Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида 2021 йил 25 августда бўлган очиқ суд мажлисида совет даврида олтита жиноят иши бўйича қатағон қилинган 115 нафар шахс Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқланди. Бу оқлов 30 йил кечикиб бўлса ҳам амалга ошди. Реабилитация қилинганларнинг асосий қисмини Туркистоннинг йирик уламоси ва жадид тараққийпарвари Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўраев ва бошқалар (92 нафар шахс), машҳур қўрбоши Иброҳимбек Чақабоев ва унинг сафдошлари (16 нафар шахс) ташкил қилади. Қуйидаги мақолада миллий озодлик учун қаҳрамонона кураш олиб борган сиймолардан бири — Иброҳимбек тўғрисида сўз боради.
Иброҳимбек Лақай ким?
Иброҳимбек, Иброҳимбек Лақай, Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғли, Иброҳимбек Чақабоев (1889—1932) — собиқ Бухоро амирлиги ҳудудидаги энг машҳур қўрбоши. Қизил армияга қарши курашган истиқлолчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси. Шарқий Бухоро (ҳозирги Сурхондарё вилояти ва марказий Тожикистон) ва Ўрта Бухоро (ҳозирги Қашқадарё ҳудуди)даги истиқлолчилар қўшинининг олий бош қўмондони (1921—1926).
Иброҳимбек 1889 йили Бухоро амирлиги ҳудудидаги Ҳисор беклигида (ҳозирги Душанбе яқинидаги Кўктош қишлоғида) ўзбек лақайлари уруғининг тўрт бўғинидан бири — эсонхўжа шохобчасига мансуб амир амалдори Чақабой тўқсабо хонадонида туғилди. Кўктошда Чақабой тўқсабонинг катта ер-мулки бор эди. Асосан ўзбекларнинг лақай уруғи яшаган бу ҳудуд тарихий манбаларда Лоқай ёки Лақай деб келтирилади.
Иброҳимбекнинг отаси Чақабой қишлоқ оқсоқоли, Кўктош лақайларининг уруғ бошлиғи эди. Унга Бухоро амири томонидан 1870 йили миросхўр ва 1894 йили тўқсабо унвонлари берилган. У 1912 йилда вафот этади. Иброҳимбек ўз қишлоғидаги масжидга қарашли маҳаллий мактабда ва Ҳисордаги мадрасада сабоқ олади. Кейин амирликнинг Ҳисор беклигида хизмат қилган. Ёшлигидан жасур ва қўрқмас жангчи, қўл остидаги сарбозларга ғамхўрлик қилувчи моҳир қўмондон бўлиб етишган.
Иброҳимбек 1919 йилда Ҳисор беги ҳузурида қилган хизматлари эвазига қоровулбеги даражасига, кейинчалик Бухоро амири Саид Олимхон томонидан девонбеги, тўпчибоши, лашкарбоши лавозимига кўтарилган. Иброҳимбекнинг уруғ оқсоқолларидан бири Абдуқаюм Парвоначининг қизига уйлангани кейинчалик унинг ҳаёти ва жамиятдаги мавқеига катта таъсир кўрсатди. Бу қизнинг исми Бибихадича бўлиб, Иброҳимбек ундан Ғуломҳайдар исмли ўғил кўрган.
