22:21 / 30.07.2020
3 491

Уйда даволанаётган беморларга тарқатилувчи бепул дорилар рўйхати тасдиқланди

Уйда даволанаётган беморларга тарқатилувчи бепул дорилар рўйхати тасдиқланди
Фото: AP Photo / John Locher
Ўзбекистонда коронавирусдан уйда даволанаётган беморларга бериладиган бепул дорилар тўпламига гидроксихлорохин ҳам киритилди. Аввалроқ ЖССТ ушбу дорини коронавирус беморларига тавсия этмаслигини эълон қилган, шундан сўнг препарат Ўзбекистондаги даволаш протоколидан чиқариб ташланган эди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб, уй шароитида даволанаётган беморларга тарқатиладиган дорилар тўплами қайта тасдиқланди. Бу ҳақда 30 июль куни АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари иштирокида ўтган брифингда маълум қилинди.

«Куни кеча Махсус комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унда уйда ва стационар шароитда даволанаётган беморларнинг даволаш протоколи кўриб чиқилди. Ва уйда даволанувчи беморлар учун бепул дори-дармонлар тўплами тасдиқланди.
Бу қутига гидроксихлорохин, азитромицин, D ва С витаминлари, рух (цинк) ва «Оксолин» мази киритилган
», – деди штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов.

Қайд этиш жоиз, савдо номи «Плаквенил» бўлган гидроксихлорохин препарати коронавирусга қарши бефойда экани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган, шундай бўлса-да Ўзбекистонда ушбу доридан фойдаланиш давом этиб келинаётгани жамоатчиликда эътирозларни уйғотмоқда.

Июн ойи бошида Оксфорд олимлари ушбу дори касалликни даволашда ёрдам беришини исботловчи далилларни топа олмаган, аксинча препарат ўлим хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида хулосага келган эди. Тадқиқот натижасига кўра, гидроксихлорохинни қабул қилган беморларнинг 25,7 фоизи 28 кун ичида вафот этган. Бу малҳамни қабул қилмаганлар орасида ўлим даражаси 23,5 фоизни ташкил этган.

Тўпламдаги дорилар ЖССТ кўрсатмалари асосида танланиши айтилган эди
Ўзбекистонда коронавирусни енгил шаклда кечириб, уйда даволанаётган беморлар бепул дори-дармонлар билан таъминланиши ҳақида июль ойи ўрталарида эълон қилинган, тўпламдан гидроксихлорохин ҳам жой олганди.

Кейинроқ маълум бўлдики, 17 июлда тўпламга киритилгани эълон қилинган гидроксихлорохин 13 июлда Ўзбекистондаги даволаш протоколидан чиқарилган.

«Бу дори-дармонлар жамланмаси ЖССТ кўрсатмаларига асосан танланиши керак», – деганди Республика махсус комиссияси аъзоси Феруза Ҳамробоева 17 июлдаги брифингда.

Аммо таъкидлаш жоиз, ЖССТ COVID-19 терапиясида гидроксихлорохиндан фойдаланишни май ойидаёқ тўхтатган, июль ойи бошида ушбу препарат ўлим даражасини камайтира олмаслигини тасдиқлаганди.

Шифокорга таҳдид
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорованинг сўзларига кўра, қатор ривожланган давлатлар ЖССТнинг юқоридаги баёнотидан аввалроқ гидроксихлорохинни қўллашни тўхтатган.

«Ўрганишлар натижасида олимлар бу дорининг нафақат самара бермаслигини, балки беморларда ўлим хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашди. Бу препаратлардан фойдаланиш Францияда тўхтатилди, Германия миллионлаб дориларни ишлаб чиқарувчиларга қайтариб берди, АҚШ олимлари ҳам бу дорига ўз эътирозини билдирди», – деди у 22 июль куни «Тез ёрдам» дастуридаги чиқишида.

Клара Ёдгорованинг фикрича, Республика махсус комиссияси бу дорини уйда даволанаётган беморларга тарқатилувчи тўпламдан чиқариш керак. У жонли эфирдаги мазкур баёнотидан сўнг кўп ўтмай таҳдидга учрагани, номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ундан «жим юриши»ни талаб қилгани маълум бўлди.

«Тез ёрдам» дастурининг ўша сонида бошловчи, Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжонов мамлакатдаги муайян шахслар «Плаквенил»ни даволаш протоколига қайтаришга уринаётгани айтган эди.

Қайд этиш жоиз, уйда даволанаётган беморларга тарқатиладиган тўпламдаги дориларнинг қанчаси хориждан олиб келингани, қанча нархга ва қанча миқдорда сотиб олингани номаълум.

ЖССТ расмийси: Коронавирусни даволашда гидроксихлорохиннинг самараси исботланмаган
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фавқулодда ҳолатлар дастури ижрочи директори Майкл Райаннинг тасдиқлашича, кичик тадқиқотларда гидроксихлорохинни қўллашда муайян ижобий самара кузатилган бўлса-да, бироқ ўтказилган йирик тадқиқотларнинг ҳеч бирида ушбу доридан ижобий натижа олинмаган.

У кеча, 29 июль куни ЖССТнинг «Савол-жавоб» дастуридаги чиқишида маълум қилдики, гидроксихлорохин коронавирусга чалинган беморлар ҳолатини яхшиламагани ҳақида илмий тасдиғини топган кўплаб тиббий исботлар бор.

Бу препаратнинг коронавирусга қарши самарасиз эканини АҚШнинг бош инфекционисти Энтони Фаучи ҳам тасдиқлаган. Шунингдек, АҚШнинг Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги гидроксихлорохиннинг коронавирусни даволашдаги хавфидан огоҳлантирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уйда даволанаётган беморларга тарқатилувчи бепул дорилар рўйхати тасдиқланди