Ўзини ўзи операция қилган шифокор: жасоратли воқеа

Тиббиёт тарихида камдан-кам учрайдиган, аммо ҳайратланарли воқеалардан бири — ўзини ўзи операция қилган шифокор ҳақида эшитганмисиз? Бу воқеа 1961 йилда Антарктидадаги совет илмий станциясида содир бўлган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ўша пайтда ёш жарроҳ Леонид Рогозов экспедиция таркибида ишлаётган эди. У кутилмаганда ўзида аппендицит аломатларини сезади. Ҳолати кундан-кунга оғирлашиб, шошилинч операция зарурлиги аён бўлади. Бироқ кучли қор бўрони ва ноқулай об-ҳаво шароити сабаб ташқи ёрдам етиб келиши мутлақо имконсиз эди.
Шунда у жасоратли қарор қабул қилади — операцияни ўзига ўзи ўтказиш. Албатта, у буни ёлғиз бажармайди: икки нафар техник ёрдамчи асбобларни узатиб туради ва ойна тутиб, жараённи кузатишга кўмаклашади. Рогозов маҳаллий оғриқсизлантириш (анестезия) қўллаб, операцияни бошлайди.
Қарийб 1 соат 45 дақиқа давом этган мураккаб жараён давомида у бир неча бор ҳолсизланиб, қисқа танаффуслар қилишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, у операцияни муваффақиятли якунлайди ва ўз ҳаётини сақлаб қолади.
Энг қизиғи, операциядан сўнг у тез орада тикланиб, яна ўз ишига қайтган. Бу воқеа нафақат тиббиёт тарихида, балки инсон иродаси ва жасоратининг ёрқин намунаси сифатида ҳам эътироф этилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!