
2019 йилнинг сўнгги ойларида Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган коронавирус эпидемияси февраль ва март ойларида дунёнинг деярли барча нуқталарига тарқалиб улгурди. Сўнгги маълумотларга кўра, 1,6 миллиондан ортиқ киши вирус юқтиргани маълум қилинди.
357 мингга яқин киши касалликдан шифо топган бўлса-да, қарийб 96 минг одам бевақт ҳаётдан кўз юмди. Вируснинг юқумлилик даражаси юқорилиги сабаб эпидемия глобал бўҳронга айланди. Албатта, бундай таҳликали шароитда давлат ва фуқаро муносабатларининг тўғри йўлга қўйилиши муҳим аҳамиятга эга.
Давлат ва фуқаро муносабатлари
Эпидемия нафақат одамларнинг соғлиги ва яшаш тарзига, балки давлат бошқарув тизимларига ҳам жиддий таъсир ўтказмоқда. Маълумки, давлат ва фуқаро муносабатларидаги барқарорлик ҳар икки томон учун ҳам муҳим сиёсий ва иқтисодий масалалардан бири ҳисобланади. Фуқаролар ўз иқтисодий фаолияти натижаси ўлароқ давлатга солиқ тўлайдилар. Зотан, ижтимоий фаолият издан чиқмаслиги учун ҳам шундай бўлиши керак, аслида. Давлат эса ушбу жараённинг тўғри йўлда давом этиши учун макро жараёнлар (ишлаб чиқариш, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш)ни яхши мувофиқлаштириши лозим.
Ҳозирги эпидемия шароитида ресурсларни аҳолига қай тарзда тақсимлаш муаммоси мамлакатлар олдида турган энг асосий масалалардан бирига айланди. Шу боис ҳам март ойининг бошида давлатлар катта миқёсдаги қутқарув пакетларини эълон қилишди. Шу асно улар глобал эпидемия натижасида келиб чиқувчи тизимли ва кенг миқёсли вайронагарчиликка жавоб қайтаришди. Айни пайтда бу жавоб давлатларнинг инқирозга тайёр эмаслигининг ифодаси ҳамдир.
«Даромад тақсимловчи давлат» модели
Инқироз давлат ва жамият ўртасидаги шартномаларни қайтадан кўриб чиқишга ундамоқда. Aфсуски, Сovid-19 пандемияси инқироз жараёнида марказий капиталистик ва либерал давлатларнинг молиявий воситалардан бошқа ҳеч бир нарсани ўртага қўя олмасликларини кўрсатиб қўйди. Бу эса давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда «даромад тақсимловчи давлат» моделини эсга солди. Зотан, бугун нефтга бой мамлакатларда ҳукмрон элита ўз аҳолисининг оммавий сиёсий ва ижтимоий талабларини қондириш, уларнинг розилигини олиш учун давлат ресурсларини тақсимлаш механизмларидан имкон қадар кўпроқ фойдаланмоқда.
Айтиш мумкинки, институционал ва элита даражасида ҳал қилинадиган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш бугунги кунда давлатлар томонидан кўриб чиқилаётган энг асосий масаладир. Сovid-19 эпидемияси шу маънода инқирозга олиб келмайдиган, аммо инқирозни келтириб чиқарган потенциал динамикани тезлаштирадиган таъсирга эга. Айтиш мумкинки, ҳар бир мамлакат бу жараённи тарихий, институционал ва маданий тузилишига кўра турлича бошдан кечиради.
Муаммо нимадан келиб чиқмоқда?
АҚШ, Германия ва Франция каби аксарият давлатларнинг фуқаролари ўз мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизими ҳавас қилгулик даражада эмаслигига гувоҳ бўлишди. Ушбу вазиятни эса ўрта муддатли истиқболда АҚШ ва Европада ўнг қанот популист лидерлар ҳокимиятининг заифлашишига олиб келадиган жараён сифатида ҳам кўриш мумкин. Муаммо лидерларнинг баландпарвоз нутқлари ва мавжуд ҳақиқатнинг бир-бирига тўғри келмаслигидан келиб чиқмоқда. Амалий, кенг қамровли ва инклюзив ечимлар бизга техник билим ва тажрибанинг муҳимлигини такрор эслатмоқда. Популист раҳбарларнинг миллатчилик риторикаси Трамп маъмуриятида кўриниб турганидек, космополит техниклар ва технократларнинг тизимдан узоқлашишига олиб келди.
