10:20 / 22.01.2020
3 841

Америкалик дипломатлар Нафосат Оллошукурованинг Ўзбекистонни тарк этишига изоҳ берди

Америкалик дипломатлар Нафосат Оллошукурованинг Ўзбекистонни тарк этишига изоҳ берди
Фото: Facebook /shabnam.olloshkurova
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хоразмлик блогер Нафосат Оллошукурованинг Ўзбекистонни тарк этишига изоҳ берди.

«Блогер Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни ўз ихтиёри билан тарк этди. АҚШ элчихонаси у билан унинг кетиши олдидан учрашди, элчихона унинг ишини диққат билан кузатиб боради», - дейилади элчихонанинг Twitter саҳифасида.

Элчихонанинг таъқидлашича, АҚШ сўз эркинлигини қўллаб-қувватлайди.

«Президент Мирзиёев ОАВ ҳукумат устидан жамоатчилик назорати ва унинг ислоҳотлар дастури муваффақияти учун зарурлигини айтади. Журналистларга ўз ишларини бажаришларига рухсат берилиши, улар таҳдид ёки таъқибга учрамасликлари керак», – дейилади элчихона изоҳида.

Аввалроқ Нафосат Оллошукурова Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистонни тарк этиб кетаётганини маълум қилганди.

У мамлакатдан чиқиб кетишда ўзига яқиндан ёрдам берган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳамда адвокат Умид Давлетовларга миннатдорлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Урганч шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 23 сентябрь кунги қарорига асосан Нафосат Оллошукуровага нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди. Бош прокуратуранинг маълумотига кўра, 26 сентябрь куни маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган Н.Оллошукурова руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан у вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган. Вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери томонидан блогернинг руҳиятида ўзгаришлар содир бўлаётгани, унда «руҳий касалсимон синдром, параноял синдром» касаллиги аломатлари кузатилгани, ўзи ёки атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши, ночорлиги, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсиз деб топилган ва суддан уни психиатрия муассасасига жойлаштириш сўралган. Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди томонидан мазкур сўров қаноатлантирилган.

28 декабрь куни руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блогер шифохонадан чиқарилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Америкалик дипломатлар Нафосат Оллошукурованинг Ўзбекистонни тарк этишига изоҳ берди