Инсон умрига беш нарса келишидан олдин, беш нарсанинг қадрига етиши лозим экан

  • Ҳаёт тарзи
  • 15-06-2018, 07:30
  • 1 074
  • Инсон умрига беш нарса келишидан олдин, беш нарсанинг қадрига етиши лозим экан
    Бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Ҳатто инсонга берилган неъматлар ҳам. Шу сабаб Пайғамбаримиз (с.а.в) беш нарса келишидан олдин, беш нарсанинг қадрига етиш лозимлигини ўргатганлар.

    Ибн Аббосдан (р.а) ривоят қилинади:

    Пайғамбаримиз (с.а.в): «Беш нарса келишидан олдин беш нарсадан тўғри фойдаланиб қолинг: кексалик келишидан олдин ёшлигингиздан, касал бўлишдан олдин соғлигингиздан, камбағаллик келишидан олдин бойлигингиздан, банд бўлиб қолишингиздан олдин бўш пайтингиздан ва ўлимингиз келишидан олдин ҳаётингиздан».

    Шарҳ: Ушбу ҳадисда инсон боласи ҳаётини қандай қилиб самарали кечириши айтиб ўтилган. Энг аввало, ҳар бир одам кексалик ёшига етишидан олдин, ёшлигидан тўғри фойдаланиб қолиши керак. Қайси маънодаки, Худонинг кўрсатган йўлида юриб, ўзидан фойдали амалларни қолдириши лозим. Ибодатда бўлиб, ота-онасига, яқинларига ва жамиятга фойдаси тегадиган ишларни қилиши шартдир. Чунки одам қариганда истаса ҳам бу ишларни қилишга кучи ва қурби етмай қолади.

    Ҳадисда, шунингдек, касаллик келишидан олдин соғликдан тўғри фойдаланиш керак, дейиляпти. Шу ўринда ҳар бир мусулмон одам билиши лозимки, саломатлик инсонга Аллоҳ тарафидан берилган бир неъматдир. Уни тўғри йўлда ишлатмаганлар қиёмат кунида жавоб беришади. Яъни, соғликка зарар келтирадиган нарсаларни истеъмол қилиш (мисол учун сигарет, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар ва ҳоказолар) соғлик учун зарардир. Рўза тутиш, намоз ўқиш, ўзгаларга ёрдам бериш ва соғлик талаб қиладиган бошқа амалларни соғ бўлган пайтда қилиб олиш керак. Чунки бемор бўлиб қолган одам, бундай амалларнинг аксарини бажара олмайди.

    Худо синаш учун истаган одамини бой ва истаганини камбағал қилиб қўяди. Кўпчилик “қани энди мен ҳам бой бўлсам, мен ҳам кўплаб хайрия қилар эдим”, дейди. Лекин баъзиларнинг пуллари кўпайган сари Аллоҳ таоло йўлида сарф қиладиган пуллари ҳам камайиб кетади. Бунинг ўрнига ҳар ким қурби етганича садақа эҳсонларини Яратганнинг розилиги учун доимий равишда бажариб туриши керак. Чунки одам бор пулидан ҳам айрилиб қолиши ҳеч гап эмас.

    Одамларнинг бўш вақтлари ҳам катта бир неъматдир. Чунки бўш пайтда ҳар қандай қўшимча яхши ишларни амалга оширса бўлади (масалан: қариндошларни зиёрат қилиш, ёрдамга муҳтож бўлган одамларга кўмак кўрсатиш, фойдали илмларни ўрганиш ва ҳоказо). Лекин одамлар ҳар хил ишлар билан машғул бўлиб қолганларида бу кўзлаган хайрли амалларни бажаришга вақт топа олмай қолишади ва унинг савобидан бебаҳра бўлишади.

    Ҳар бир одамга муҳим бўлган яна бир нарса бу ҳаётли пайтида ундан унумли фойдаланиб қолишликдир. Чунки ҳеч ким қанча умр кўришини билмайди. Баъзи одамлар “мен қариганимда ёки нафақага чиққанимда фалон-фалон ишларни қиламан”, деб ўзларини юпатишади. Лекин уни қайси ёшга етиб боришини ва ажали қачон эканлигини Аллоҳдан ўзга зот билмайди.

    Шундай экан, вақтимиз, соғлиғимиз, молу дунёимиз борлигида улардан унумли фойдаланиб Аллоҳнинг розилигини ва муҳаббатини қозониб олишга ҳаракат қилишимиз лозим.

    » » Инсон умрига беш нарса келишидан олдин, беш нарсанинг қадрига етиши лозим экан
    Яндекс.Метрика