Омонат ғор сири (20-қисм) » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Омонат ғор сири (20-қисм)

  • Ҳаёт тарзи
  • 23-09-2017, 12:16
  • 479
  • Омонат ғор сири (20-қисм)
    Анбар опа ғалати туш кўрди: кимдир Наргизани тинмай бўғармиш, қизи бақириб, уни ёрдамга чақирармиш. Анбар опа югурай деса, оёғи жойидан қимирламасмиш. Бир маҳал Наргизани бўғаётган одам илонга, ундан аждарга, сўнгра кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли махлуққа айланармиш. Қизининг овози борган сари ўчиб, қўллари шалвираб қолаётган эмиш… Анбар опа чинқириб юбориб, ўзининг овозидан чўчиб уйғониб кетди. “Ёрдам… ёрдам беринглар! Қизимни ўлдиришаяпти… Ким бор?!” Ўнгида бақирдими, тушидами — билолмади. Уй ичи қоп-қоронғи, жимжит. Биргина девор соатнинг “чиқ-чиқ”и эшитилади. Юраги гурсиллаб ураётган аёл чаққон бориб чироқни ёқди. Ҳаммаёқ осойишта, ҳеч ким йўқ. “Хайрият, — бироз ўзига келди у, — тушим экан. Тонг отсин, садақа чиқараман”. Аммо тонг отишини хотиржам ётиб кутолмади. Хаёлига бот-бот кўрган туши келар, юраги қинидан чиққудай типирчиларди. Анбар опа сабри чидамай ошхонага кирди-да, кеча кечқурун пиширган овқатини иситиб, сирли идишга солди ва апил-тапил кийиниб, йўлга отланди.

    Шаҳар ҳали уйқуда, фақат бомдодга турганлар-у зарур иш билан кўчага чиққанлар ва тирикчилик илинжида машиналарида кўча айланиб юрганларгина уйғоқ эди. Анбар опа бекатда анча туриб қолди. Ёнгинасига келиб тўхтаган таксиларга бош чайқаб жавоб берди. Қўйиб берса, Анбар опанинг учиб боргиси келарди, аммо нима қилсин, автобус кутишдан ўзга чораси йўқ. У ичида шайтонни қарғар, кўрган тушини унутишга, эсламасликка уринарди.

    Ниҳоят атроф ёришиб қолганда автобус келди. Бироз юриб бекатда тушиб, яна бошқа автобусни кутди. Анбар опа касалхонага етиб борганида кун ёйилиб кетганди. Дарвоза ёнида у ёқдан-бу ёққа асабий юриб турган қоровул Анбар опага ёвқараш қилиб, дўқ оҳангида сўради:

    — Қаёққа бораяпсиз?

    — Ўғлимни кўргани келаяпман.

    — Ким ўғлингиз?

    — Бобуржон.

    Қоровул сергак тортиб, аёлга синчиклаб қаради. Анбар опа ноқулай аҳволга тушди: “Қариб қуйилмаган чол”, хаёлидан ўтди унинг. Қоровул негадир хўрсинди, кейин киришга рухсат берди. Анбар опа унинг хўрсинишини ўзича тушуниб, уялганидан қизариб кетди. Ана шу лаҳзада кўрган туши хаёлидан чекинди. Аммо касалхонага кираверишда узун супургисига суяниб гап сотаётган фаррош хотинларнинг гаплари қулоғига чалинди-ю, ҳуши бошидан учди.

    — Анави авария бўган боланинг иккита опасини оқшом бетига чулки кийган одамлар опқочиб кетганмиш, — деди улардан бири шеригига ваҳима билан.

    Авария бўлган унинг ўғли, иккита опасининг бири — Наргиза, иккинчиси унинг дугонаси. Анбар опа фаррошларнинг ёнидан ўтатуриб бир неча қадам ташлай олди, холос, туйқус боши айланиб, кўзи тинди. Ўзини тутиб туролмай гурсиллаб ерга қулади.

    * * *

    Барон шотирлари дамлари ичига тушиб кутишган ишни қилмади. Қўлидаги пичоқни столга қарсиллатиб урди, шотирлар ҳадик билан ортга тисарилишди. Ёнғоқ дарахтидан ясалган стол пичоқ тугул, болтага ҳам дош берарди, шу боис тиғнинг учи қайрилиб кетиб, Бароннинг кафтини тилиб юборди. Пичоқни ташлаб юборган тўдабоши чакиллаб томиб, столни қип-қизил рангга бўяётган қонга термилди. Шотирлар энди хожаларини қутуриб кетса керак, деб ўйлашди, аммо кутилмаганда Барон жилмайди, йигитларининг ташвишли юзларига бирма-бир назар ташлаб чиқиб, ким ичида кулаётгани-ю, ким чиндан ташвишланаётганини илғамоқчи бўлди. Бироқ кўзлари ўйнаб турган йигитларининг нима хаёлдалигини билиш қийин эди. Боз устига, ҳозир у бировнинг ичидагини кўзидан билиб оладиган аҳволдамас, бошқа пайт бўлганида ўткир укки кўзлари билан истаган одамни довдиратар, унинг нигоҳига дош беролмаган одам ўзини ўнглаб олгунича анча-мунча сирини бой бериб қўярди.

    — Кўрдингларми? — деди Барон, — менинг қоним оқаяпти. Шу пайтгача ҳеч ким менинг қонимни оқизолмаган.

    У шу гапни айтди-ю, дарҳол тилини тишлади: нотўғри гапирганини англади. Аммо буни шотирларига билдирмади. Чунки ерда думалаб ётган икки қиз унинг юзини юлишга улгурган, тирноқ изидан қон сизиб турарди.

    Барон қўлининг жароҳатига эътибор қилмай, аранг ҳушига келаётган қизларнинг тепасига келиб хунук иржайди. Сўнг ўгирилиб шотирларига:

    — Бир яшик ароқ келтиринглар, — деди. Зум ўтмай бир яшик ароқ олиб киришди. Бу орада Ҳасан чақиртирган хизматкор қизлар Бароннинг жароҳатини боғлаб қўйишди. Барон эринмай шишаларнинг оғзини битта-битта очиб, ароқни қизларнинг устидан қуя бошлади. Унинг нима қилаётганини ҳеч ким тушунмас, ҳамма қилт этмай энди нима бўларкан, деб кутиб туришарди. Барон сўнгги шишани ҳам бўшатиб, стол устидаги гугуртни қўлига олди.

    — Хўжайин, — деди Бароннинг ниятини дарров фаҳмлаган Ҳасан, — балки бошқа жазо қўллармиз. Эсларини киритиб қўйсак, кейин икковиям итдай хизматимизни қиларди.

    Аммо хожаси унинг гапини олмади. Лоланинг тепасига бориб гугурт чақди. Сўнг қизнинг бўйнидан қўлини ўтказиб бошини кўтарди-да, бироз тикилиб қолди. Агар ҳозир ёнаётган гугуртни ташлаб юборса, тамом, қиз киприк қоққунча бўлмай аланга олар ва бир зумда ёниб кулга айланарди. Гугурт донаси секин-аста ёниб, Бароннинг бармоқларини куйдира бошлади. Юраги рўй беражак даҳшатли манзарадан ҳаприққан шотирлардан баъзилари кўзларини юмиб олишди. Аслида ана шу лўли йигитларнинг ҳам Лолага кўнгли бор эди. Барон ўртада тоғдай тўсиқ бўлмаганида, бу гўзал лўли қизга етишиш учун улар ҳаракат қилишарди. Аммо кўнгил деганлари хожанинг қаҳр-ғазабга йўғрилган куч-қудрати олдида ожиз, кераксиз туйғуга айланиб кетганди.

    Барон бармоқлари орасидаги гугурт чўпини ташлаб юборди. Шу дам шотирларидан кимдир “им-м”, дея ингради. Товуш шу қадар ўкинчли чиқдики, ҳатто Барон ҳам қалқиб кетди ва ёниб тушаётган гугурт донасини ярадор кафти билан туртиб юборди ва илжайиб ортига ўгирилди.

    — Хаёлимга бошқа нарса келди, — деди ўша ёвуз иржайишини яна бир марта намойиш қилиб, — ҳозир ўра қазийсанлар, чуқурлиги уч метр бўлсин, кейин манави итларни, — дея у эндигина ҳушига келиб, қимирлай бошлаган қизларни кўрсатди, — унинг ичига ташлаб, кўп овқат берасанлар, токи икковиям ҳар ярим соатда ҳожат қилсин, ўтирган жойлари сасиб кетсин. Икки ҳафтадан кейин чиқариб оламиз, кейин ўзим ўлдираман уларни. Қани, шундаям биронтангнинг ичинг ачишсин-чи. Терисини қўлларим билан шилиб олишимни маза қилиб томоша қиласан ҳамманг.

    Танидаги оғриқ бироз босилгани боис, Лола Бароннинг гапларини эшитди, бироқ кўзини очмади. Ичида у хурсанд эди. Наргиза эса, Бароннинг мақсадини эшитиб афти бужмайди. “Шарманда бўлганимдан кўра ҳозироқ ўлдирсин”, хаёлидан ўтди унинг.

    Барон йигитларига топшириқ бергач, бурилиб тўғри ўзининг ётоғига кирди ва бир шиша муздай пиво ичиб, юмшоқ ўриндиққа чўзилди. Шу маҳал ётоққа кириб келган икки нафар сариқ сочли оқбадан қизлар унга икки тарафдан суйкала бошлади…

    Ўра зах эди. Наргиза билан Лолани ўрага тепадан итариб юборишди. Наргиза ўрага ёмон қулаб тушди, ортидан Лолани ташлаб юборишди.

    — Наргизахон, — деди Лола орадан икки соатча вақт ўтиб, тонг энди-энди бўзариб келаётган палла. — Нийма қийламийз?

    — Нима қилардик, — Наргиза хўрсинди, — худо деб ётаверамиз. Бирор бахтли тасодиф рўй бериб, зора, омон қолсак. Мен ўзимдан кўра кўпроқ ойижонимни ўйлаяпман. Бечора ойим, менинг йўқолганимни билиб қолса, қон босими ошиб кетади…

    У пиқиллаб йиғлашга тушди. Лола дугонасини оҳиста қучоқлади.

    — Буларга нима ёмонлик қилувдим, нима исташади падарингга лаънатлар! — алам билан деди Наргиза.

    Унинг гапира туриб йиғлашидан Лоланинг кўнгли бузилди. У: “Сен ҳам менинг касримга қолдинг. Барон мени деб сени ҳам шу кўйга солди”, демоқчи бўлди-ю, аммо кўргиликлар боис қадрдон бўлиб қолган қизнинг баттар эзилишини истамади.

    Тонг отиб, қуёш одам бўйи кўтарилганда уларга овқат туширишди.

    — Камроқ еганимиз маъқул, — деди Наргиза, — тағин анави итлар айтган аҳволга тушиб қолмайлик.

    — Тўғрий, — унинг гапини маъқуллади Лола.

    Улар қўл учида овқатдан тотинган бўлишди, бироқ нонни ушатишмади ҳам.

    Ярим соатча ўтиб янги сўйилган қўй гўштидан ҳил-ҳил пишган, ошкўклар, арча барги аралаштириб тайёрланган таом туширишди. Овқатнинг ҳиди иштаҳани шу қадар қўзғардики, қизларнинг оғзидан суви келди. “Нима қиламиз?” деган маънода Наргизага қаради Лола.

    — Тўғриси, — мийиғида кулди Наргиза, — боя жудаям кам еган эканман, қорним роса очқаб кетди. Бир бўлакдан гўшт еяқолайлик. Қолганини қайтариб юборамиз. Барибир ярим соатдан кейин яна олиб келишади.

    — Ма-а-йли…

    Улар ўрада шу тахлит кунни кеч қилишди. Дугоналарнинг бахтига Барон эрта тонгда қўшни давлатга “иш”ларини саранжомлаш учун жўнаб кетган, аксинча, иккита йигитни ўрага тушириб, қизларга мажбурлаб овқат едирмоқчи эди.

    Аста-секин қоронғилик тушиб, кўкда юлдузлар жимирлай бошлади. Ҳаво этни жунжиктирадиган даражада салқин эди. Лекин ўранинг захи ортга уриб, ер қаърининг иситмаси асираларни беҳол қила бошлади. Бу пайтга қадар Наргиза онасини эслаб бир неча бор йиғлаб олди.

    Қизларни уйқу энди ўз домига тортаётган маҳал ўранинг оғзида икки шарпа пайдо бўлди. Қизлар ҳеч нарсани пайқашмади.

    Нуриддин ИСМОИЛОВ

    (Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

    Манба: hordiq.uz