08:43 / 28.09.2017
4 529

Омонат ғор сири (29-қисм)

Омонат ғор сири (29-қисм)
Ярим соатча ўтиб, олдиндаги машина тўхтади. Ундан эринибгина тушган Барон битта-битта юриб қизларнинг олдига кела бошлади.

Наргиза хавотирланиб Лолага қаради.

— Маний деб шундоқ бўлдий, — деди лўли қиз кўзидан ёшини оқизиб. — Манда хапа бўма…

— Сендан ҳечам хафамасман. Тақдиримиз шу экан-да. Буларга ҳам атагани бордир-да… Мен… Мен ўлимдан қўрқмайман, шармандаликдан қўрқаман. Ўлсам ойижоним куяди, шундан қўрқаман, — Наргиза Лолани маҳкам қучоқлаб олди.

Барон қизларга бир-бир қараб:

— Қаний, қайсинг биринчий? — деди хўмрайиб. Одатда, бундай дамларда Барон яйраб кетарди. Ҳозир кайфияти яхшимас, чунки шундай қизларнинг ўлиб кетишини ўзи ҳам истамаётганди. Бироқ энди кеч, гапидан қайтиш Барон учун беномуслик билан баробар эди.

— Аввал мен, — деди Лола жилмайиб, — мен қочаман аввал. Етиб олсанг билганингни қил. Етолмасанг, Наргизани қўйиб юборасан.

— Ў-ў, — деди хожасининг орқасида турган Ҳасан, — чатоқ-ку.

— Гап нест! — Барон илжайди. — Ман етолмасам икковинг ҳам озодсан.

— Унда бошладик, — деди Лола, — қайси томонга қочай?

— Тўхта, — деди Барон унга, — ҳали қочасанам, манам етаман, шошилма. Аввал биттадан пиво ичамиз. Сенга куч киради.

Шотирларидан бири машинанинг юкхонасидан бир яшик пиво олди.

Лола илгари ҳазил устида қизлар билан бирга бунақа ичимлик ичганди. Таъми ёқмаса-да, боши енгиллашгандай бўлгани эсида. Шу боис, Барон узатган шишани иккиланмай кўтарди. Унинг ичишини кўрган Барон йигитларига илжайиб қараб қўйди.

Шишани бўшатиб, Лола қирдан эниб югуриб кетди.

* * *

Бобур ишлари тез битаётганидан ажабланмасди. Назарида аслида шундай бўлиши керакдай. Маҳалладагилар оғзидан чиқиши билан маълумотнома беришди, дўхтирлар уни кўришлари билан ҳамдардлик билдиришиб, бир парча қоғозни қўлига тутқазишди. Ҳужжатларни тахтлаб Бобур Миркомил билан бирга яна ўликхонага борди. Бу гал у ердагилар ўзлари машина топишиб, жасадни Бобурнинг уйига олиб боришди.

— Бугун кеч бўлди, — деди маҳалла оқсоқоли, — эрта пешинга чиқарамиз. Ҳар қалай, жон таслим қилганига анча кун бўлибди. Энди ушлаб турмай эртароқ жойига қўйганимиз маъқул.

— Хўп, — деди боши қуйи эгилган Бобур, — маҳалла нима деса шу.

Миркомил шом палласи чиқиб кетди. “Шунча у билан бирга юрдим, лекин, зиғирча бўлсин, ўзимга керакли маълумот ололмадим, — дея ўйлади у йўлда кетаётиб. — Балки унинг ҳеч нарсага алоқаси йўқдир. Шундай лаллайиб юрадиган бўлсам, икки дунёда ҳам прокурор бўлолмайман. Битта ишни ҳам эплолмадинг, деб оғзига кучи етмайдиганлар таъна қилиши мумкин. Лекин хўжайин қаттиқ койийди. Шундоғам ҳамма ишнинг бошида ўзи турибди: Бобурнинг онасини олиб чиқишимизга ҳам шахсан ўзи кўмаклашди, ҳаммаёққа телефон қилиб чиқди. Мен сўппайиб юрибман… Одамлар билан ишлаш қийин экан”. Унинг уйга ҳам, ишхонага ҳам оёғи тортмади, автобусда икки бекат юриб, тушиб қолди. “Озроқ пиёда юрайин”, деган ўйда автобусдан тушганида, “Балтика” деган улкан ёзувга кўзи тушди-ю, бехосдан шу томонга юра бошлади.

