18:46 / 09.08.2020
788

«ОАВ ва блогернинг ‘овозини ўчириш’га уриниш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди» — Комил Алламжонов

«ОАВ ва блогернинг ‘овозини ўчириш’га уриниш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди» — Комил Алламжонов
Комил Алламжонов.
Фото: Комил Алламжонов / Telegram

6 август куни бир қатор ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар Telegram’даги аккаунтларини бузишга уринишлар бўлганини маълум қилди. Қаллоблар маҳаллий уяли алоқа операторларининг сохта рақамларидан амалга оширилган қўнғироқлар орқали идентификация қилиш учун SMS-кодни қўлга киритишга уринган.

Масалан, «Дарё» журналисти Элдор Асановнинг сўзларига кўра, номаълум йигит унга +998-97-130-09-09 (Mobiuz оператори) рақамидан қўнғироқ қилиб, викторина ҳақида маълумот берган. Викторина ғолибларига қўнғироқлар учун дақиқалар, SMS ва интернет учун мегабайтлар ваъда қилиниши ҳақида айтган.

«Қаллоблик экани шу заҳотиёқ ақлимга келганига қарамай, ўйин ўйнашга қарор қилдим, охири нима бўлишини кўрай дедим. Коронавирус ҳақида жуда оддий саволлар бериб, мени ғолиб деб эълон қилишди. Сўнг ‘телефонингизга код юбордик, шуни бизга айтиб юборинғ, дейишди. Қарасам — Telegram’дан келган код. Яъни узоқдан туриб аккаунтимга киришга уринишяпти. Жуда содда, жўн йўлини танлашибди», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Элдор Асанов эҳтиёт чораси сифатида барча аккаунтларидан чиқиб кетган, қаллоблар унинг ҳисобига кириш учун пул ўғирлашини кутган.

«Аммо аккаунтимга кира олмаган қаллоблар қайта-қайта қўнғироқ қилаверишди. Кўтарганимда ‘бонус тушдими?’ деб сўрашди. ‘Йўқ’ деганимдан сўнг ‘қўнғироқ қиворамиз’, дейишди. Бир дақиқадан сўнг ҳисобимга 84 минг сўм тушди. Шундан уларнинг мақсади пул эмаслигини тушундим. Яна қўнғироқ қилиб, бу туширилган пул ёрдамида ‘бонусъни қандай активация қилишимни тушунтиришди. Сўнг қайта-қайта қўнғироқ қилавериб, узоқдан туриб Telegram-аккаунтимга қайта-қайта киришга уринавериб, код сўрайверишди. Балки таслим бўлишар деб бироз кутдим, ахийри бўлмади. ‘Кимсиз, аккаунтим нега керак?’ деб сўраганимни биламан, телефон ўчди», — деб ёзади у.

Журналист рақам бўйича қайта қўнғироқ қилиб, Mobiuz компаниясига уланган. У операторга уларнинг рақамлари орқали фирибгарлик қилишга уринганликларини тушунтирган. Унинг сўзларига кўра, оператор ўз рақамларига бошқа жойдан уланишнинг иложи йўқлигини айтган (ИП-манзил Нидерландияники эди) ва, агар шикоят бўлса, ички ишлар ходимларига мурожаат қилишни таклиф қилган.

ЎзА журналисти Анора Содиқова ҳам шунга ўхшаш ҳодиса ҳақида ёзди (унга қўнғироқ Ucell операторидан келган). «Наблюдения под чинарой» блоги муаллифи Ферузхон Ёқубхўжаев ва журналист Зафарбек Солижонов ҳам уларнинг аккаунтларига бузиб киришга уринишлар бўлгани ҳақида маълум қилди.

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ушбу вазиятни изоҳлаб, «ОАВ ва блогернинг ‘овозини ўчиришъга уриниш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди» дея таъкидлади. «Gazeta.uz» Алламжоновнинг баёноти матнини эълон қилди.

- "Куни-кеча кўплаб блогерларимиз ўзларининг Telegram-каналларида уларни аккаунтларини бузишга уриниш бўлганлиги ҳақида ёзди.Буни ким томонидан ва нима мақсадда қилинганини биз яхши билмаймиз. Лекин, нима бўлганда ҳам, оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг овозини ўчиришга уриниш — бу ҳеч қачон яхши натижа бермаган.

