Фарғонада маст эркак сабаб поезд тўхтатилди

Фото: Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти маълумотига кўра, жорий йилнинг 10 май куни Фарғона вилояти ҳудудида ноодатий ҳолат юз берди. Темир йўл изига чиқиб олган маст фуқаро сабаб йўловчи поезд шошилинч равишда тўхтатилган.
Қайд этилишича, соат 08:35 атрофида 729-сонли “Андижон–Тошкент” йўналишидаги йўловчи поезд Ўзбекистон темир йўлларининг “Қўқон–Бувайда” бекатлари оралиғидаги 7-километрда тўхташга мажбур бўлган. Сабаби эса темир йўл излари устида маст ҳолатда ҳаракатланиб юрган фуқаро бўлган.
Маълумотларга кўра, 1983 йилда туғилган З.А. поезд йўналишига чиқиб олган ва хавфли вазият юзага келган. Локомотив машинисти эҳтимолий тўқнашувнинг олдини олиш мақсадида фавқулодда тормоз босишга мажбур бўлган.
Яхшиямки, воқеа оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Поезд қисқа танаффусдан сўнг, соат 08:45 да ўз йўналиши бўйича ҳаракатини давом эттирган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар темир йўл ҳудудларида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!