Шарқий Бухорода озодлик жанглари
Иброҳимбек отаси вафотидан сўнг 10 йилга яқин ўз қишлоғи ва ўз уруғидан алоҳида яшаган. Амир Саид Олимхон 1920 йил 2 сентябрда тожу тахтдан маҳрум бўлиб, Душанбега келган пайтда Иброҳимбек ҳам Кўктошга қайтиб келиб, унча катта бўлмаган хўжалик ишлари билан банд бўлган. Амир ўзининг яқинлари билан 1921 йил баҳорида Афғонистонга ўтиб кетаётган пайтда ушбу ҳудудларга ҳам қизил армия қисмлари ва Усмон Хўжа бошчилигида инқилоб тарафдорлари бўлган Бухоро жадидларининг сўл қаноти вакиллари яқинлашгани сари вазият мураккаблаша бошлайди. Жумладан, Иброҳимбекнинг ватани — Кўктош ҳам нотинч бўлиб, аҳоли нисбатан тинчроқ тоғли қишлоқларга кета бошлайди. Иброҳимбек ҳам аҳолининг муайян қисми билан Балжувон беклиги ҳудудидаги лақайлар яшайдиган қишлоқлардан бирига кетади. У ерда ҳам уруш бошланиб, юртни бошбошдоқлик, тартибсизлик ва ваҳима қамраб олади.
Бу орада Бухоро амирининг ишончли вакили Эшон Султон ва Балжувон беги Давлатмандбийдан Балжувон беклиги ҳудудидаги лақайларга қизил армия қўшинлари ва жадидларга қарши курашиш учун бирлашишга чақирувчи чопарлар, хат ва чақириқлар келар эди. Юборилган мактуб ва мурожаатларда Эшон Султон Дарвозда ўз одамлари билан истеҳком қургани, Англия, Афғонистон ва бошқа давлатлар советларга қарши курашда Саид Олимхонга ёрдам бериши ҳамда лақайлар ҳам ушбу курашда фаол иштирок этиши лозимлиги айтиларди. Бундай чақириқ ва мурожаатларга қўшилган лақайлардан Абдуқаюм Парвоначи, Баротбек ва Тоғай Сари (Тоғай Бобо) бошчилигида бир қанча қуролли гуруҳлар тузила бошланди. Иброҳимбек ҳам қайнотаси Абдуқаюм Парвоначи бошчилигидаги ҳарбий гуруҳга дастлаб йигит, яъни аскар бўлиб киради. Шу тариқа Иброҳимбекнинг советларга қарши ҳарбий фаолияти бошланади.
Асосан лақайлардан иборат бўлган уч ҳарбий гуруҳ: Абдуқаюм Парвоначи, Баротбек ва Тоғай Сари икки ойлар давомида Балжувон беклиги ҳудудидаги Кангурт ва Оқсув атрофларида қизил армия ҳамда жадидларнинг сўл қаноти вакилларига қарши кураш олиб бориб, Кўлоб ҳудудларида қатор ғалабаларни қўлга киритади. Бу даврда Иброҳимбек сиёсий саҳнада ҳарбий фигура сифатида ҳали намоён бўлмаган эди.
1921 йил баҳорида Абдуқаюм Парвоначи Данғара атрофида Қоратовдаги ҳарбий амалиётлар чоғи от босиб жиддий шикастланади. Шундан сўнг бошқа йигитларга нисбатан журъатлироқ, ташкилотчилик қобилияти устун бўлган куёви Иброҳимбекни 1921 йил ёзида ўзига ўринбосар этиб тайинлайди. Ҳарбий амалиётларда бутун масъулият Иброҳимбекнинг зиммасига тушади. Эшон Султон ва бошқа қўрбошиларнинг талаби билан ҳарбий қаршиликни давом эттириш ҳамда Шарқий Бухородаги бошқа қўрбошиларни қўллаб-қувватлаш учун Иброҳимбек бошчилигидаги лақай қуролли гуруҳлари Балжувон беклиги ҳудудидан Ҳисор беклиги ҳудудига ўтади. Бу даврда Иброҳимбек бир неча зафарли ҳарбий жангларни бошқариб, етарли обрў-эътибор орттириб улгурган эди. Иброҳимбек Ҳисорда аҳоли томонидан бек этиб сайланади ва у ерда икки-уч ой яшаб, қизил армияга қарши кескин жанглар олиб боради.
Иброҳимбек 1921 йил бошларидан Шарқий Бухородаги қўрбоши гуруҳларига умумий раҳбарлик қилиб (туркиялик ҳарбий саркардалар Анвар Пошо ва Салим Пошо Шарқий Бухорога келган давр бундан мустасно), қизил армия ва совет тузумига қарши озодлик курашини бошлади.