Мана, масалан, ўтган даврни олайлик. Йиллар давомида матбуот кучли босим остида бўлган. Матбуот кучли цензура остида бўлган ва журналистлар нафақат ўзининг фикрини баён қила олган, балки улар бир тузукроқ бир муаммони кўтариб ҳам чиқа олмаган. Оқибатда нима бўлди? Оқибатда фикрлар хилма-хиллиги бўлмади. Оқибатда жамият ривожанмади. Оқибатда, умуман, давлат бир қолоқ давлатлар қаторида тураверди ва хеч қандай бир натижага эришмадик. Чунки муаммони кўтариб чиқадиган инструмент ўчиқ эди.

Ҳозир, мана, Президентимиз бошчиликларида матбуотга кенг йўл очиб берилди. Матбуотнинг ҳақиқатан тўртинчи ҳокимият бўлиши учун мақсадлар ва вазифалар белгилаб берилди. Айнан шу жараёнда агар ҳозир матбуотнинг овози ўчирилса, агар шу жараёнда блогерлар ва журналистлар жуда кучли босим остида қолса, унда нима бўлиши мумкин?

Ҳозир мен сизлар билан ўзимнинг таҳлилий фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Келинг, энг аввало умуман информацион «поля»ни бир кўриб олсак. Мана бу, тасаввур қилинг, информацион майдон. Бу информацион майдон қирғоғининг бу томонида, мисол учун, чет элдан туриб фаолият юритаётган ОАВ ва блогерлар, журналистлар ёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва ҳоказо. Бу эса — Ўзбекистон ОАВлари. Бу ерда телевидение, радио, интернет, ижтимоий тармоқлар ва ҳоказо. Бу ер эса информацион майдон. Бу ердан фуқароларимиз маълумот олади ва айнан ушбу майдонга бу томон ҳам ва бу томон ҳам ўзининг у ёки бу муаммо, масалалар бўйича маълумотларни ташлайди.

Агар биз ҳозир Ўзбекистон томонида фаолият юритаётган телевидение журналистлари, радио, интернет, ижтимоий тармоқлар, журналист ва блогерларни сиқувга оладиган бўлсак, уларни бўғадиган бўладиган бўлсак, уларнинг фаоллиги секин-аста пасаяди.

Уларнинг кўпчилиги хусусий, рекламадан келадиган даромадга боғлиқ ОАВ. Ҳар бир ОАВ — у блогер бўладими ёки ОАВ — бари реклама ҳисобидан кун кўради. Улар бераётган мақолалар одамларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлмаса, улар ўз мақолалари ёки бераётган материалларида муаммоларни кўтариб чиқмаса, уларга бўлган қизиқиш камаяди ва ўз-ўзидан уларга реклама ҳам кам берилади. Шу билан улар аста-секин ёмон аҳволга тушиб қолиши мумкин.

Бу ҳам майли, лекин «Ўзбекистон бундан нима ютади?», дейдиган бўлсак, биз информацион майдондаги иммунитетимиз йўқотамиз. Информацион майдонни бизга дўст бўлмаган давлатларнинг ОАВлари бошқара бошлайди. Уларнинг мақсади бизга номаълум. Улар нима қилмоқчи? Халқимиз ўзимизнинг ОАВдан қизиқарли маълумот ололгач, хорижий ОАВга мурожаат қилади. Шундай қилиб бир томонлама фикр шакллана бошлайди.

Нима учун «ОАВнинг фикрини ўчириш ёки булар назоратда бўлиши керак?» деган фикр пайдо бўлади. Чунки булар бу ердаги одамлар орасидаги муаммоларни кўтариб чиқади. Бизда кўпроқ бир янглиш фикр бор: муаммони ҳал қилиш ўрнига унинг овозини ўчиришга ҳаракат қиламиз. Лекин муаммо барибир бор-ку.

Яна битта энг ёмон томони бор. Хўп, муаммо қолди, ОАВнинг овози пасайтирилди. Бошқа томондан чет эл ОАВининг овози баландроқ эшитила бошлади. Информацион майдонда овоз ягона бўлса, ўша ягона овоз баландроқ эшитилмайдими? Овозлар кўп, фикрлар хилма-хил бўлса яхши эмасми? Албатта, фикрлар хилма-хиллиги бўлганда, қайиқнинг чайқалиши ҳам камроқ.

Бу масаланинг иккинчи томони. ОАВ овози ёпилгани билан, нима деб уйлайсиз, журналист ёки блогер у ёки бу фаолиятини тўхтатадими? Блогер ёки журналист ким ўзи? Ватанпарвар, бефарқ бўлмаган, муаммолар олдидан бемалол ўтиб кетолмайдиган шахс, улар туғма шундай, бунақа шахслар туғилади. Демак, ОАВ овози ёпилгани билан, уларнинг ватанпарварлик ҳисси барибир қоладими? Ким кафолат бера олади, бу блогер ёки журналист аноним журналистлик фаолияти йўлга қўймайди деб? Бошимиздан ўтказдик-ку, кўрдик-ку! Масалан, 2016 йилда кўплаб блогерларимизнинг кимлигини билмасдик.

Олдинги давр билан ҳозирги даврнинг энг катта фарқи шундаки, ўтган даврда техника бу даражада ривожланмаган эди. Ҳозир ижтимоий тармоқлар — Facebook, Instagram, Telegram, Twitter ва ҳоказолар ҳаётимизга шу қадар кириб кетганки, қайсидир ресурсни ўчириб қўйиш билан мақсадга эришиб бўлмайди.

Энг асосий ечим жуда осон. Яна бир бор таъкидлаймизки, журналистлар билан эмас, муаммолар билан курашиш керак. Муаммо бор экан, журналист шу муаммо ҳақида гапиради, муаммо бўлмаганда журналист гапирмасди. Агар муаммо бўлиб, у ҳақда гапирилмаса, бу муаммо эртага тўпланиб-тўпланиб кучли ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Энди мен масаланинг жуда ҳам қизиқ томонига эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугунги техника асрида интернет бор экан, маълумотлар оқимини тўхтатишнинг иложи юқ. Биз матбуотимиз, блогеримиз ва журналистларимизнинг овозини ўчирсак, информацион майдонда овозлар камайиб, чет эл ташкилотлари, бизга дўст бўлмаган турли хорижий ОАВнинг овози устунлик қилади. Информацион суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз эҳтимоли жуда катта.

Лекин шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, чет эл ОАВи ёки чет эл ташкилотлари дегани — бари ёмон ташкилотлар дегани эмас. Дўст бор, душман бор.

Уларнинг орасида ғараз мақсадларда, турли сиёсий босим ўтказиш илинжида бўлган, турли сиёсий бир жараёнларни у ёки бу кўринишда кўрсатишга манфаатдор бўлганлари бор. Ўз ОАВимизнинг овозини қонун, техника, ҳар қандай йўл билан — у методларга алоҳида тўхтамайлик — пасайтиришга уринишимиз иммунитетимизнинг, республикамиз иммунитетининг пасайтиришга ҳам ўхшайдиган бир жараён, деб ҳисоблайман.

Бу билан нима демоқчиман? Матбуот эркин бўлиши керак, фикрлар хилма-хил бўлиши керак. Кўпинча муаммоларни жуда кўп бўрттириб ёзишяпти, яхши маълумотлар жуда кам бериляпти, дейишади. Тўғри, лекин бир нарсани инобатга олиш керак: матбуотнинг вазифаси муаммоларни кўтариш, халқ дардини олиб чиқиш, жамоатчилик номидан муаммони юқорига кўтарган ҳолда унинг ҳал қилинишига эришиш, бундан ташқари улар ҳукумат ва давлат идораларининг фаолияти устидан халқ нозирлари ҳамдир. Халқнинг, жамоатчилик назоратчилари.

Шундай экан, ҳар доим ҳам яхши ёки мақтоли материалларни беролмайди. Энг асосийси, журналист ва блогерлар учун холислик, этика деган масалалар жуда муҳим. Бу нарсаларда ҳам камчиликлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг овозни пасайтиришдан кўра, айнан шу жиҳатлар устида ишлаган маъқул. Чунки уларнинг овози пасайгани билан, муаммолар жойида қолаётган экан, бу муаммолар барибир у ёки бу юллар билан бош кўтараверади. Аноним йўл билан чиқиб келади, Telegram’да ҳозир мингта ҳар хил каналлар очилган — уларда пайдо бўлади.

Қандайдир информацияни яширишнинг иложи йўқ. Информацияни яширишнинг умуман имконияти йўқ.

Мана, масалан, бирор-бир ижтимоий тармоқ муаммога учради. Фойдаланувчилар Facebook’га мурожаат қиляпти. Шу мурожаат жараёнида муаммолар пайдо бўляпти. Ва ундан кейин нима бўляпти? Фойдаланувчилар Facebook’га умуман кирмай қўйяптими? Юқ. Унга киришнинг йўли бор албатта. Йўли — ВПН. Демак, Facebook фойдаланувчилари ВПНъга мурожаат қилади ва у орқали Facebook’ка киради.

Натижада нимага эришяпмиз? ВПН эгалари Facebook’дан ташқари яна бу ерда минглаб террористик мазмундаги, порнографик ёки қурол-яроғ сотадиган, экстремистик сайтларнинг ҳаммасига ҳам бемалол кира олишяпти. Бу эртага кибер-жиноят учун ҳам кенг йўл очиб бериши мумкин бўлган кераксиз восита ҳисобланади. Facebook’да шундай муаммолар бўлгандан кейин, барибир ҳам одамлар бу Facebook’ка киришни давом этаверади.

Келинг, умумлаштирган ҳолда фикримни айтсам. Блогерлар ва журналистарнинг овози пасайтирилса, демак Ўзбекистонинг иммунитети тушади, фикрлар хилма-хиллиги камаяди, информацион суверенитетимизга бу жуда ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ундан ташқари, улар аноним фаолиятга ўтиши мумкин. Ундан ташқари, улар бошқа ресурсларда, умуман кўринмаган ҳолда, фаолиятларини давом эттиришлари мумкин. Энг асосийси, шуни унутмаслик керакки, блогерлар, журналистлар барибир бефарқ инсонлар эмас. Уларга турли қонун йўли билан ёки бошқа йўллар билан минг тақиқ қўйинг, улар барибир ўз фаолиятини давом эттираверади.

Иккинчиси, ОАВ ёки ижтимоий тармоқларнинг турли техник носозликларга учраши — бу муаммонинг бошқа томони. Бу хавфсизлик тизимарини бутунлай бузиб юборувчи ВПН орқали Facebook’га ёки бошқа ижтимоий тармоқларга кириш мумкин бўлади, лекин зарарларини айтиб ўтдим.

Шу билан бирга Facebook’да хозирги пандемия шароитида жуда кўплаб шифорокларнинг маслаҳатлари бор, турли онлайн лойиҳалар бор. Уларнинг барига путур етади. Унда реклама майдончаси сифатида фойдаланадиган бизнес ташкилотларига путур етади. Энг асосийси, фуқароларни безовта қилаётган у ёки бу муаммолар ҳақидаги хабарлар табиий келиб турувчи оқим ёпилади.

Лекин муаммолар ҳақидаги хабарлар келиши ёпилгани билан, у муаммолар ҳал қилинмаса, улар барибир ўзининг акс-садосини беради. Шунинг учун ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар билан тўғри ишлашни ўрганишимиз керак — бу энг муҳими.

Тўғри ишлаш нима дегани? ОАВ, биринчидан, тўғри, холис бўлиши керак. Қонунларимиз жуда ҳам мукаммал — қонунлар ишлаши керак. Қонунларнинг пухта амалиётда қўлланилишига эришлиши керак ва, энг асосийси, очиқлик бўлиб, журналистлар кўтарган муаммоларга зудлик билан чора кўрилса, масала жуда ҳам оддий ҳал бўлади.

ОАВ, блогерлар, журналистлар фаолиятида ҳам камчиликлар етарли. Ҳис-ҳаяжонга берилиш, масалага бир томонлама ёндашиш ёки ёлғон, фейк маълумотлар бериш — бу ҳам энг асосий бошоғриқларидан бири. Лекин буларнинг ҳаммаси — ишласа ечса бўладиган масалалар.

Нима бўлди шу икки-уч йиллик жараёнда? Аҳолининг ахборот қабул қилиши, информацияга бўлган муносабати бутунлай ўзгарди. Ҳозирги Ўзбекистон фуқаролари бундан 3—4 йил олдинги ишонувчанлик даражасида эмас, уларнинг ўзлари ҳам бирор-бир саёз у ёки бу маълумотларга фикр билдирадиган даражага етди.

Айтмоқчиманки, аҳолининг ўзи ҳам жуда катта филтр вазифасини бажариб беряпти. Шундай экан, келинг журналист ва блогерларни душман деб билмасдан, улар билан ишлашни йўлга қўяйлик, уларга дўст бўлиб, камчиликлари бўлса, айтайлик. Лекин бир томони бор — дўстнинг аккаунти ҳеч қачон ‘взлом’ қилинмаслиги керак
", - дейди Комил Алламжонов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)