Шинам ресторанда одам камчил, кўпи билан ўн чоғли. Лекин ораларида ёлғиз ўтирган йўқ ҳисоби — кимдир ўртоғи билан, йигитлардан ўтказиб кийинган қизлар дугонаси билан ўтирар, пиво ичишар, сигарета чекишар, ора-сира хохолашиб кулишарди. Улар Миркомилнинг кўзига жуда бахтли одамлардай кўриниб, у ўзини ғариб ҳис этди. “Сенга бало бормиди мелисада ишлаб, тинчгина бизнес билан шуғулланиб юрганингда, биров бир нарса дермиди? Яна прокурор бўлармиш! Узоғи билан беш йилда! Эй, хомкалла!..” У ўзини-ўзи шу тахлит яниганидан кейин столлардан бирига ўтирди. Очиқ-сочиқ кийинган, бўлиққина чиройли қиз келиб ундан нима буюришини сўради.

— Пиво, — деди бошини кафтлари орасига олган Миркомил, — бошқа нарса керакмас.

— Қуртми, шўрданакми, қўшиб келайми? — сўради қиз киприкларини пирпиратиб.

— Майли, шўрданак олиб келинг, — деди Миркомил қизга қайрилиб қарамай.

Қиз кетгач, Миркомил хаёлга чўмиб, унинг пиво келтирганини сезмай ҳам қолди. Сочини бармоқлари билан орқага тарамоқчи бўлганида қўли идишга тегиб кетди.

Пивонинг таъми Миркомилга ёқди, чиндан ичимлик мазали эди. Шўрданакнинг таъми қўшилганида иштаҳаси янада очилиб, бир шиша билан қаноатланмай, тағин бир шиша буюрди.

Ташқарига чиққанида руҳида енгилликни ҳис этди. Хаёли тиниққан, ақли тийраклашганди. У ортига — Бобурнинг уйига қайтди. Шундай қилса, ҳар хил бошоғриқларга чек қўядигандай туюлди унга. Аслида ҳам шундай бўлиб чиқди.

Миркомил кириши керак бўлган йўлакка бурилмай туриб икки йигит ундан олдин шитоб билан ўша ёққа кириб кетганини, орқада кетаётгани атрофга бир қур разм солганини кўрди. Кўнглида шубҳа уйғонди ва қадамини тезлатди.

Кўнглидаги хавотири беҳуда эмас экан. Иккала йигит ҳам Бобурнинг эшиги ортида ғоз турар, бири қўнғироқ тугмачасини босарди. Миркомил тажрибасизлигига бориб, уларнинг ёнига югуриб чиқмоқчи ва “Нега келдинглар?” дея сўроққа тутмоқчи бўлди. Бироқ сўнгги дақиқаларда ўзини тутди. Турган жойида уларни кузатди. Эшик очилиб, Бобур чиқди.

— Эй, ошна, — деди йигитларнинг новчароғи, — қидирмаган жойимиз қолмади-ку! Касалхонага борсак, у ёқдан ҳам қуён бўлиб қолибсан.

У қучоғини очиб кўришмоқчи бўлганида, Бобур қўлини узатиб қўя қолди.

— Хўжайин сени кўп сўраяпти, — гапида давом этди ҳалиги йигит.

— Боролмайман, — деди Бобур титраган овозда, — ойимни бериб қўйдим.

— Қачон?!

— Эртага чиқарамиз, — деди паст овозда Бобур ва энди ортига бурилаётганида йигитлар бирин-кетин уни бағрига тортишди. Энди улар Бобурникида қолишлари ёки уни бирор жойга олиб кетишларидан кўра жўнаб қолишлари аниқроқ эди. Шу боис, Миркомил зинадан тез-тез юриб пастга тушди-да, гўё шу уйда истиқомат қиладиган одамдай қўлини белига қўйиб, у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Унинг тахмини бу сафар тўғри чиқди, ҳозиргина Бобурга келган йигитлар олдинма-кейин гурунглашиб пастга тушишиб, ёнидан ўтишаётганди, Миркомил:

— Мабодо сигарет топилмайдими? — деб уларни тўхтатди.

— Бемалол, — новча йигит чўнтагидан бир қути сигарет чиқариб, бир донасини олиб Миркомилга узатди-да, гугурт ёқиб турди.

