тарихи ҳақида