11:56 / 18.05.2018
6 160

Рамазондаги камчилигимиз

Рамазондаги камчилигимиз
Рамазоннинг аввалида ибодатларга ҳимматимиз баланд бўлади. Таровиҳнинг илк кунларида масжидларни тўлдириб юборамиз. Лекин Рамазон ўтиб борар экан, ибодатларда сустлашиб борамиз. Айниқса, рамазоннинг ярми ўтиб, масжидларда хатмлар тугар экан, жамоат ҳам камайиб кетади. Ҳатто хатмни тугатгач, рамазоннинг қолган кунларида ифторликларда бемалол ўтириб, масжидга бормай ҳам қўяверамиз. Бу ишимиз нотўғри. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон охирлаб борар экан, ибодатга янада жиддийроқ киришар эдилар. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Қачон (охирги) ўн кунлик кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам изорларини маҳкам боғлаб*, кечани бедор ўтказар ва аҳлларини уйғотар эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

* “Изорларини маҳкам боғлаб” сўзидан – ибодатга астойдил бел боғлаганлари ёки аёлларидан четланганлари тушунилади.

Югуриш мусобақаларида марра кўриниши биланоқ спортчилар жон-жаҳди билан чопа бошлайди. Футбол ёки баскетбол ўйинларида ҳам бирор натижа кўрсатиш илинжида, айниқса, охирги дақиқаларда ўйинчилар шиддат билан ўйнашади.

Охират ютуғини қўлга киритиш учун ундан-да қаттиқроқ ҳаракат қилишимиз лозим бўлади. Охирги амаллар ўта аҳамиятли ва эътиборли ҳисобланади. Рамазон ойининг энг афзал кечалари охирги ўн кунларининг кечаларидир. Демак, маррага оз қолди. Агар нафсимиз бу кечаларда бўшашиб, дангасаликка йўл қўядиган бўлса, биз унга: “Эй нафсим! балки бу Рамазон сен учун охирги рамазондир”, деб айтайлик!

“Мусобақа қилувчилар мана шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!” (“Мутоффифийн” сураси, 26-оят).
Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Рамазондаги камчилигимиз