17:12 / 21.08.2020
2 046

«Очиғи талабаларимизнинг оддий ишда ишлашини истамаймиз» – Амити университети директори

«Очиғи талабаларимизнинг оддий ишда ишлашини истамаймиз» – Амити университети директори
Бугун ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиш, келажакда инновацион тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки креатив ёндашувга эга кучли дастурчиликка талабгорлар сони кўп. Эндиликда бунинг учун хориждан ўқув даргоҳи излаб, умрни ота-она, оила ва ватандан йироқда ўтказишга ҳам ҳожат йўқ. Чунки дунё стандартларига жавоб берадиган, жаҳон тан олган олийгоҳлар ўзимизда ҳам пайдо бўлмоқда. Булар қаторида Тошкент шаҳридаги Амити университети ҳам бор.

«Xabar.uz» мухбири университет ҳақида, рейтинглар, стартаплар ва бошқа мавзуларда Амити университети бошқарув директори Бобур Абдуллаев билан суҳбатлашди.

– Амити университети ҳақида гапирганда кўз олдимизга Ҳиндистон давлати келади. Бу олийгоҳнинг Тошкент шаҳрига олиб келишидан қандай мақсадлар кўзланди ва унинг бошқа университетлардан фарқи нимада? Шунингдек, биринчи йили талаба йиғишда қийинчилик туғилмадими?
– Аввало, Тошкент шаҳридаги Амити университетига хуш келибсиз. Хабарингиз бор, мазкур олийгоҳ юртимизда 2019 йилдан ўз фаолиятини бошлади. Бунга асосий пойдевор бўлган масалалардан бири – бу Президентимизнинг 2018 йили Ҳиндистонга ташрифи ҳамда Тошкент шаҳрига ахборот технологиялари йўналиши бўйича ушбу университетни олиб келиш топшириғи бўлди. Сал ўтмай, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошида мазкур университет ташкил қилинди.

Етти йилдирки, Амити Ҳиндистондаги хусусий университетлар ичида биринчи ўринни эгаллаб келади. Ва ишонч билан айтишимиз мумкинки, ҳинд ўлкасидаги энг яхши университет Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади.

Амитини фақат Ҳиндистондаги олийгоҳ деб тушуниш ҳам нотўғри бўлади, чунки у глобал университет – дунё бўйлаб 17 та давлатда ўз ўрнини топган. Шунингдек, энг нуфузли, яъни АҚШ, Буюк Британиядаги махсус ташкилотлардан аккредитация олиб, дипломларини стандартлар асосида беради ва таълимда ҳам сифатга жиддий эътибор қаратади. Олийгоҳ Ўзбекистонга ахборот технологиялари йўналишини кўзлаб олиб келинган бўлса-да, ҳозирда университетда бизнес бошқаруви, туризм, иқтисодиёт бўйича ҳам таълим берилади. Бундан ташқари, биринчи йилданоқ иқтисодиёт ва ахборот технологияларидан магистрлик дастурлари ҳам йўлга қўйилган.

Энди Амити университетининг бошқа олийгоҳлардан фарқи – бунда, аввало, битирувчилар диплом Ҳиндистон томонидан тақдим этилади. Дунё тан олган ташкилотлардан аккредитациядан ўтган диплом кейинчалик исталган олийгоҳда ўқишни давом эттириш имкониятини яратади, бу дегани, эртага уларга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Шунингдек, аниқ бир йўналишлар бўйича керакли кадрларни ҳам тайёрлаб беришимиз мумкин, яъни дастурга ўзгартириш киритишга ҳақлимиз. Шу томонлама устунликларга эгамиз.

Умуман олганда, мамлакатимизда янги ташкил этилаётган университетлар жудаям кўп. Лекин Амитига биринчи ташкил этилган йилданоқ талабгорлар кўп бўлди, аниқ айтсам, 5734 та мурожаат келиб тушди. Шундан 500 га яқин талаба танлаб олинди. Демак, дунё томонидан тан олинган бу университет қанчалик мавқега эга экани ҳамда мутахассислар тайёрлашда сифатга жиддий эътибор беришини фойдаланувчилар аллақачон тушуниб етишган.

– Сизнингча, яқин йилларда юртимизда АКТ соҳасида қандай кўзга ташланадиган ўзгаришлар бўлди? Бунга университет қанчалик ҳисса қўшяпти?
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш масаласида жуда катта ишлар қилиняпти. Чунки бу кучли мутахассисларга боғлиқ бўлган касб. Қўшимча техника ёки хизматлар талаб этилмайди. Бу йўлда қўйилган энг катта қадамлар деб – «Бир миллионта дастурчи» лойиҳасининг йўлга қўйилиши, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги IT мактаб ва IT-Паркнинг очилиши, Амити университети ҳамда ҳудудларда Рақамли технологиялар ўқув марказларининг ташкил этилишини айта оламан.

Бизнинг университет ҳам ўтган йилдан бошлаб дунё талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашга жиддий киришди. Шунингдек, университетимиз индустрия, яъни кейинчалик корхоналар учун керак бўладиган йўналишларда кадрлар етказиб бериш имкониятини ҳам тақдим этяпти. Чунки ахборот технологиялари жуда тез ўзгарадиган соҳа, биз бунда тегишли корхоналар билан келишиб, улар учун керакли технологиялар, йўналишлар бўйича алоҳида дарслар ташкиллаштириб, мутахассислар тайёрлаб берамиз. Ҳозирда университет қошида «Industrial Culture» ташкил этилган бўлиб, бунда Жамоатчилик кенгаши, яъни Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган IT мутахассислар, корхоналар билан биргаликда нималарга эътибор бериш ва ўқитиш кераклигини ўрганиб, ўқув дастурларимизга ўзгартириш киритиб оламиз. Кейин шу асосида керакли мутахассисларни етказиб берамиз.

– Ҳозирги жараёнларда стартаплар биз учун қанчалик муҳим?
– IT бўйича бутун дунё, жумладан, Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ҳам эътибор қаратаётган нарса бу стартаплар. Яъни, янги йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масаласи. Амити университети ўз фаолиятини яқин бир йилдан бери давом эттираётганига қарамай, ҳозирда стартаплар бўйича энг илғор – IT-Парк билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Университетимиз кампусида айнан стартапларни қўллаб-қувватловчи алоҳида корхона ташкил этилади ва бу IT-Паркнинг бир қисми бўлади. Бунда бизнинг мутахассислар, талабалар томонидан амалга оширилган стартаплар кейинчалик корхона кўринишига келтирилиши учун қўллаб-қувватланади. Шунингдек, Ҳиндистоннинг ўзида, бутун дунёдаги Амити оиласида стартаплар учун алоҳида экотизим ташкил этилган бўлиб, у энг яхши лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш билан шуғулланади. Бу тизимга талабаларимиз томонидан ишлаб чиқилаётган стартап лойиҳалар ҳам киритилган.

– Навбатдаги саволимиз қабул – 2020 жараёнлари ҳақида. Хабаримиз бор, бу йил ўзига хос, ҳали ҳеч бир таълим даргоҳида қўлланилмаган янгича ёндашувдан фойдаланибсиз...
–2020-2021 ўқув йилги имтиҳонларда Ўзбекистонда биринчилардан сунъий интеллект имкониятидан фойдаландик. Айтганингиздек, бу ўзига хос ёндашув бўлиб, абитуриент юзини таниб олиш, атрофдаги фонда бошқа одамнинг пайдо бўлиши, қўшимча овоз қўшилиши ва ҳоказоларни тезкорлик билан аниқлаб, жараённи тўлиқ назоратга олади. Ҳаққонийлик ва холислик нуқтаи назаридан имтиҳонга Ўзбекистон томонидан мутахассислар жалб этилди. Имтиҳон давомида абитуриентларнинг хатти-ҳаракати махсус платформа орқали Ҳиндистон томонидан бириктирилган 56 нафар мутахассис (профессор)лар назоратида бўлди.

Ўзбекистондаги карантин чоралари сабаб бизда ҳам қабул жараёнлари онлайн тарзда амалга оширилди. Ҳужжатлар amity.uz веб-сайти орқали электрон тарзда топширилди.

Амити университетида олий таълимни 3 йилда тамомлаш имконияти ҳам мавжуд. Яъни, Ўзбекистон стандартидан келиб чиқиб, ўқиш иккинчи босқичдан бошланади, дейиш мумкин. Аслида дунё стандартида биринчи йил «Foundation» деб номланади. Бу умумий таълим берувчи йил бўлиб, йўналиш танланмайди. Бизда 11 йиллик таълим билан фақат «Foundation»га кирилади. Агар ўқувчи 12 йиллик, яъни коллеждаги 3 йиллик таълимни битирган ва IELTSда энг камида 6 балл олган бўлса, асосий курсимизга топшириши мумкин. Биринчи босқичдан ўқийдиганларга IELTS талаб қилинмаслиги сабаби, уларга бир йил давомида инглиз тили чуқурлаштириб ўтилади. Шунингдек, математика, физика ёки бошқа йўналишлар ҳам. Кейинги йилдан йўналиши танланиб, дастурчи бўладими, туризм ёки иқтисодиёт соҳасими, шунга қараб дарслари давом эттирилади.

2020-2021 ўқув йили учун ҳам 500 та квота белгиланди. Лекин бу Амити университети 500 та талабани олишга мажбур дегани эмас. Чунки абитуриент ҳеч бўлмаганда минимал талабларга жавоб бериши керак. Сифат жиҳатидан 200-300 талаба тўғри келса ҳам, ўқишни давом эттираверамиз.

– Бугун номдор университетлар ўртасидаги рақобатда четда қолиб кетмаслик учун таълим беришда ўзига хос ёндашувлар, тақдим этилувчи имтиёзлар бўлади, тўғрими?..
– Бизнинг университетда ўқув жараёнлари контракт, яъни шартнома асосида ташкил этилган. Аммо 2020 йил учун ҳам биринчи беш фоиз даражадаги ўқувчиларга 10 фоизли ва биринчи ўқув йилини тугатиш натижаси бўйича энг яхши балл олган 10 фоиз талабаларга 25 фоизли чегирма тақдим этилади.

Талабаларимизни айнан шу томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, ўзининг стартапи ёки бошқа лойиҳалари, яхши ўқиши, алоҳида ажралиб турувчи жиҳатлари бор ўқувчи (шу йўналишлар бўйича)лар бизга ҳужжат топширишса, лойиҳалари комиссия билан кўриб чиқилиб, тасдиқланса, 100 фоизлик чегирма, яъни тўлиқ грант бериш имконияти ҳам мавжуд. Булар келаётган йилларда тақдим этилувчи чегирмалардир. Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистондаги жуда кўп корхоналар билан музокаралар олиб боряпмиз, бунда улар талабаларга шартнома пулларини тўлаб бериши эвазига кейинчалик шу корхоналарда ишлаш танловини қўядилар. Очиғи, бу жараёнда талабаларимизнинг оддий корхоналарга бориб ишлашини истамаймиз. Энг яхшиларини танлашга ҳаракат қиламиз.

Университетимизнинг ўз олдига қўйган асосий мақсади – битирувчиларнинг келажакда ўз ўрнини топиб, борган жойида сифатли, яхши иш кўрсата олишларидир. Чунки бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам университетлар даражаси ўқув жараёнига қараб эмас, балки битирувчилар сифат кўрсаткичидан келиб чиқиб белгиланади. Ва Амити университети бунга жиддий эътибор қаратади.

– Гап сифат ҳақида борар экан, дарс бериш жараёнига кучли, тажрибали педагоглар, мутахассислар жалб этилиши аниқ, тўғрими? Амити университети бу танловда нималарни эътиборга олди?
– Университетимизнинг профессор ўқитувчилари 100 фоиз хорижлик. Ўзбекистон томонидан қўйилган талаблардан бири ҳам айнан Амити университетидан энг яхши, катта тажрибага эга ва сифатга жавоб берадиган ўқитувчиларни олиб келиш бўлган. Шунга риоя қилган ҳолда бугун университетимизда фақат ҳиндистонликлар дарс беряпти. Лекин янги ўқув йилидан АҚШ, Буюк Британия ва Австралиядан ҳам ўқитувчиларни жалб этишни режалаштиряпмиз. Насиб этса, каратин тадбирлари муваффақиятли якунланиб, ўқитувчиларнинг келиш имконияти пайдо бўлса, бу ниятимизга эришамиз ҳам. Чунки Амити учун энг муҳими – бу сифат.

– Пандемия сабаб онлайн таълимга ўтишга мажбур бўлдик. Агар бу жараён янги ўқув йилида ҳам давом этса, қийинчиликлар туғилмайдими?
– Ўзбекистонда онлайн таълим биринчилардан бўлиб айнан бизнинг университетда йўлга қўйилди. Пандемия бўйича Республика комиссиясининг карантин тадбирлари эълон қилиниши билан икки кун ўтар-ўтмас тўлиқ масофавий таълимга ўтдик. Хўш, бунга қандай қилиб тез эришдик? Юқорида Амити университети 17 та давлатда фаолиятини олиб боради, дегандик. Биз улардаги тайёр платформадан Ўзбекистонда ҳам фойдаландик. Бундан ташқари, дунёдаги таниқли брендлар платформасини ҳам қўлладик. Агар янги ўқув йилида ҳам карантин тадбирлари давом этади, университетга келиш имкони бўлмайди, дейилса, биз бунга тўлиқ тайёрмиз. Ҳар томонлама онлайн таълимни давом эттиришга ва талабалар учун узлуксиз дарслар ўтишга ҳозирлигимиз бор.

– Мавзудан бироз четга чиқсак... Ҳали ёшсиз, лекин халқаро университетга раҳбарсиз. Бу қандай амалга ошди?
– Очиғи, ўзим ҳақимда савол берилишини кутмагандим... Мен Тошкент шаҳрида таваллуд топганман. Ахборот технологиялари университети (ТАТУ)ни тамомлаганман. Амити университетида фаолиятимни бошлашимдан олдин Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи эдим. Ўша пайтда стратегик лойиҳалардан бири сифатида Ўзбекистонда Амити университети фаолиятини ташкил этиш вазифаси менинг зиммамга тушганди. Шу тариқа Ҳиндистон билан бўладиган музокаралар ва бошқа жараёнларда қатнашдим. Ўйлайманки, бу борада кўпроқ маълумотга эгалигим ва мутахассислигим тўғри келгани учун университет раҳбарлигига тайинландим.

Мендан кўпчилик «Ҳали ёш экансиз, университетга раҳбарлик қилишга қийналмаяпсизми» деб сўрашади. Мундоқ олиб қараса, ахборот технологияларининг ўзи ҳам ёш соҳа. Бу йўналишдаги барча янги ишлар, ғоялар, янгиликлар, ўзига хос ёндашувлар ёшлар томонидан амалга оширилади. Демак, менга юклатилган ишончни айнан шу йўналишдаги билимим ва олган тажрибам орқали кўрсатиб бера оламан ва бунга тайёрман. Бу соҳада 12-13 йиллик тажрибам бор. Шуларни ҳаётга татбиқ этиб, айни кучга тўлган палламизда қўлдан келганича соҳа ривожига ҳисса қўшишдан чарчамайман.

Болалигимда синфдошларим, тенгдошларим мени, кўча тили билан айтганда, ботаникроқ дейишарди. Нимагадир математика, геометрия, тригонометрия, яъни аниқ фанларни яхши ўзлаштирардим. Назаримда, шу жиҳатим билан бошқалардан ажралиб турганман. Буни пайқаган устозларим мана шу йўналишда ўқишимни тавсия қилишган. Лекин улғайган сари ахборот технологиялари соҳасига қизиқишим ортиб борди. Компьютерлар нимада ишлайди, қандай ишлайди, дастурлар қаёқдан пайдо бўлади, деган саволлар хаёлимдан кетмайдиган бўлиб қолди. Очиғи, бу йўналишда кетиш мен учун унчалик қийин кечмади. Бошида айнан дастурлар ишлаб чиқиш билан шуғулланган бўлсам, кейинчалик бошқарувга ўтиб кетдим. Лекин бу дастурчилик бўйича билганларим эсимдан чиқиб кетди, дегани эмас. Чунки қизиқиш бўлса, у ҳаётнинг охиригача давом этаркан.

Бугунги ёшлар техника-технология борасида анча билимли. Кейинчалик ўз соҳаси мутахассиси бўлиб етишганда, улар билан ишлашни жуда-жуда хоҳлардим. Чунки уларда билим олиш, маълумот топиш имкониятлари ниҳоятда юқори. Фақат бундан керакли ўринда фойдалана билиш керак. Бу ёғига интеллектуал билимга, мутахассисликларга эҳтиёж ортиб бораверади. Сиёсий урғу берганда, тўртинчи индустриал инқилоб, яъни айнан IT йўналиши индустриал инқилоби сари кетилади. Ўзи IT соҳаси мутахассисининг илм олишдан тўхтаб қолишга ҳаққи йўқ. Фақат ва фақат изланиши, ўрганиши, илм олиши шарт. Қисқа муддатли танаффус ҳам (3-4 ой тўхтаб қолиш) қайта тикланишда қийинчилик туғдиради. Шунинг учун бу соҳани танламоқчи бўлганларга тавсиям, доимий илм олиш, ўрганишдан тўхтаманг. Бунинг натижаси ва меваси сифатида ҳаётда ўз ўрнини топиш, яхши кўрган иши билан шуғулланиш ҳамда юқори даромад кафолатланади. Чунки бу ёғига ушбу соҳа ривожини тўхтатиб бўлмайди. У юқориласа юқорилайдики, лекин ортга қайтмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Очиғи талабаларимизнинг оддий ишда ишлашини истамаймиз» – Амити университети директори