19:43 / 18.08.2020
3 291

Ўликдан ҳам пул қилинди... Бу шу қадар ғайритабиийми?

Ўликдан ҳам пул қилинди... Бу шу қадар ғайритабиийми?
Фото: РИА Новости
Бош прокуратура Тошкентда майитни ўликхонадан чиқариш эвазига 200 доллар талаб қилган эксперт ушлангани тўғрисида хабар берди. Жамоатчилик бир қалқиб тушди, «ўликдан ҳам пул қилиш мумкинми?» деган савол кўпчиликнинг ғазабини қўзғатди, гап яна азалий ва «қадрдон» мавзу – коррупцияга уланиб кетди.

Аслини олганда «ўликхона»ларда ишловчи патанатом, «медэксперт»ларнинг пора олиши кўпчилик ўйлаганидек янгилик эмас. Ўлимнинг аниқ сабабини ўзгартириб, шифокорлардан (яъни ҳамкасбларидан) нимадир ундириш, жиноят иши очилган ҳолатларда етказилган жароҳат турини «сал бошқачароқ» кўрсатиш орқали гумондордан, ва ниҳоят бугун эълон қилинган ҳолатдаги каби дафнга шошиб турган қариндошлардан...

Ғайритабиий эмас, дейилгани бу ҳаракатларни оқлаш, деб тушунилмасин. Порахўрлик, айниқса ўлим устидаги вазиятда нимадир таъма қилиш бир қарашда ақлга сиғмайди. Аммо ҳаммасининг таг замирида илдиз отиб кетган минг йиллик муаммо – коррупция ётади.

Хўш, «ўликхона»да ишловчи тиббиёт ходими пора олмаслиги мумкинми? Йигитлари жарроҳ, қизлари гинеколог бўлишни орзулаб ўқийдиган таълим тизимида мазкур соҳага муҳаббат уйғотиш бўйича муайян иш олиб бориладими? Умуман, эртаю-кеч мурдалар билан ишловчилар қанча маош олишлари керак?

Мана, мавзунинг асл моҳиятига ҳам етиб келдик. Тиббиётнинг бу йўналиши азалдан эътибордан четда қолган, маошлари ҳам умумий тизимдан айтарли фарқланмайди. Шифохоналарнинг бир четида, одамлар боришга қўрқадиган овлоқ ва бефайз ҳудудларида жойлашган ўликхоналардаги ходимлар ўз ҳаёти, бошқалар кўп ҳам ҳавас қилмайдиган фаолияти билан яшаб юрадилар. Ўша жойда, ғалати ҳидлар анқийдиган ҳудудларда овқатланадилар, дам оладилар. Айниқса, пандемия шароитида уларнинг ҳам иш ҳажми кескин кўпайди, хавф даражаси ошди.

Мана шундай вазиятда, минг афсуски, «ўликдан пул қилиш»ни бу қадар ғайритабиий деб бўлмайди. Чунки нафақат улар, балки бутун тиббиёт биз кўникиб кетган ва янгилик деб бўлмайдиган «олди-берди» тизимига аллақачон ўрганиб бўлган.

Мантиққа зид келувчи яна бир жиҳат – мурда билан боғлиқ қайсидир ишни битириш учун 200 доллар беришнинг ўзи бориб турган аҳмоқлик. Беморни даволаш, инсон ҳаёти учун курашаётган жарроҳга нимадир узатишда аниқ мантиқ бор. Аммо пул билан мурдага қандай ёрдам бериш мумкин? Ахир минг оғир бўлмасин, энди у жонсиз бир вужуд, бир-икки соат эртароқ ёки кечроқ олиб кетишдан бирор манфаат топмайди.

Вазият умумий тизимда – тиббиёт ходимлари беморлар қўлига қараб қолишган ва буни яшириш ойни этак билан ёпишдан ҳам баттар.

Уларнинг маошини дарҳол ва каррасига ошириш керак. Токи улар рўзғорини, болаларининг қорнини бугун қандай тўйдиришни ўйлаб ишламасинлар. Узоқ муддат ўқиб, оғир шароитларда ишлаб, энг минимал эҳтиёжлар учун ҳар кимга сарғаймасинлар.

Албатта, катта маош берилиши коррупция бир онда йўқолиб, ҳаммаси силлиқланиб кетишини англатмайди. Аммо айнан мана шу чора биринчи ва энг зарур қадам бўлади.

Аброр Зоҳидов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўликдан ҳам пул қилинди... Бу шу қадар ғайритабиийми?