Иброҳимбек совет давлатига қарши кураш майдонига кирар экан, ўз олдига Бухоро амирлиги тупроғини қизил аскарлардан тозалаб, ағдариб ташланган амирлик тузумини қайта тиклаш ва салтанатни Саид Олимхон қўлига олиб беришни асосий мақсад қилиб қўйди. Шунинг учун ҳам у курашга кирган дастлабки кунларданоқ собиқ амир томонидан моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланди ва рағбатлантирилди.
Иброҳимбек қўрбошининг номи ҳам машҳурликда бу даврда Анвар Пошоникидан қолишмас эди. Лекин уларнинг фикрлаш тарзи, жанг қилиш усуллари ва ҳаракатларида катта фарқлар бўлган. Иброҳимбек кейинчалик қизил армияга қарши жангларда мағлубиятга учрагач, 1926 йил 21 июнда Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. Ва.. афсуски, Афғонистонда ҳам тинчлик бўлмади.
1931 йил 30 март: Ватанга қайтиш
1931 йил бошларида Иброҳимбек Афғонистонда ўз ҳарбий ҳаракатларини фаоллаштириб, қўрбошиларнинг тарқоқ кучларини бирлаштирди. Шу орада совет давлатининг кучли босими остида Нодиршоҳ режими билан Иброҳимбек қўрбоши ўртасидаги зиддиятлар анча кучайди. Амалда Иброҳимбекка икки фронтда, яъни афғон ва совет армияси билан уруш олиб боришга тўғри келди. 1930 йил ёзидаёқ афғон қуролли кучлари Иброҳимбекка қарши кураш бошлаган эди. 1931 йил 30 мартда Иброҳимбек 1500 кишилик сараланган қўшини ва 8 нафар қўрбошиси билан юрт тупроғига қадам қўйди. Ўша даврга оид Ўрта Осиё чегара қўшинлари ОГПУ (Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) маълумотларида айтилишича, «Иброҳимбек СССР ҳудудига кирар экан, унинг аниқ сиёсий режаси бор эди...». Дарҳақиқат, Иброҳимбек совет режими ва коммунистик мафкурага қарши курашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган эди.
Иброҳимбек билан Афғонистондан совет ҳудудига 1931 йил 30 мартда Абдуқаюм Парвоначи, Полвон Додхоҳ, Бой Назар, Хонжон, Мулла Ниёз Парвоначи, Абдуқодир Иноқ, Алимардон Додхоҳ, Исохон Эшон, Эрназар, Кўганбек ва Тошмат Додхоҳ каби машҳур қўрбошилар ҳам ўтишган. Иброҳимбек қўрбоши билан ҳаммаси бўлиб 400 нафар йигит Амударёдаги Чубек кечувидан ўтиб, мамлакат ичкарисига кирган.
Айнан ўша куни Багарик кечуви орқали ҳаво тўлдирилган мешларда совет ҳудудига Эгамберди ботир ўзининг 200 нафар йигити билан ўтади. Бир неча кундан сўнг Чубек орқали Ортиқ додхоҳ ҳам ўзининг 200 нафар йигити билан дарёдан ўтади. У билан биргаликда Ғулом Ҳусайнхон, Ғулом Қодирхон ва Мамед Ҳошимхон ҳам 50—60 йигитдан иборат ўз гуруҳлари билан кечувдан ўтган. Кейинчалик совет ҳудудига Мулла Холдор ва Мулла Жўра Даҳан ҳам ўз йигитлари билан ўтган. Улар билан Иброҳимбек Боботоғда учрашган. Учрашувдан кейин Мулла Холдор ва Мулла Жўра Даҳан гуруҳи номаълум тарафга жўнаб кетган.
