Дилноза Кубаева – бугунги ўзбек театр ва кино санъатининг кўзга кўринган вакилларидан бири. Унинг ижросидаги роллар жуда кўпчиликнинг қалбидан муносиб ўрин эгаллаган, бироқ кейинги пайтда у саҳнада камроқ кўриниш бермоқда. Жуда кам интервю берадиган актриса журналистлар Назира Иноятова ҳамда Шоира Мирсодиқова билан суҳбат давомида кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб бериш баробарида ҳаётий қадриятлари ҳақида ҳам тўхталган.
“Болаларга кўпроқ таъсир ўтказсам дейман”
Санъатга бўлган муҳаббат менга ота-онамдан ўтган бўлса, уларга боболаримдан, момоларимдан ўтган. Табиат қўйнида катта бўлган одамлар бошқача бўлади. Улар ҳар бир гиёҳ билан, тош билан гаплашади. Ўша табиат билан улғайишган.
Ҳозир билмадим, лекин ўша ота-оналаримиз даврида ҳамма шоир, ҳамма санъаткор бўлган. Балки менинг ўғлимда бўлмас, лекин невараларимда, албатта, санъатга муҳаббат, ижодкорлик бўлади, ўтади барибир.
Болалар билан боғлиқ фаолиятим йўқ, афсуски. Миллий театрга 12 ёшдан катта болалар келиши мумкин. Ҳар бир чиқишимда ич-ичимдан «Қанийди, шу айтаётган шеъримни болажонлар яхши кўриб қолса, қидириб топсайди», дейман. Санъатга ошно қалбдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Қўлимдан келса, болаларга кўпроқ таъсир ўтказсам дейман, лекин имкониятим чекланган.
«Душманлик – бир-бирини тушунмаслик»
Менинг ҳаёт луғатимда «душман» деган сўз йўқ. Ҳар куним, ҳар сониям Яратганга таваккал, ҳаётимдаги жуда кичик масалаларни ҳам Аллоҳнинг изнига ташлаб қўйганман. Бандалар фақат сабабчи.
Душманликнинг ҳам илдизи бир-бирини тушунмасликдан келиб чиқади. Одамлар бир-бири билан гаплашиб олиши керак. Зиддиятларда четдаги инсонларнинг манфаати ётади холос. Ўтириб юзма-юз гаплашиб олишга журъат етмайди, ҳамма гап шунда.
Баъзан оила бўлиб гаплашиб олишга ҳам журъат тополмайди киши, бунинг бари ўзимизни аяшдан. Ўзимга ҳам, мен билан хафалашган инсонларга ҳам журъатли бўлишни тилайман.
«Бибихонимни ўйнашни истайман»
Тарихий фильмларда суратга тушиш насиб этмади ҳали. Кастингларга бораман, синовларда қатнашаман. Бошқа ҳамкасбларим ўтиб кетса, улар учун хурсанд бўламан, омадини берсин, дейман. Ҳеч қачон бировга ҳасад қилмаганман, балки шунинг учун ҳам омадлидирман.
Яқинда бир тарихий фильм кастингидан ўтдим. Лекин Хоразмга боролмадим баъзи сабабларга кўра. Демак, ҳали вақт бор экан, насибини кутиш керак экан.
Менинг тарихий ролим ҳали олдинда турибди. Лекин Бибихоним шахсиятига муҳаббатим баланд. Шу ролни ўйнашни истайман.
«Ҳозир маҳмадоналар даври»
Бир пайтлар театр даври, кино даври бўлди бизда. Ҳозир маҳмадоналар даври, доноларга эмас, ўшаларга қулоқ солишадиган давр. Давр ҳам деб бўлмайди, даврчалар, чунки ҳар қандай тутуриқсиз фаолият пировардида синишга олиб келади. Унинг пойдеворида ҳеч нарса йўқ — пуч.
Бундай вазиятда ижодкор инсонлар бир четда енгилиб, тушкунликка тушиб қолиши керакмас. Давом этиш керак. Вақти келиб, уларнинг ўзи қолиб кетаверади, ғалвир кўтарилади. Бир тарафдан шундай тутуриқсизликлар пайтида ҳақиқий ижод яхшироқ кўрина бошлайди.
«Миллат бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак»
«Миллат» сўзи — жуда улуғ сўз. Ҳар биримиз миллат учун, миллат бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Миллат дейилганда Абдулла Қодирий кўз ўнгимга келади. Зиёлиларимиздан, у инсонни кўрганлардан кўп эшитганман. Ҳақиқий миллатнинг кўрими бўлиб турарди, дейишади.
Одамларимиз, халқимиз қилаётган ишини виждонан қилишини истардим. Шундай бўлса, порахўрлик, бировнинг илдизига болта уриш каби ҳолатлар бўлмайди. Бунинг ортида одамларда яшашга иштиёқ ортади, яшагиси келаверади.
Қилаётган ишига ҳалол муносабатда бўлиши керак. Бундай инсонлар одамларни ҳам яхши кўради. Бандаларни севган одам Яратганни севади.
«Болалигимни эсласам, жуда олдин яшагандек ҳис қиламан»
Оила ташвишларини кичикликдан бўйнимга олганман. Онамга оғир бўлмасин, деб кўп ҳаракат қилганман. Фақат оила, рўзғор бўлган хаёлда.
Саккизчи синф пайтимда гиламчиликка қизиқардим. Ўшанда устозим шу гилам тўқишда қарашганим учун менга қанчадирам пул берган. Биринчи топган даромадим шу бўлган.
Актриса сифатида эса клипда тушганимда биринчи гонораримни олганман. Жуда хурсанд бўлиб, онамга олиб келиб берганман пулимни. Ундан кейин ҳам доим онамга олиб келиб берганман. Ўзимнинг алоҳида ҳамёним бўлганига кўп бўлмади.
Бир пайтлар бир дунё бозорлик қилиб уйга кириб келганимда турмуш ўртоғим ҳайрон бўлган. Ўғлимга доим рўзғор, оила ташвишларини қўлимдан олишини уқтираман. Бир кун келиб қўлимдан олади. Тўрт мучанг соғ экан, бировга муҳтож қилмасин.
Хатоларим кўп. Яшар эканмиз, хато қилишга мойил бўламиз. Лекин шу хатолардан хулоса чиқариб, янаям кучлироқ бўлиб, эртанги кунга ўтамиз. Биз онгли мавжудотмиз — инсонмиз. Шунинг учун доим хатолардан хулоса чиқаришимиз керак.
Ўз болалигимни эсласам, жуда олдин яшагандек ҳис қиламан ўзимни. Яқин тарих эмасдек. Биринчи навбатда боғчам, у ердаги Ҳалима опа исмли боғча опам ёдимга тушади.
Уларга қандай боғланганман, билмайман. Нима учунлигини эслолмайман, лекин бир марта биринчи ё иккинчи синф пайтим мактабдан чиқиб, тўғри ўша Ҳалима опанинг уйига борганман. Уйига киришга ботинолмай, анча вақт турганман ва уйга қайтганман.
Дўстлик жуда муҳим. Инсон ҳаётда ўз йўлини топиш учун яхши дўстга муҳтож бўлади. Самимий муносабат бўлса, ўзига тилайдиганни унга ҳам тилайдиган бўлса, дўстликнинг пойдевори бўлади бу.
«Ўзбек киносини томошабин ва ижодкорларнинг муносабати синдирди»
Сериалларга кўп таклиф тушади, лекин уларга улгуролмайман. Театримиз – республикадаги энг катта театр. Иш кўп у ерда. Доим ҳарбийдек туришимиз керак, хоҳлаган пайт хизмат сафарларига чақиришлари мумкин.
Сериаллардан ҳам рол олиб ташлаб, ҳамма ишим чала бўлиб қолишини истамайман. Бундан ташқари, ўзимнинг шахсий ижодим бор, оилам бор, ўзимни асрашим керак. Аслида, кинони ҳам соғиндим. Лекин киномиз озроқ ўзига келиб олишини кутяпман. Мен хоҳлаган режиссёр чиқмаяпти ҳам.
Ўзбек киноси синишига сабаб одамларнинг муносабати деб ўйлайман. Яъни томошабиннинг ҳам, ижодкорларнинг ўзининг ҳам муносабати синдирди.
Кўп тош отилди ва ҳўл-у қуруқ баравар ёниб кетди охирида. Кинонинг иммунитети тугади танқидларга нисбатан. Чунки «савалаш» жуда кўп бўлди.
Кинонинг бошида турган раҳбарлар ҳам шунга бемалол йўл қўйиб берди. Ўзиникини озроқ асраш керак, бўлмаса, пароканда бўлади ва шундай бўлди ҳам.
«Фақат савияли кўрсатувларга чиқаман»
Илгари кино съёмкалари кўп бўларди, шунинг кўрсатувларга чиқишга вақт бўлмасди. Доим театр ва кинони баробар олиб борганман. Устозларим ҳам одамнинг муқим бир ишлайдиган жойи бўлиши керак, деб кўп уқтирган. Шу сабабли театрдаман доим.
Ҳозир кинолар камайган. Кўрсатувларга чиқишга ҳам вақт топиляпти. Лекин шунда ҳам уйдагилар билан маслаҳатлашиб, ўзим ўйлаб кўриб, фақат бориш мумкин бўлган савияли кўрсатувларгагина чиқаман. Умуман кўринмай кетсам ҳам, одамлар унутиб юборади.
Ижодкор учун «йўқ бўлиб кетдингиз» деган гап қўрқинчли. Театрда шунча ишлаяпмиз, меҳнат қиляпмиз, лекин кимдир «театрлар ҳалиям борми, ишлаяптими?» деган гапни айтганда, юрагим парчаланиб кетади.
Доим театрни устун қўйганман. Буни қарангки, театр ҳаётимда муҳим рол ўйнайди, аммо театрда ишлашим одамлар орасида танилишга, кўринишга сабаб бўлмайди. Алам қилади.
Театрда даражаси пастроқ асарларда ўйнашгаям мажбур бўламиз. Агар бу ролда ўйнамайман, десангиз, юлдузлик касалига чалиндига чиқаришади. Мен эса доим кўнгилга қараш керак, дейман. Тушунилмаган, эшитилмаган кўнгил аламзада бўлади ва ҳеч нарса қилмайдиган бўлади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг