09:16 / 26 февраля 2020
7 562

Бештасидан учтаси жиноятчи. Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурорлари ҳақида

Бештасидан учтаси жиноятчи. Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурорлари ҳақида
Ўзбекистон Ҳарбий судида 25 февраль, сешанба куни, собиқ бош прокурорлар Отабек Муродов ҳамда Ихтиёр Абдуллаевнинг жиноят ишлари бўйича ҳукм эълон қилинди. Улардан аввалги бош прокурор — Рашид Қодиров ҳам бир қатор жиноятларни содир этишда айбланганди.

Ўзбекистон ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи бош прокурорларнинг жиноятчи бўлиши — мантиқсизлик. Лекин мамлакатнинг мустақиллик йилларидаги бошқа бош прокурорлари улар каби жиноятларда айбланмаган — улар орасида вафотига қадар юқори лавозимларни эгаллаб турганлари ҳам, ҳозирги кунда фаолиятини тинчгина олиб бораётганлари ҳам бор.

Биринчи бош прокурор — Бўритош Мустафоев

1949 йил ўша вақтларда Самарқанд вилоятига қарашли бўлган Хатирчи тумани (ҳозирда Навоий вилояти таркибидаги туман)да туғилган Бўритош Мустафоев Ўзбекистоннинг биринчи бош прокурори ҳисобланади. Бўритош Мустафоев бу лавозимга Ўзбекистон мустақиллигидан олдин, яъни 1990 йилда тайинланган. У 1998 йилга қадар бош прокурор бўлиб ишлаган.

Бош прокуратурадан кетганидан сўнг Президент маслаҳатчиси ўринбосари, адлия вазири ўринбосари, Конституциявий суд раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси, адлия вазири, Олий суд раиси лавозимида ишлаган. 2014 йилдан умрининг охиригача Конституциявий суд раиси ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. Бўритош Мустафоев 2017 йил 12 апрелда 68 ёшида вафот этган.

Иккинчи бош прокурор — Усмон Худойқулов
Усмон Худойқулов ҳақида очиқ манбаларда жуда кам маълумот бор. Унинг қачон туғилгани ва суратини топишнинг имкони бўлмади.

Қашқадарёда туғилган Усмон Худойқулов 1998 йил декабрида бош прокурор этиб тайинланган. Бунгача эса бош прокурор ўринбосари ва Президент давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Усмон Худойқулов Ўзбекистон бош прокурорлари орасида бу лавозимда энг кам муддат ишлаган прокурор ҳисобланади — 1 йил 1 ой 26 кун. Айнан у бош прокурор бўлиб ишлаган пайтда Тошкентда 16 февраль воқеалари бўлган. Усмон Худойқуловнинг Бош прокуратурадан кетганидан кейинги тақдири номаълум. Аммо 2017 йилдаги маълумотларга кўра, у «Ўзбекистон темир йўллари» юридик бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган бўлган.

Учинчи бош прокурор — Рашид Қодиров

1952 йилда Андижонда туғилган Рашид Қодиров Ўзбекистоннинг учинчи бош прокурори ҳисобланади. Рашид Қодиров бу лавозимда ишлаш бўйича рекордчи ҳисобланади — 15 йил 2 ой.

Андижон вилояти прокуратурасида фаолиятини бошлаган Рашид Қодиров 80 йилларда Давлат хавфсизлиги қўмитасида ишлаган. 1991—1994 йилларда МХХ раиси ўринбосари бўлиб ишлаган. Кейинчалик «МХХда 25 йил фидокорона хизмати учун» медали билан ҳам тақдирланган. 1994 йилдан 2000 йилгача бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган. Қодиров Ўзбекистонда рўй берган бир неча терактларни тергов қилишга масъул бўлган.

2015—2017 йилларда Конституциявий суд аъзоси бўлган. 2018 йил 23 февралда Рашид Қодиров товламачилик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олишда айбланиб ҳибсга олинди. 2019 йил июнида Рашид Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Тўртинчи бош прокурор — Ихтиёр Абдуллаев

1966 йил Фарғонада туғилган Ихтиёр Абдуллаев 1990—1997 йилларда Фарғона вилоятида адлия ва судлов органларида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2000—2001 йилларда Андижон вилояти судига раислик қилган, 2002—2006 йилларда адлия вазири биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

У 1997—2000 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси хизматида референт, 2001—2002 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари, 2006—2010 йилларда Президент давлат маслаҳатчиси бўлган. 2010 йилдан 2015 йилга қадар сенатор бўлган Ихтиёр Абдуллаев 2015 йил апрелида Бош прокуратура раҳбари этиб тайинланган. 2018 йил январида эса у Миллий хавфсизлик хизматининг 23 йиллик раҳбари — Рустам Иноятов ўрнига хизмат негизида ташкил этилган янги тузилма — Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланган эди.

2019 йил февралида соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб ДХХ раҳбарлигидан кетгани эълон қилинди. Орадан бир неча ой ўтганидан сўнг Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши очилгани маълум бўлди. 2019 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Ҳарбий суди Ихтиёр Абдуллаевни жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, жиноятлар мажмуи тариқасида унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди.

2020 йил 25 февралда Ҳарбий суд Ихтиёр Абдуллаевни пора олиш ва бошқа жиноятларни содир этишда айбдор деб топиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Бешинчи бош прокурор — Отабек Муродов

1975 йил Қашқадарёда туғилган Отабек Муродов 1998—2005 йилларда прокуратура тизимида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2005—2011 йилларда Президент девонида ишлаган. 2011—2014 йилларда адлия вазири ўринбосари, 2015—2018 йилларда Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

2018 йил 31 январда бош прокурор этиб тайинланган. У янги лавозимда иш бошлаганидан бир муддат ўтиб, собиқ бош прокурор Рашид Қодиров қўлга олинганди.

Отабек Муродов ҳам бошқа бир қашқадарёлик Усмон Худойқулов каби бош прокурор лавозимида бир йилдан ортиқ ишлай олмади. 2019 йил 20 июнда ишдан олиниб, унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев бош прокурор этиб тайинланди. Бир кун ўтиб Президент Шавкат Мирзиёев Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Кейинроқ Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродов ўзидан аввалги бош прокурор, ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётганини маълум қилди. 2019 йил сентябрида эса Отабек Муродовнинг қамоққа олингани маълум бўлган эди.

2020 йил 25 февраль куни Отабек Муродов Ҳарбий суд томонидан бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олиниб, Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

собиқ бош прокурор жиноятчи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)