Иброҳимбек қўшинлари сафига ўз юртида кўплаб ватанпарварлар келиб қўшилди. САВО (Ўрта Осиё ҳарбий округи) қўмондони ўринбосари I.Грязнов бошчилигидаги катта ҳарбий кучлар 10 апрелда Иброҳимбек йигитларига қарши ҳужумга ўтди. Совет аскарларига ОГПУ отрядлари ҳам ёрдамга келди. Апрель—май ойларида Иброҳимбек қизил аскарларга қарши қақшатқич жанглар олиб борди. У омонсиз олишувлар билан Вахш дарёсининг ўнг қирғоғига чекинди, май ойида уруш ҳаракатларини Боботоғга кўчирди. 1931 йил 12 июнда Оқбоштоғда сўнгги ва шиддатли муҳораба бўлди. Иброҳимбек яраланди ва жангни бой берди.
1931 йил 23 июнда ОГПУ қўшинлари 10-отлиқлар полки 2-дивизиони жангчилари ва чекистлар томонидан Иброҳимбек ярадор ҳолатда қўлга олинди. У аввал Сталинобод (ҳозирги Душанбе), сўнгра Тошкентга олиб келинди. Чекистлар томонидан ўтказилган тергов ва даҳшатли қийноқлар Иброҳимбекнинг маънавий иродасини бука олмади. Бу пайтда Иброҳимбек билан бирга Ватан тупроғига қадам қўйган 15 нафар қўрбоши ҳам қўлга олинган эди.
1931 йил 25 июндан то 1932 йилнинг 12 апрелигача Иброҳимбек ҳамда 1920—1931 йилларда қизил армияга қарши ҳаракат қилган қўрбошилар Тошкентда сўроқ қилинди. Иброҳимбек бошчилигидаги бу қўрбошиларнинг ҳаммаси СССР Халқ комиссарлари совети (ХКС) ҳузуридаги ОГПУ коллегияси мажлисининг 1932 йил 13 апрелдаги қарорига биноан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Шу ўринда сиёсий идоранинг махфий ҳужжатига мурожаат этамиз:
«1. Иброҳимбек Чақабоев. 2. Сулаймон Салоҳиддинов (Эшони Судур). 3. Абдуқаюм Парвоначи Улаев. 4. Эшон Исохон Мансурхонов. 5. Алимардон Додхоҳ Муҳаммедов. 6. Ортиқ Додхоҳ Аширов. 7. Кўганбек Кенжаев. 8. Тошмат Хўжабердиев. 9. Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов. 10. Алет (Арлот) Полвон Элмирзаев. 11. Шоҳасан Имонқулов. 12. Кўганбек Шералиев. 13. Мулла Аҳмад Бий Саидов. 14. Мирзақаюм Шеров. 15. Азим Марқа Остонақулов. 16. Эшон Полвон Баҳодирзода отишга ҳукм қилинди».
ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги фавқулодда вакиллиги томонидан 1932 йил 10 сентябрда Москвага йўлланган телеграммада кўрсатилишича, бу ҳукм 13 нафар қўрбошига нисбатан 1932 йил 10 августда, Иброҳимбекка нисбатан 31 августда Тошкентда ижро этилган. Иброҳимбек қўрбоши 43 ёшида отилган. Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов қамоқхона касалхонасида вафот этган.
Чекистлар маълумотларига қараганда, Иброҳимбекка бўйсунувчи қўрбоши гуруҳлари, яъни Тожикистон ҳудуди ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудида жанг олиб борган қўрбошилардан
- ҳарбий тўқнашувларда ўлдирилган қўрбошилар – 19 нафар, йигитлар – 987;
- асирга олинган қўрбошилар – 10, йигитлар – 175;
- ихтиёрий таслим бўлган қўрбошилар – 119, йигитлар – 2529 нафар.