Миркомил сигаретани тутатиш баҳонасида уларнинг юзини кўриб олишга улгурди. Йигитлар узоқлашгач, Миркомил беихтиёр сигарета тутунини ичига тортиб, шу ондаёқ йўталиб қолди. Нафаси қисиб, кўзидан ўт чақнаб кетди.

— Бу падарингга лаънатни қандай чекишаркан? — дея сигаретни улоқтириб, йўлак томон юрди.

Бобур Миркомилнинг тез қайтганини кўриб ҳайрон бўлди:

— Ҳа, тинчликми?

— Тинчлик, тинчлик. Сени ёлғиз қолдирмай, деб келдим.

— Мен ёлғизмасман. Маҳалладагилар бор.

— Майли, нима бўлгандаям… Ҳар қалай, чой-пой дамлаб туриш керак.

Бобур Миркомилни уйга таклиф қилмади, “кирсанг киравер” дегандек, секин ортига бурилди.

Бобур жанозага одам кўп йиғилмаса керак, деб ўйлаганди. Эрталабдан йўлак одамга тўлди. Деразадан пастга қараганди, уй олдида ҳам кўпчилик қўл қовуштириб турарди.

Тобут ердан узилган заҳоти қўлма-қўл бўлиб кетди. Унинг ортидан ёлғиз Бобур йиғлаб борар, юрак-бағри ўртаниб бўзлар, айни пайтда маросим тезроқ тугаб, бу кўргиликларни бошига солганларни топиб, қасд олишни истарди. Ўзича режа тузиб қўйган: аввал лўли қизни топиб, “шох”ини яхшилаб қайиради, кейин бошқаларига ўтади.

Қабристонда Миркомил кеча йўлакда кўрган икки йигитни учратди. Улар негадир бетоқатланар, кетма-кет сигарета тутатарди. Бир маҳал улар кўздан ғойиб бўлишди. Миркомил шубҳаси ҳақида командирига эртароқ хабар бермаганидан афсусланди. “Энди кеч, хабар берганим билан гап эшитганим қолади”, деб ўйлади.

Шомга яқин Бобурнинг уйи йўлагида таъзия қабул қилиб ўтириб Миркомил ундан сўради:

— Кечаги йигитлар ким эди?

— Қайси? — Бобур пешонаси тиришиб унга қаради.

— Кеча кечқурун мендан олдин келиб кетишди-ку. Подъездда мен уларга дуч келиб қолдим.

— Э, уларнинг боридан йўғи афзал. Майда-чуйда сотамиз, деб шуларга қўшилгандим. Тузук-қуруқ бирон нима сотмадигам. Қайтанга боримдан айрилдим. Камига ойим… Яна уларнинг шефлариям бор… Турқи совуқ бир нусха. Сизга нимага керак бўлиб қолди улар?

— Шунчаки сўрадим-да.

Дарвоқе, Бобур Халил бойваччанинг одамлари қаторига қўшилганига кўп бўлмаганди. Бойваччанинг ўзини ҳам кўпи билан беш-олти марта кўрган, ҳали уни бошқа югурдакларидай илкиб-силкимаган эса-да, Бобур бир кўришдаёқ бу сўхтаси совуқ одамни ёқтирмай қолганди. “Аввалги тирикчилигимни қилиб юраверсам бўларкан. Буларга қўшилиб барака топмасам керак”, деб ўйлаганди ўшанда у. Бироқ ишлар бошқача кетди — у Халил бойваччанинг назарига тез тушди, агар оёғининг остидан чиқиб қолган бу фалокат бўлмаганида, балки ҳозир унинг ишончини ҳам қозонармиди?

— Энди мен кетаверсам ҳам бўлар. Эртага хабар оламан. Айтгандай, дўхтирга бугун бормадинг, эртага боришинг шарт.

“Намунча менга ёпишиб қолди, бошқа қиладиган иши йўқми?” — хаёлидан ўтди Бобурнинг.

Миркомил кетди. Бобур ўзи ёлғиз қолди. У жавонни очиб, альбом олди-да, варақлаб онаси ва опасининг суратларини бир-бир кўра бошлади. Шу пайт варақлар орасидан бир парча қоғоз чиқиб қолди. Бобур унда чизилган тоғ ва рақамларни кўриб ҳайрон бўлди. Қоғознинг ортига қаради — бўм-бўш, кейин бир хаёли отиб юбормоқчи ҳам бўлди. Сўнг: “Турса тураверсин”, деган ўйда, буклаб альбомнинг ичига солиб қўйди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (29-қисм)