Қозоғистонда порачилар учун “шармандалар рўйхати” жорий этилмоқда

Қозоғистонда иқтисодий жиноятларга алоқадор шахслар ва компаниялар учун махсус очиқ реестр ташкил этилади. Янги тартибга кўра, қонунбузарликка алоқадорлар ҳақидаги маълумотлар омма учун очиқ рўйхатга киритилади. Бу ҳақда “Tengrinews” маълум қилди.
Мазкур тизим жорий йилнинг 18 майидан кучга киради. Унга уч тоифадаги шахслар киритилади: суд ҳукми билан айбдор деб топилган жисмоний шахслар, иқтисодий жиноятларда иштирок этган ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, жиноятларда фойдаланилган юридик шахслар.
Реестр иқтисодий тергов хизмати расмий сайтида эълон қилинади. Унда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, жиноят моддаси ва ишни кўриб чиққан орган ҳақида ахборот жойлаштирилади. Компаниялар учун эса ташкилот номи ва идентификация рақами кўрсатилади.
Шунингдек, рўйхат мунтазам равишда янгиланиб боради. Судланганлик бекор қилинганда, муддати тугаганда ёки шахс вафот этганда, шунингдек, компания тугатилганда, улар реестрдан чиқарилади.
Янги тизим коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашни кучайтириш, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!