Булардан ташқари, Иброҳимбек қўшини қўлга олингач, ОГПУ оператив гуруҳлари томонидан «босмачи»ларнинг шериги сифатида уруғ, қишлоқ оқсоқоллари ва ўзига тўқ обрўли шахслардан 2 249 киши, шунингдек, кўнгилли равишда таслим бўлган қўрбошилардан 17 таси фаол қўрбоши, 891 таси фаол йигит сифатида қамоққа олинган.
Иброҳимбек қамоққа олингач, унинг Афғонистондаги оила аъзолари ҳам таъқиб этилади. Афғон маъмурияти унинг аёлини Қалъаи Хумдон қамоқхонасига ташлайди. Иброҳимбекнинг Афғонистонда қолган оила аъзоларидан ҳам кўпчилиги ҳалок бўлган. Иброҳимбек қўрбошининг ўша суронли йилларда тирик қолган фарзандларининг айрим авлодлари бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистондан ташқари Афғонистон ва Туркияда яшайди.
Иброҳимбек қўрбоши сафдошлари
Чапдан: Иброҳимбек қўрбоши, Алимардон Додхоҳ, Эшони Судур, Мирзақаюм Шеров, Абдуқаюм парвоначи Улаев.
Фото: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси
Абдуқаюм Парвоначи
Абдуқаюм Парвоначи Улаев (1856—1932) — қизил армияга қарши курашган йирик қўрбошилардан бири, амир амалдори. Иброҳимбекнинг қайнотаси ва маслаҳатчиси.
Файласуф ва тарихчи олим Насриддин Назаровнинг ёзишича, Абдуқаюм амирлик қўшини ва саройда ҳам хизмат қилган. Садоқатли хизматлари эвазига у парвоначи мансабига лойиқ кўрилган. Бухоро амирлигида парвоначи амирнинг таянчи ҳисобланган олий лавозимлардан бири бўлиб, у оталиқ ҳамда девонбегидан кейин учинчи мансабдор шахс бўлган. Парвоначи баъзан ҳарбий юришларда иштирок этиб, муайян қисмларга қўмондонлик қилган.
Қизил армия томонидан 1920 йил сентябрда Бухорода амирлик тузуми ағдарилгач, 1920 йил кузидан бошлаб Шарқий Бухорода ҳам қизил аскарларга қарши жанглар бошланади. Абдуқаюм Парвоначи бошчилигида ўзбек лақайларидан тузилган дастлабки қуролли гуруҳ Сурхондарё ва Тожикистоннинг марказий ҳудудида қаттиқ жанглар олиб борган. Парвоначи гуруҳида унинг куёви Иброҳимбек ҳам бўлиб, у қизил аскарларга қарши курашда айрича жасорат кўрсатади.
Абдуқаюм Парвоначи 1926—1931 йилларда Афғонистон ҳудудида ҳам Иброҳимбек қўрбоши билан бирга бўлган. 1931 йил 30 мартда Иброҳимбек қўшини сафида у ҳам чегарадан ўтиб, Афғонистондан Тожикистонга қайтган. Чолтоғда бўлган қурултойда Абдуқаюм Парвоначига Иброҳимбек томонидан Балжувондаги Ҳисор лақайларининг бошлиғи этиб тайинлангани ҳақида махсус ваколатнома берилган. Иброҳимбек қўшини қизил армияга қарши уч ой давомида олиб борган ҳаёт-мамот курашида мағлубиятга учрайди. Абдуқаюм Парвоначи совет ҳокимияти билан музокара олиб бориш учун Сталинобод (ҳозирги Душанбе)га Юзбой оқсоқол ҳузурига бораётганда чекистлар томонидан 1931 йил 22 июнда қўлга олинган. У Иброҳимбек ва бошқа қўрбошилар билан биргаликда Сталинободдан Тошкент шаҳрига келтирилган ҳамда ўн ой мобайнида чекистлар томонидан сўроқ қилинган.
Абдуқаюм Парвоначининг 1931 йил 7- июлда терговчига ўзбек тилида берган кўргазмаси Тошкентда чиққан «Ватан» газетасида 1993 йил 8 декабрда эълон қилинган.
