20:33 / 10.03.2020
4 476

Саримсоқпиёз ёки иссиқ ванна коронавирусдан ҳимоя қила оладими?

Саримсоқпиёз ёки иссиқ ванна коронавирусдан ҳимоя қила оладими?
Фото: Getty Images
Коронавирус билан биргаликда сайёрамизда нафақат хавотир, балки ундан қутулишга алоқадор минг турли тавсиялар ҳам ёйилмоқда. Бу каби маслаҳатлар ҳар доим ҳам малакали мутахассислар томонидан янграмайди ва кўпинча улар келтирадиган фойда нолга тенг.
Қуйида таклиф қилинаётган турли усулларни санаб ўтамиз ва уларнинг самарадорлигини мутахассислар билан ўрганиб чиқамиз.

1. Саримсоқ
Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдаланувчилари инфекциянинг олдини олиш учун саримсоқ ейишни маслаҳат беришмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) саримсоқни баъзи бир микробларга қарши хусусиятларга эга соғлом озиқ-овқат сифатида тан олади, аммо унинг янги коронавирусдан ҳимоя қилишига оид ҳеч қандай далил йўқ.

Саримсоқнинг ўзи хавфли эмас — ҳозирги кунгача уни шифокорлар тавсиясига биноан инсонлар томонидан даво чораси сифатида тановул қилинади.

Аммо кимдир шу ёки бошқа «халқона» тиббиёт профилактикасини қолган барча усулларга нисбатан афзал кўрса ва малакали мутахассисларнинг тавсияларига эътиборсизлик қилса, бу соғлиқ учун хавфли бўлиши мумкин. Сабзавот ва мевалар саломатлик учун фойдалидир, аммо янги вирус инфекциясининг олдини олишга қодир эмас.

Саримсоқни кўп миқдорда истеъмол қилиш ўз-ўзидан муаммоларга олиб келиши мумкин. Масалан, The South China Morning Post газетаси бир ярим килограмм саримсоқ истеъмолидан кейин томоқ оғриғи билан касалхонага тушган аёл ҳақида хабар берди.

2. «Сеҳрли қўшимчалар»
YouTube’даги машҳур блогер Жордан Сазер «мўъжизавий минерал қўшимчалар»нинг (MMS — «miracle mineral supplement») коронавирусдан ҳимоя қилишига даъво қилмоқда.

Ушбу қўшимчада хлор диоксиди мавжуд. Сазер, бошқа баъзи инфлюенсерлар сингари, «мўъжизавий дорини» янги коронавирус келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишидан олдин ҳам реклама қилган. Январь ойидаёқ у твиттерда шундай ёзган: «Хлор диоксиди (ММС) саратон ҳужайраларини ўлдиришда самарали воситадир, аммо у коронавирус инфекциясининг олдини олишга ҳам ёрдам беради».

Ўтган йили АҚШнинг озиқ-овқат ва дорилар устидан назорат бошқармаси (FDA) хлор диоксидининг хавфсизлиги ва самарадорлиги тадқиқотлар билан тасдиқланмагани ва уни истеъмол қилиш кўнгил айниши, қусиш, диарея ва оғир сувсизланиш аломатларини келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Бошқа мамлакатлардаги назорат хизматлари ҳам FDA фикрига қўшилган.

3. Қўл учун уйда тайёрланган гель
Дунё бўйлаб одамлар санитария воситаларини сотиб олишмоқда. Кўпгина дўконларда шу кунларда зарарсизлантирувчи гел захиралари тугаб қолмоқда ва интернетда уй шароитида гель тайёрлашга оид видеолавҳаларга қизиқиш ортмоқда.

Бироқ, ушбу қўлбола гелларнинг баъзилари инсон териси учун мос эмас. Дўконларда сотиладиган қўл геллари таркиби одатда нафақат спиртдан(60-70 фоиз), балки юмшатувчи моддалардан ташкил топади ва улар ҳаммада ҳам мавжуд эмас.

Баъзида ушбу рецептларда спиртли ичимликлардан фойдаланиш таклиф қилинади, аммо уларнинг энг ўткирларида ҳам алкогол миқдори камдан-кам ҳолларда 60 фоиздан ошади.

