22:20 / 24.06.2020
1 941

АҚШдаги миллиардерлар мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш учун қандай пул сарфлашади?

АҚШдаги миллиардерлар мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш учун қандай пул сарфлашади?
Netflix, Microsoft ва Facebook асосчилари ўз ватанларидаги ўрта таълимга ёрдам бериш учун маблағни аямай сарфлайди: инвестициялар дам олиш марказлари қурилиши, ўқув режаси самарадорлигини мониторинг қилиш ва мактабларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Netflix стриминг платформаси асосчиси, миллиардер Рид Хастингс мактаб ўқитувчилари учун саломатлик маркази қурмоқчи. Ушбу лойиҳа учун Колорадо штатидан 850 гектар ер ажратилди. Маълумотларга кўра, Retreat Land at Lone Rock («Ёлғиз қоядаги шифобахш ер») лагери 2021 йил мартда очилади. У ҳар тўрт кунда давлат ва хусусий мактабларнинг 30тадан ўқитувчисини қабул қилади.

Лойиҳа бир неча йил давомида ишлаб чиқилган, унга Хастингснинг 20 млн доллар миқдоридаги шахсий маблағи сарфланган. Миллиардер анчадан бери Америка таълим тизимини ислоҳ қилишни истайди. У 2016 йилда бу ташаббус учун 100 млн доллар сарфлашга ваъда берганди. Шу билан бирга, Рид Хастингс 1998 йилда Калифорнияда чартер мактаблар ташкил этишни соддалаштирган ташаббус ҳаммуаллифи бўлган.

Бу муассасалар ўзида хусусий ва давлат мактаблари унсурларини бирлаштирган. Ҳеч қайси таълим бўлимига ҳисобот бермайдиган чартер мактаблар давлат ҳисобидан молиялаштирилади, бу эса ўқувчиларнинг бепул таълим олишини таъминлайди. АҚШда бундай мактаблар сони 200дан ортиқ.

Microsoft ҳаммуассиси Билл Гейтс таълим тизимига 1 млрд доллар киритди ва етти йил давомида кам даромадли оилаларнинг ўқувчи фарзандлари учун давлат тестлари натижаларини яхшилаш бўйича ташаббусни қўллаб-қувватлаб келди. У бунинг учун ўқитувчилар ишини мониторинг қилиш тизимини ислоҳ қилишга пул сарфлади. Тўғри, давлат тестлари натижалари яхшиланиб қолмади. Ҳатто Арканзас университети профессори Жей Грин Гейтснинг дастури фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирганини эълон қилди.

Аммо шунга қарамасдан, Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо Гейтсни маҳаллий давлат мактаблари самарадорлигини оширишда ёрдам беришга чақирди. Куомо май ойида Билл Гейтс билан мазкур дастур устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Америка таълим тизимига катта пул ажратадиган яна бир миллиардер Марк Цукербергдир. У Ньюарк шаҳридаги барча кўрсаткичлар бўйича қолоқ мактабларга 100 млн доллар ажратди. Уларни таъмирлашга пул ва дарсликлар деярли ажратилмасди. Болаларнинг қарийб ярми мактабда ўқишни ташлаганди.

Воқеа 2010 йилда бўлганди. Facebook асосчиси ўзининг Startup: Education жамғармасидан махсус тузилган Foundation for Newark's Future (FNF) ташкилоти ҳисобига беш йил давомида пул ўтказиш мажбуриятини олганди. Мактаб тизими раҳбари Кэми Андерсон Цукербергнинг режасига амал қилган ҳолда ўқитувчиларнинг самарадорлик кўрсаткичига асосланиб уларнинг маошларини оширди ва «меъёр»ни уддалай олмаганларни ишдан бўшатди. Бу эса Ньюаркдаги мактабларни ислоҳ қилиш нисбатан норозиликлар келтириб чиқарди. Натижада Цукербергнинг уринишлари фойда бермади: битирувчиларнинг атиги икки фоизи олий ўқув юртларига кира олди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АҚШдаги миллиардерлар мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш учун қандай пул сарфлашади?