date

Бухоролик аёл биргина қўнғироқ ортидан 1 миллиард пулидан айрилди

Бухоролик аёл биргина қўнғироқ ортидан 1 миллиард пулидан айрилди

Бухоро шаҳрида йирик ташкилотлардан бирида ҳисобчи сифатида фаолият юритувчи аёл атиги битта телефон қўнғироғи ортидан 1 миллиард сўмдан зиёд маблағидан маҳрум бўлди. Бу ҳақида 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат 2025 йилнинг 1 декабрь санасида юз берган. Шу куни жабрланувчига Telegram орқали ўзини Ўзбекистон Марказий банки масъул ходими сифатида таништирган номаълум шахслар қўнғироқ қилган. Улар аёл номидаги тижорат банкларида сақланаётган омонат маблағлари банк ходимлари томонидан талон-торож қилинаётганини айтиб, пулларни “хавфсиз” ҳисобланган бошқа пластик карталарга зудлик билан ўтказиш кераклигига ишонтирган.

Маблағларини йўқотишдан хавотирга тушган аёл турли тўлов иловалари орқали тўртта банкда сақланаётган жами 1 миллиард 9 миллион сўм омонат пулини фирибгарлар айтган карталарга ўтказиб юборган. Бир неча кундан кейин эса алданганини англаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Шундан сўнг Бухоро вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилиб, Тошкент шаҳридаги операция давомида пулларни нақдлаштириш ва жиноий гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланган икки асосий гумонланувчи ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарликнинг 4-қисми “а” банди асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, ўзлаштирилган барча пластик карталарга махсус тизим орқали чекловлар қўйилган.

Тергов маълумотларига кўра, жиноятчилар пулларни изсиз йўқотиш учун мураккаб ва кўп босқичли схемадан фойдаланган.

Ўғирланган 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ беш нафар фуқаро номига очилган дроп-карталар орқали тарқатилган. Хусусан, маблағнинг 325 миллион сўми пойтахтлик йигитнинг картасига тушган. У ўз номига икки дона банк картаси очиб, уларни 1 миллион сўм эвазига бошқа шахсга сотган. Воситачи эса карталарни 2 миллион сўмга жиноий гуруҳнинг асосий иштирокчиларидан бири — асли хоразмлик бўлган шахсга берган. Кейинчалик ушбу маблағ икки нафар шерик орқали банкоматлардан нақдлаштириб олинган.

Яна 274 миллион сўм Хоразм вилоятида яшовчи бошқа бир фуқаронинг картасига ўтказилган. У ўз номидаги олтита банк картасини танишига 1 миллион сўмга сотган. Кейин эса бу маблағлар Тошкент шаҳридаги турли банкоматлар орқали ечиб олинган.

Шунингдек, 238 миллион сўм пойтахтда таҳсил олаётган талабанинг икки картасига келиб тушган. Талаба мазкур карталарни икки нафар ўсмирга, жумладан вояга етмаган мактаб ўқувчисига 600 минг сўмга сотган. Кейинчалик ушбу карталар ижтимоий тармоқ орқали номаълум шахсларга пулланган ва маблағлар криптовалютага айирбошланган.

Тўртинчи ҳолатда эса 72 миллион сўм Андижон вилоятида яшовчи вояга етмаган йигитнинг виртуал картасига келиб тушган ва у ердан бошқа ҳисобларга тарқатиб юборилган. Маълум бўлишича, у виртуал картасини танишига 100 минг сўмга сотган. Маблағнинг бир қисми Қўқон шаҳридаги банкоматлар орқали нақдлаштирилган.

Қолган 100 миллион сўм эса Тошкент вилоятида яшовчи шахснинг картасига, кейин эса сирдарёлик йигит номидаги картага ўтказилган. У ҳам ўз карталарини воситачиларга 1 миллион сўм эвазига сотиб юборган. Бундан ташқари, жиноят изларини яшириш мақсадида маблағларнинг бир қисми Наманган вилояти, Жиззах вилояти ҳамда Андижон вилоятидаги фуқаролар карталарига ҳам тарқатилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари ва рақамли изларни синчиклаб таҳлил қилиш натижасида Тошкентда қўлга олинган икки гумонланувчининг қимматбаҳо автомашиналари кўздан кечирилган. У ердан ашёвий далил сифатида турли русумдаги мобил телефонлар, SIM-карталар, ўнлаб банк пластик карталари ҳамда 100 миллион сўмдан ортиқ нақд пул олинган. Гумонланувчилар воқеа жойидаёқ қамоққа олинган.

Энг муҳими, жабрланувчи аёлнинг ўғирланган жами 1 миллиард 9 миллион сўм маблағи тўлиқ қайтарилгани маълум қилинди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Бухоролик аёл биргина қўнғироқ ортидан 1 миллиард пулидан айрилди