Би-би-си рус хизматининг фан масалалари бўйича мухбири Николай Воронин қўлбола антисептик тайёрлашда спиртнинг 60 даража ва ундан юқори ўткирликдаги туридан фойдаланишни маслаҳат бермоқда.

4. Коллоид кумуш
Америкалик телевизион тарғиботчи Жим Бейкернинг телешоусига ташриф буюрган меҳмонлардан бири одамларни коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида коллоид кумушдан фойдаланишга чақирди. Унинг фикрича, кумушнинг энг майда зарралари эриган суюқлик 12 соат ичида коронавирусларнинг айрим турларини ўлдиради. Тўғри, у бунинг Covid-19’га алоқаси ҳақида далиллар йўқлигини тан олди.

Суюқ кумуш коронавирусга қарши курашда самарали бўлиши мумкинлиги ҳақидаги янгиликлар ижтимоий тармоқларда, айниқса анъанавий тиббиётга шубҳа билан қарайдиган жамоалар орасида тарқалди.

Ушбу воситанинг тарафдорлари у турли касалликларни даволайди ва антисептик вазифасини бажаради, шунингдек иммунитет тизимини мустаҳкамлайди деб ҳисоблашади.

Бироқ, АҚШ расмийлари коллоид кумушнинг фойдали хусусиятлари исботланмагани ҳақида огоҳлантирмоқда. Бундан ташқари, унинг истеъмоли жиддий ножўя таъсирга олиб келиши мумкин, масалан буйрак функцияси ёмонлашиши, безгак ва аргирия — тери рангининг қайтариб бўлмас даражада ўзгариши.

Шифокорлар, темир ва рухдан фарқли ўлароқ, кумуш инсон танасида бирор вазифани бажармайди, деб ҳисоблашмоқда.
Facebook ҳозирда коллоид кумушнинг фойдалари ҳақида баъзи хабарларни кузатиб, уларда нотўғри маълумотлар мавжудлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

5. «Ҳар 15 дақиқада сув ичинг»
Facebook’да қандайдир «япониялик шифокорнинг» вирусни оғиздан ювиб ташлаш учун ҳар 15 дақиқада сув ичиш тавсиясини бергани ҳақидаги хабар катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шифокорлар ушбу маслаҳатга шубҳа билан қарашади: вирус танага нафас йўллари орқали киради. Аммо вирус бирор кишига оғиз орқали юқса ҳам, бу ҳолатда сув ичиш наф келтирмайди. Ваҳоланки, умуман олганда сув ичишнинг ўзи фойдали.

Сув ичишнинг фойдаси кўп, аммо сув коронавирусдан ҳимоялай олмайди / GETTY IMAGES
6. «Иссиқ сув ичинг, иссиқ ванна қабул қилинг ва музқаймоқдан воз кечинг»
Яна бир кенг тарқалган ва Unicef илова қилинган хабар. Унда коронавирусдан сақланишда иссиқ сув ёрдам бериши айтилади: «уни иложи борича кўпроқ ичиш керак, шунингдек қуёшда тез-тез сайр қилиш керак, шу йўсинда коронавирус сизга етиб бормайд».

Худди шу мақсадда иссиқ ванналар олиш бўйича маслаҳатлар ҳам мавжуд.

Unicef ходими Шарлотта Горницка дейди: «Яқинда интернетда тарқалган бир сохта фикрда коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораси сифатида музқаймоқ ва бошқа совуқ таомлардан воз кечишга чақирилади ва у худдики Unicef томонидан тарқатилган деб даъво қилинади. Бу албатта мутлақо ёлғон маълумот. Биз грипп вируси ёз вақтида инсон танасидан ташқарида омон қолмаслини биламиз, аммо бизга юқори ҳарорат янги коронавирусга қандай таъсир қилиши маълум эмас».

«Ўз танангизни иситиш ёки қуёшда тобланиш сизни коронавирусдан қутқармайди», дейди Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби профессори Салли Блумфилд. Агар вирус танага кирса, уни фақат организм енгиши мумкин.

Бундан ташқари, ташқаридаги ҳарорат ошиши инсон танаси ҳароратини оширмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саримсоқпиёз ёки иссиқ ванна коронавирусдан ҳимоя қила оладими?

Жамият янгиликлари