Абдуқаюм Парвоначи ҳам Иброҳимбек ва сафдошлари қаторида (жами 16 нафар киши) Тошкент шаҳрида бўлган СССР ХКС ҳузуридаги ОГПУ коллегияси махсус мажлисининг 1932 йил 13 апрелдаги қарорига биноан ўлим жазосига ҳукм қилиниб, 1932 йил 10 августда 76 ёшида отиб ўлдирилган. Айни пайтда Тожикистон Данғара туманидаги Гулбулоқ ва Тўрткўл қишлоқлари орасида Абдуқаюм Парвоначи қурдирган қалъа сақланиб қолган.
Сулаймон Салоҳиддинов (Эшони Судур)
Сулаймон Эшон, Эшони Судур, Сулаймон Салоҳиддинов (1877—1932) — Шарқий Бухоро ва Ўрта Бухородаги қуролли ҳаракатнинг ғоявий раҳнамоларидан бири. Эшони Судур номи билан машҳур бўлган.
Сулаймон Эшон 1877 йили Бухоро шаҳридаги Жўйбор гузарида диний уламо оиласида туғилган. Унинг отаси Салоҳиддин Эшон Бухоро амири Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари: 1885—1910) даврида саройда юқори диний лавозимларда ишлаган. Тарихчи Феруз Бобоевнинг ёзишича, Салоҳиддин Эшон Бухоро амирлигида энг юқори диний унвон — шайхулислом лавозимида ҳам фаолият кўрсатган. Ғузор вилояти ҳокими Акромхон Тўра (амирнинг тоғаси) Салоҳиддин Эшоннинг қизига уйланган. Сулаймон Эшон ҳам 25 ёшидан бошлаб саломатлиги сабабли пойтахт Бухородан чиқиб кетиб, баҳаво ерда жойлашган Ғузорда яшай бошлайди. Сулаймон Эшоннинг Ғузорда ҳовлиси, катта мулки: ер-суви, обжувоз ва тегирмонлари, шунингдек, Бухорода ҳам ҳовлиси бўлган. Амир Саид Олимхон даврида Сулаймон Эшонга ўроқ, судур ва садр диний унвонлари берилган.
1921 йил январда кўтарилган Шаршауз қўзғолонида асосий рол ўйнаган шахслардан бири Эшони Судур бўлган. Архив ҳужжатларида келтирилишича, бу қўзғолонни бостириш учун қизил аскарлар катта куч сарфлаган.
Қўзғолон бостирилгач, Сулаймон Эшон (Эшони Судур) ёлғиз қизини олиб, Саройкамар орқали 1921 йили Афғонистонга ўтади. У ва қизи уч йил Хонободда, бир йил Мозори Шарифда яшайди. 1925 йили Эшони Судур ва поччаси Акромхон Тўра Мозори Шарифда истиқомат қилган. Эшони Судур бу пайтда Кобулга бориб, Саид Олимхон билан тез-тез учрашиб турган.
Ноқулай об-ҳаво шароитига мослаша олмаган Эшони Судур Хонободни тарк этиб, Мозори Шарифга кўчишга мажбур бўлган. Эшони Судур Мозори Шарифда афғон ҳукуматидан субсидия, пул ёки натура шаклида ёрдам олиб турган. Шундай мураккаб шарт-шароитда Афғонистондаги ўзбек муҳожирлари Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматига бир неча марта уларни қўллаб-қувватлаш учун мурожаат қилган, лекин натижа чиқмагач, тўртинчи йилнинг охирида муҳожирлар Мозори Шарифдаги совет ҳокимиятининг элчихонасига мурожаат қилган. Натижада муҳожирлар орасидан 20 кишига ўз ватанларига қайтишга рухсат берилган ва улар собиқ Фузор беклигида мирза бўлиб ишлаган Мирза Ўрун бошчилигида Бухорога қайтади.
Муҳожирлар асосан Хонобод, Мозори Шариф ҳамда бошқа шаҳарларда қийин чилик ва мураккаб шароитда яшаган. Шундай бир пайтда афғон амири Омонуллахон Кобул, унинг атрофларида истиқомат қилаётган муҳожирларга бошқаларга нисбатан яшаш учун кўпроқ шарт-шароит яратиб бераётгани, субсидия ва ёрдам пуллари миқдори ҳам яхшироқ тўланиши ҳақида гап тарқалади. Фузор беги Акрамбек бошчилигида бир гуруҳ муҳожирлар, жумладан, Эшони Судур ва яна бир неча киши ўз оилалари билан Кобулга боришга қарор қилади.
Акрамбек ва Эшони Судурларни нафақат Кобулда бериладиган субсидия, балки уларни бу ерда яшаётган ўз юртдошлари билан кўришиш истаги ҳамда ўз ватанлари ҳақида маълумотлардан хабардор бўлиш туйғулари ҳам чорлади. Муҳожирлардан 15 киши Кобулдан уч чақирим масофада, бир афғон заминдорига қарашли Қалъаи Шамсийдаги бир ҳовлини ижарага олиб, бу ерда уч йилга яқин яшайди. Эшони Судур вақти-вақти билан, яъни ҳар ойда бир марта Қалъаи Фотуга, Саид Олимхон ҳузурига моддий ёрдам олиш учун бориб туради. Саройда ёрдамни Олимхоннинг собиқ амалдори Бухоро қушбегисининг ўғли Акрамхон Эшон Ғозий (бу собиқ Фузор беги Акрамхон эмас) тарқатиб турган.
Эшони Судур муҳожирликда Ватанни қўмсаш ва соғинч туйғулари билан яшар, қайтиш истаги унга ҳеч қачон тинчлик бермасди.
Поччаси, собиқ Ғузор беги унга Бухорога борса, у ерда уни ўлим кутаётганлигини айтиб, қанчалик зўр бериб қароридан қайтаришга уринмасин, Бухорога бормасликка кўндира олмаган. Эшони Судур унга: «Мени юрт соғинчи шундай қарорга келишимга мажбур қилди. Майли, ўлишим керак бўлса, ўз юртимда, ота юртимда ўлай», деб жавоб берган.
Акромхон Эшон Ғозий унга Амир Саид Олимхон номидан Иброҳимбекка ёзилган мактубни топширади. 1930 йил июнда Иброҳимбек ҳузурига келган Эшони Судур юртга қайтиш умидида унинг қароргоҳида қолади. Иброҳимбек қўшини билан бирга 1931 йил 30 мартда Тожикистонга ўтади. Эшони Судур саркарда Иброҳимбек қўрбоши билан Боботоғда ажрашган. Сўнгра у Деновга бориб, Худойназар командир воситачилигида ОГПУ вакилларига қуролни топширади. Денов ГПУсига 1931 йил 1 июль куни таслим бўлган. Эшони Судур (Сулаймон Салоҳиддинов) ОГПУ коллегиясининг 1932 йил 13 апрелда чиқарилган отиш ҳукми бўйича 1932 йил 10 августда 16 кишидан иборат гуруҳ таркибида, Иброҳимбекнинг асосий ўринбосари ва ғоявий раҳнамоси сифатида, Тошкент шаҳрида 55 ёшида отиб ташланади.
Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонда Иброҳимбек сингари қўрбошилар ва Носирхон Тўра каби тараққийпарварлар оқланди. Зеро, Иброҳимбек қўрбоши ва унинг жасур сафдошлари ҳам, Носирхон Тўра ҳам эл-юрт мустақиллиги йўлида шаҳид кетган халқ ва миллат қаҳрамонлари ҳисобланади.
Қаҳрамон Ражабов, тарих фанлари доктори
Мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2021 йил 24 сентябрь сонидан олинди “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади