22:30 / 18 февраля 2020
1 105

Ўн тўрт кунлик таҳлика ортда қолди

Ўн тўрт кунлик таҳлика ортда қолди
Энди қўрқув, бесаранжомликка ўрин йўқ. Бўстон сиҳатгоҳида 14 кун карантинда ушлаб турилган 300 нафарга яқин Хитойдан қайтган талабаларда коронавирус аниқланмади. Улар бугун ўз яқинлари билан дийдорлашишди.

— Икки ҳафта айтишгагина осон, — дейди Назира Ғуломова — Хитойда ўғлим Ҳожиакбар ва келиним Рушона таҳсил олади. Ваҳимали гаплар албатта одамнинг ҳаловатини ўғирлайди. Кечаю кундуз ташхислари яхши чиқсин, дея ният қилиб ўтирдик. Мана бугун болаларимни соғ-саломат бағримга босаётганимдан жуда бахтиёрман. Улар мен учун қайтадан туғилган кун бугун.

— Албатта, бутун дунё бу эпидемия ҳақида тўхтовсиз бонг уриб ётган бир пайтда фарзандинг ҳам ўша ерда эканлиги она сифатида қалбингизни безовта қилади, — дейди онколог шифокор Ҳилола Рустамова. — Ўғлимга аввало шифокор сифатида ўзини қандай ҳимоялаш кераклиги бўйича тавсиялар бердим. Ўзбекистонга қайтгач, яна нималарга эътибор бериш кераклигини тез-тез эслатиб, ўзини қандай ҳис қилаётганини суриштириб турдим. Айтмоқчиманки, ҳеч қандай касаллик бесабаб тарқалмайди. Ҳар бир инсон, аввало, болаликдан тиббий маданиятини шакллантириб бориши лозим. Оддийгина гигиеник қоидаларга риоя қилиш — бемор ҳолида жамоат жойларида ниқобсиз юрмаслик, қўлни совунлаб ювиш аслида одамдан кўп меҳнат талаб қилмайди. Озгина қунт ва ҳафсала керак...

Яқинда мана шу коронавирусни биринчилардан бўлиб аниқлаган хитойлик шифокор вафоти ҳақидаги хабар тарқалди. Албатта бундай катта масштабдаги эпидемиядан шифокорларнинг ҳам «қуруқ» қолмаслиги тарихдан маълум. Ҳар қандай эпидемия билан курашиш асносида қанчадан қанча фидойи шифокорларнинг ҳиссаси бор ва афсуски, улар орасида беморлар каби вафот этганлари ҳам бисёр. Хўш, шифокору ҳамширалар бундай таҳликали вазиятда ўзларини қандай ҳис қилишади?

— Хитойдан талабаларнинг келиши учун мана шу ерда тайёргарлик кўрилаётган пайтдаёқ нафақат шифокорлар, биз ҳамширалар ҳам икки ҳафта ҳеч қаёққа чиқмаслигимиз ҳақида маълумотга эга эдик. — дейди ҳамшира Зоҳида Раҳимова. — Ва кимнинг чекига шу ерда қолиш, улар билан бирга бир ҳаводан «нафас олиш» тушган бўлса, бажонидил рози бўлдик. Улар билан биринчи кунданоқ ҳеч қандай қўрқувларсиз мулоқотга киришдик. Бир кунда икки марталаб текширдик.

Албатта, бизни масъул идоралар, аввало соғлиқни сақлаш вазирлиги барча ҳимоя воситалари билан таъминлади. Бугун уларга жавоб берилганидан, ота-оналар қариндошлари дилидаги хавотир барҳам топганидан хурсандмиз. Улар бизга ўз фарзандларимиздек азиз бўлиб қолишди. Юртдошларимга айтмоқчи бўлганим ваҳимага ўрин йўқ. Аммо хотиржам бўлишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Яъни ҳар бир инсон соғлом турмуш тарзига риоя қилиши шарт...

Тарқалаётган ўринли ва ўринсиз хабарлар одамларни ваҳимага солиши аниқ. Хўш, Хитойда яшаётган, бош олиб кетишга бошқа бошпанаси бўлмаган хитойликларнинг ўзлари бу мусибатни қандай кутиб олишди.

— Бўлғуси журналист сифатида ва у ёқдаги вазият билан бу ердаги вазиятни таққослаган ҳолда шуни айтишим мумкинки, Хитойда яшаётганлар бизнинг юртдошларимиздек ваҳимага ёки тушкунликка тушиб қолишгани йўқ, — дейди навоийлик ҳамюртимиз Отажон Эсанбаев. — Мен яшаган провинциядагилар ҳам кундалик оддий ҳаётларини давом эттиришмоқда. Мени ҳайрон қолдиргани, бизда ортиқча ваҳима кўтаришаётгани.

Тўғри, бу эпидемия баъзи инсонларни ҳаётдан олиб кетаётгани, бутун дунё иқтисодиётига зарар етказаётгани ачинарли, лекин бундай вазиятда хотиржам бўлиш, ёлғон миш-мишларни тарқатиш вазиятни янада чигаллаштиради. Мана шу ҳолат орқали яна бир нарсани англаб етдим. Ҳамма хабарларга ҳам ишонавериш ва хайп учун ортиқча ваҳима кўтариб ахборот тарқатиш яхши эмас экан. Яна бир гап — биз Хитойда ўқиётган талабалар бир-биримизга эътиборсиз эдик. Мусибат бизни бирлаштирди. Хитойда ўқиётган талабалар ижтимоий тармоқларда гуруҳ очиб, бир-биримиздан хабарлашиб турибмиз, бу ерда ҳам кўпчилиги билан дўстлашдик.

Ҳа, ҳамюртларимизнинг бу синовдан эсон-омон ўтиб олганидан биз ҳам хурсандмиз. Уларнинг тушкунликка тушмасликларига, ўзларини хотиржам тутишларига, бемалол ўқишларини онлайн тарзда давом эттиришга яратилган шарт-шароит, шифокорларнинг, уларнинг тақдирига қайғурган масъул раҳбарларнинг эътибори, қўллаб-қувватловининг ўрни беқиёс. Фақат ўғил-қизларимиз энг оғир кунида ташлаб қўймаган, бағрини кенг очиб кутиб олган ўз юртини келгусида унутмаса, ривожига ҳисса қўшишни унутмасалар бас. Ҳозирча эса уларнинг ўқиш ва ишларига улкан омадлар тилаймиз.

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)