Сovid-19 билан курашда, президент Трамп Америка халқи ва ўзи ўртасидаги ишонч ришталарини мустаҳкамлаш учун мутахассис технократлар ва олимлардан фойдаланмоқда. Зотан, жамиятда қўрқувни бошқариш ҳозирги сиёсий раҳбарлар олдидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Фммо фуқаролар эпидемия назорат остида эканлигини рақамлар билан исботловчи статистика келтирилишини кутишмоқда.
Шахснинг сиёсат ва жамият билан муносабатлари ўзгармоқда
Ҳисларимизни, ишончимизни ва ҳаракатларимизни янгидан шакллантирган Сovid-19 эпидемияси сиёсатга бўлган муносабатимизни ҳам ўзгартирмоқда. Эндиликда индивидуал модел атрофимиздаги инсонларнинг ҳам соғлом бўлишини кўзда тутувчи янги ижтимоий муҳитга эҳтиёж сезмоқда.
Ушбу жараёнда ўз тор доирамиз билан чекланиш ҳаёт сифатимиз учун етарли эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Энди ишчилар, курьерлар ва ходимлар дунёси ҳам биз учун муҳим аҳамият касб этяпти. Соғлиқни сақлашни жамоавий шаклда йўлга қўйиш билан характерланувчи ушбу талаб умумий манфаатлар остида бирлашишга ундамоқда.
Айтиш мумкинки, мазкур эпидемиянинг жамият, иқтисодиёт, сиёсат ва геосиёсатга таъсири узоқ муддатли бўлади. Ушбу таъсирлар турли мамлакатларда турлича намоён бўлиши табиий. Бироқ мамлакатларнинг институционал тузилмалари ва маданий динамикаси бу жараён йўналишини белгилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда капиталистик ва либерал давлатлар инқирозни ўз қобиғига қамалиш йўли билан эмас, балки дунёга очилиш билан ҳал этиши мумкин. Чунки ушбу улкан муаммони ҳал қилиш учун ички ресурслар етарли бўлмаслиги кундай равшан. Шу асно асосий динамика ҳамкорликка эътибор берадиган сиёсат томон силжийди.
Давлат қандай йўл тутиши керак?
Ҳозир ўз келажагини қўрқув ва умидсизликлар аро режалаштиришга ҳаракат қилаётган фуқаролар учун ижтимоий ёрдам ҳар қачонгидан ҳам ижобий самара бериши аниқ. Бу жараёнда ҳукумат томонидан амалга оширилиши керак бўлган иш фуқаролик институтини имкон қадар мустаҳкамлашга ҳаракат қилишдир. Бундай шароитда давлат фақат иқтисодий тақсимлаш механизмларини татбиқ этиш билан кифояланиб қолмаслиги керак. Жамиятни бирлаштириш усуллари ҳам амалга татбиқ этилиши лозим. Бундан ташқари, давлат янги даврга мос келувчи ислоҳотларга таяниш билан бир қаторда глобал сиёсатга уйғун қадам ташлаши лозим.
«Янги глобаллашув» нима?
Мутахассислар орасида Сovid-19 инқирозидан кейин миллий давлатчилик кучаяди, деган мулоҳазани илгари сураётганлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг фикрича, эпидемия давлат моделини марказлаштиришга ёрдам беради ва миллий консерватив сиёсатни олдинги планга олиб чиқади. Бу ҳам бир фараз.
Аммо кутилаётган нарса шундан иборатки, чегара билмас глобал пандемик инқирозга қарши курашда глобал ҳамкорлик давлатлар учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Афтидан, инқироздан сўнг савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги вазиятни нормаллаштириш баъзи протоколлардан сўнг амалга ошириладиганга ўхшайди. Шу нуқтайи назардан, давлатнинг ўз фуқаролари билан ўрнатадиган муносабатлари ташқи сиёсатдаги ўзгаришлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Ушбу жараённи «янги глобаллашув» деб аташ мумкин.
Хулоса ўрнида
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Сovid-19 эпидемияси давлатлараро муносабатларда янги глобаллашувни юзага келтирди. Назаримизда, янги давлатчилик асослари ҳукумат ва жамиятлар ўртасидаги ғоялар ва институтлар даражасида пишиб етилмоқда. Айни пайтда корпоратив сиёсат мураккаблиги, элиталарнинг заифлиги, янги популистик сиёсатнинг номувофиқлиги сиёсат ва геосиёсатни учинчи йўлдан боришга мажбур қилмоқда.
Отабек Тиллаев тайёрлади
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар