11:55 / 12.05.2021
2 006

Зиёлилар Ўзбекистондаги коррупция иллати ҳақида


Ҳар қандай соғлом жамият бошқарувида муаммолар ечимига зиёлилар, уламолардан фикр олинади, ислоҳотлар уларнинг иштироки, маслаҳати билан қилинади.

Хўш, коррупция илдиз отиб кетган бугунги ўзбек жамияти ҳақида зиёлилар нима дейди? Нега жамиятимиз бу иллатдан қутула олмаяпти? Амалдаги ҳукумат коррупцияни имкон қадар камайтириш учун қандай шошилинч чораларни кўриши керак?

Қуйида ёзувчи Улуғбек Ҳамдам, Одилхон қори ва социолог Мансур Бекмуродовнинг фикрлари билан танишишингиз мумкин.

«Битта-иккита «майда балиқ»ларни тутиб жар солиш билан асл коррупция илдизларига болта уриш – бошқа-бошқа нарсалар» — Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

— Коррупция – жамият оёғига урилган тушов. У билан узоқ ва бемалол юриб бўлмайди. Ҳамма жамиятлар, ҳамма замонларга тегишли бу гап. Лекин минг афсуски, кейинги йилларда ўзбек жамиятини порахўрлик иллати мўри малахдек босди: ҳар тешикдан унинг қуртлари чиқиб келмоқда. Жамият ўпкаси бундай қуртлар билан нафас ололмай қолди – билиб турибмиз.
Бунинг сабабини кўрсатиш унчалик қийин эмас: жамиятда яратилган носоғлом муҳитдир сабаби!

Бунга таълим-тарбиянинг нуқсонларидан тортиб, то порахўрликнинг жазосиз қолаётганига, яъни суд тизимининг камчиликларига қадар киради.

Аввало, умумий таълим-тарбия масаласига тўхталсак. Биз ёш авлодни қандай тарбия қиляпмиз, ўқитяпмиз? «Инсон бахтли бўлиши керак», деяпмиз ва бахтнинг калитини, албатта, зар (моддий бойлик) ва зўр (ҳокимият)да дея кўрсатяпмиз. Бу – тўғри эмас. Материализмга, матоҳизмга сиғинадиган қавм пайдо қилдик ва қиляпмиз...

Умуман, дунё сиёсатидаги бу қусурни тузатиш шарт! Нафақат бизнинг жамият, балки бутун дунё жамиятлари бу ҳақда ўйлаб кўриши керак энди. Инсоннинг инсондек яшаб ўтиши учун муайян моддий-маънавий даража кифоя қилишини инсонга ёшлигидан уқтирмоқ керак. Шунда у юзидаги инсонлик пардасини шилиб ташлаб бой бўлишга интилмайди, мансабга ўтириш учун отасини сотишга тайёр кун кечирмайди. Бир коса овқат-у икки учта кийим, битта бошпана билан ҳам бахтли бўлишини билган инсоннинг коррупцияга эҳтиёжи қолмайди.

Бу – масаланинг таълим-тарбия билан боғлиқ жиҳати. Айни шу ўринда адабиёт, санъат, фалсафа каби ижтимоий соҳалар инсон қалби тарбиясида муҳим рол ўйнайди. Буни асло ёддан чиқармаслик керак.

Энди масаланинг кейинги жиҳатига келсак, жамиятда порахўрлар дарров топилиб жазо оляптими? Йўқ ёки йўқ даражада. Хўжакўрсинга битта-иккита «майда балиқ»ларни тутиб жар солиш билан асл коррупция илдизларига болта уриш – бошқа-бошқа нарсалардир.

Агар прокуратура, суд тизимлари мустақил равишда ўз ишини сидқидилдан бажарганда эди, Ўзбекистонда коррупция бу даражада илдиз отиб кетмасди. Тамом-вассалом! Бунинг бошқа сирли томонлари йўқ: ҳаммаси оддий ва тушунарли.
Демак, аввало таълим-тарбияни тўғри йўлга қўйиш керак. Бу – бир. Иккинчидан – порахўрни, ким бўлишидан қатъий назар, тутиб жазолаш керак. Бу – икки. Шуни қилинг, жамият, бир неча йилда ўзига келиб қолади. Шугинани қилмасак, шугинага ярамасак, коррупция ҳақида гап сотишдан фойда йўқ.

«Биз коррупция иллатидан бус-бутун қутулмоқчи бўлсак, диний билимларни фарзандларимиз онгига сингдиришимиз керак» — Одилхон қори Юнусхон ўғли

— Аслида бизда касаллик, унинг зарари, бемори аниқ, ҳатто бу касалликнинг дорисини ҳам биламиз. Фақат бу дори, касалликнинг олдини олувчи қоидаларга тилимиз, дилимиз, иймонимиз билан амал қилсак бўлгани.

Биз диний соҳа вакили ўлароқ, ечимни аввало муқаддас динимиздан излаймиз. Чунки динимиз Аллоҳ томонидан қиёматга қадар инсоният ҳаётини, бу ҳаётда навбат билан келадиган баҳор, ёз, куз ва қишни, муаммолар ва тугунларнинг барчасини ҳал қилиб бўлган. Шифо, муолажаларини кўрсатиб бўлган.

Қуръони каримнинг «Юсуф» суръаси 11 оятида Аллоҳ: «Бу Қуръон тўқима гап эмас. Ўзидан аввал келган китобнинг тасдиғи ва барча нарсанинг тафсилоти. Ҳидоят ва иймон келтирганлар учун раматдир», – дейди.

Бу ваъда олим, академик, файласуф ёки бирор ҳикматли инсоннинг гапи эмас. Бу ваъда – барчамизни яратган ва ўша муаммоларимизнинг бўлишини билган Аллоҳнинг ваъдасидир. Демак, биз ҳар қандай муаммомизни энг аввало Аллоҳнинг таълимотидан қидиришимиз керак.

Мана шу ҳолатда бизнинг хатоларимиз ойдинлашади. Биз хатоларга ечимларни бошқа жойдан ахтарамиз. «Банда дедим панд едим, Аллоҳ дедим қанд едим», дея бежизга айтишмаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муқаддас ҳадислари бор. Уламолар, олимлар, ҳикматли инсонлар бу ҳадисни мусибат бўлган, жаноза бўлган хонадонларда, вазима эҳсонларда, дийдорлашувларда кўп айтишади.

Пайғамбаримиз (с.а.в): «Лаззатларни кесувчи, бузувчи, синдирувчи, йўқ қилувчи нарсани, яъни ўлимни кўп эсланглар», деган.
Хўш, бу ҳадиснинг коррупция иллати билан қандай боғлиқлиги бор?

Минг афсуски, қонунларимиз коррупцияни буткул йўқотишда фойда бермаяпти. Қанча ташкилот ва жамоатлар тузяпмиз. Лекин қани фойда бергани? Қайтанга ўша ташкилотлардаги энг ишончли дейилган айрим ходимларнинг ўзи шу иллат билан касалланяпти. Ташвиқот, тарғиботлар фойдасиз қоляпти.

Бунинг сабабики, инсон Аллоҳдан узоқлашган сари, ким бўлишидан қатъи назар, орзу ҳавасга ружу қўяди ва бировнинг ҳақидан қўрқмаслик иллатини юқтиради. «Фалончи ректор қўлга тушибди, фалончи ўқитувчи ушланибди, фалончи ташкилот ходими пора олибди», деган гапларни кунора эшитаётганимиз сабаби шундан. Бу ҳатто оддий хабарга айланди жамиятимизда.

Пора олаётганлар ва бераётганлар кўп нарсани ўрганишгандир, лекин Аллоҳни, уни борлигини, бизни доим кўриб, билиб, ишларимизнинг шоҳиди бўлиб турганини унутганлардир. Охиратни эслашни унутганлардир. Диний таълимотни ўзлаштиришни четга суриб қўйганлардир. Нафақат четга сурганлар, балки диний таълимга қарши бўлаётганлардир.

Бизда кўп йиллар «уни 18 ёшдан кейин ўрганишади», дея келажак авлодни диний саводдан бебаҳра қилишди ва бу ҳаракатлар ҳамон бор. Бу ҳақиқат, буни тан олишимиз керак. Аллоҳ ҳаммасини кўриб турибди. Ҳадисда «Ўлимни кўп эсланглар», дейилиши ҳам шундан. Кимки, Аллоҳни, ўлимни эслашни тарк қилибдими, унинг гуноҳ қилиши ҳам муқаррардир.

Ҳар бир киши эртами-кечми ўлим топишини, эртага Аллоҳнинг қабулида, унинг савол-жавобида бўлишини унутдими, гуноҳ ишларга, бировнинг ҳақини ейишни, бировнинг «эни», бировнинг «бўйи»дан уришни бошлайди. Бечорами, ғарибми фарқи йўқ, зулмга берилади.

Биз коррупция иллатидан бус-бутун қутулмоқчи бўлсак, диний таълимни, диний билимларни фарзандларимиз онгига қуйишимиз керак. Фарзандларимиз, ўғил-қизларимизни бу маърифат боғи сувларидан қондиришимиз керак. Мутахассислар бировнинг ҳақини ейиш қандай оғир гуноҳлигини ўқувчиларга бола тилида етказиши, бу борада қулай дарсликлар яратилиши керак.

Бухорий, Термизий, Навоийнинг муҳтарама, мастура оналари уларни қандай пок қилиб тарбиялагани, ҳаромдан қўрқишга ўргатганини бугунги болажонларимизга тушунтиришимиз керак. Болаларга ўргатайлик, тўғри йўл қайси, нотўғри йўл қайси, ҳалол қайси, ҳаром қайсилигини.

Агар шулар бўлмаса, коррупцияга қарши қонунлар ёзиш, ташкилотлар тузиш ва минг хил жазолар ишлаб чиқишнинг фойдаси йўқ. Инша Аллоҳ, агар шундай бўлса, президентимиз жон куйдираётганидек, жамиятда адолат ўрнатилади.

«Ўзбекона оила тарбиясидаги қусурлар ҳам жиддий аҳамиятга эга» — Мансур Бекмуродов, социология фанлари доктори, профессор

— Ўйлашимча, бугунги ўзбек жамиятидаги коррупция ҳолатининг уч илдизи мавжуд. Бу илдизлар қуритилса, жамиятимиз ҳалол ҳаёт кечиришга ўтади.

Биринчи илдиз – собиқ совет даврида, давлат идораларининг аксарият ходимлари «давлатдан юлишни», жамоа мулкини ўғирлашни ялпи ҳаракатга айлантириб олган эдилар. Заводларнинг ишчилари ўзлари ишлаб турган корхонада нима ишлаб чиқарилса, ишхонасидан уйига ташир эдилар. Приписка, таниш-билишчилик ялпи тус олган эди. Порахўрлик эса оддий ҳолат бўлиб қолган эди. Бу ҳолат деярли 70 йил давом этди. Ундан олдинроқ эса, яъни Чор Россияси даврида мингбошилардан тортиб юзбошилик лавозимларига ўтиш ҳам пора орқали бўлган. Демак, бу илдизнинг умри деярли 130 йил бўлган.

Иккинчи илдиз – кейинги 25 йил. Мустақилликка эришилгандан сўнг ҳам коррупцияга қарши курашиш тизимли эмасди. Давлат ва жамият бошқарувида вертикал таъсир кучайтирилган, горизонтал бошқарув эса йўлга қўйилмаган эди. Одамлар қўрқув остида ушлаб келинди. Қўрқув остидаги фуқаролар эса давлат идоралари ишини назорат қила олмади.

Учинчи илдиз – коррупцияга қарши курашишда ошкоралик, очиқлик муҳити йўқлиги. Шунингдек, ўзбекона оила тарбиясидаги қусурлар ҳам жиддий аҳамиятга эга.

Оилада тўғрилик тарбиясини бола тилга кириши билан бошлаш ўрнига ҳаётга энди кириб келаётган болага вазиятга қараб иш тутиш тарбияси, яъни («Бегона сўраса, мени уйда йўқ деб айт», «Пулинг борлигини ҳеч кимга айтма», «Бу ишларни онанг билмасин», «Агар бу ишни қилсанг, даданг келса айтиб бермайман») қабилидаги ёндашув билан ёлғончилик тарбиясини берамиз.

Давлат ва жамиятда бу иллатга қарши самарали курашиш учун қуйидаги ишларни ҳам қилиш зарур.
  • Давлат идоралари ходимлари ва раҳбарлар учун муаммоларнинг ечимига нохолис ёндашувдан кўра, холис ёндашувнинг афзалликларини англатиш. Бундай ёндашувни, яъни тўғри яшаш ва ишлашни онгли равишда истамайдиганларни эгаллаб турган лавозимидан четлатиш.
  • Корхоналар ихтиёридаги махсус маблағларни тақсимлаш ишларини эски қоидалар асосида эмас, балки жамоат кенгашлари қарори билан ходимларга бериш, ностандарт рағбатлантириш тартибини жорий этиш керак.
  • Ҳар бир раҳбар учун маслаҳат олиб қарор қилиш, буйруқлар чиқариш олдидан фикр-алмашув тизимини жорий этиш зарур.
  • Нохолис, ёлғончи, порахўр иймондан чиққан одам эканини ҳар куни ижтимоий тармоқлар ва телевидение кўрсатувлари орқали бериб бориш лозим.
  • Давлат бошқарув органлари сонини оптималлаштириш, фаолиятни такрорлаш ҳолатларига барҳам бериш, бир ишни бир неча ташкилот томонидан бажарилишига йўл қўймаслик лозим.
  • Суд-ҳуқуқ тизимида лавозимларга тайинлашда даъвогарнинг касбий маҳорат, ҳалоллик, фидойилик фазилатлари билан бирга жамоатчилик фикри асосида қарор қабул қилиш амалиётини кенг йўлга қўйиш зарур. Порахўрликка қарши самарали курашишда Сингапур тажрибасидан кенг фойдаланиш зарур.
Илёс Сафаров тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зиёлилар Ўзбекистондаги коррупция иллати ҳақида