Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, мақом ва миллий эстрада йўналишларида ижод қилувчи хонанда Юлдуз Турдиева билан "Kunutun" нашри суҳбат уюштирди. Хонанда баъзи ёш эстрада хонандалари ҳақида ўз фикрини билдирди. Эътиборингизга ушбу интервьюни ҳавола этамиз.
Юлдуз Турдиева: 1985 йилнинг 10 августида Бухоро вилоятида туғилган. 2008 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган. 2007 йилда турмуш қурган ва ҳозирда икки нафар фарзанди бор. 2010 йил «Ниҳол» мукофотига сазовор бўлган хонанданинг илк мусиқий альбоми 2011 йил сотувга чиққан. Бундан ташқари, 2004 йилда Ялта шаҳрида ўтказилган «Бешинчи халқаро ёшлар фестивали»да «Энг яхши овоз соҳибаси» мукофотини, 2009 йил Озарбайжонда ўтказилган Байналхалқ муғом фестивали биринчи мукофотини қўлга киритган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
— Биламиз, яқинда Озарбайжонга ташриф буюрдингиз. Уларнинг телевидениесида бўлиб, кўрсатувларида иштирок этдингиз. Шулар хусусида гапирсангиз.
— Озарбайжонга боришимизга ижтимоий тармоқлардаги таклифлар сабаб бўлди. Озарбайжоннинг Xezer TV, Arb TV каналларида меҳмон бўлиб, кўрсатувларида қатнашдик. У ерда асосан мақомлар айтилади, албатта жонли ижрода. Бу каналлардаги иштирокимдан сўнг бошқа каналлардан ҳам таклифлар бўлди. Бу дегани – биз эътибордамиз.
— Эшитишимизча, ўзбек мақомини айта олган хонанда, бошқа миллатларнинг ҳам мақомини бемалол куйлаши мумкин экан. Сизнингча, бу қарашлар қанчалик тўғри?
— Бу, албатта, тўғри фикр. Чунки мақом куйлаётган хонанданинг овози ҳар томонлама мукаммал шаклланган бўлади. Бошқа миллат қўшиқларини айта олмайман-у, лекин ҳар қандай эстрада қўшиқларини ижро этишим мумкин. Устозларимда ҳам кузатганман, мақомни айтган санъаткор бемалол бошқа давлат қўшиқларини ҳам айта олади.
— Интервьюларингизнинг бирида мақомни кўпинча ёши улуғлар тинглайди, ёшларда эса катта ашулага эҳтиёж кам, дегансиз. Айтингчи, нега ёш авлод мақомни тингламайди, балки тушунмас?
— Ёшлар биринчи навбатда эстарада қўшиқларини севиб тинглаётгани, бундай тароналарнинг, радио, телевидениеларда кўп жаранг сочишидан. Миллий қўшиқчилик санъатимизга оид тушунчаларни болаларга боғча ёшиданоқ ўргатиш лозим. Мана Давлатимиз раҳбари томонидан мақомни ривожлантириш борасида турли қарорлар қабул қилиняпти. Устозларимиз ҳам бунга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ишонаманки, яқин келажакда мақом санъати ўз мавқеини қайта тиклайди.
— Бугун кўпчилик ўзини эстрада йўналишига урмоқда. Балки тезроқ «юлдуз» бўлишга интилишар. Балки мумтоз қўшиқларни тушунмас.
— Кўпчиликнинг эстрадага ўзини уришига асосий сабаб — бу халқ. Чунки уларнинг эҳтиёжи бор шунга. Масалан, тўйларга бориб, ўзимизнинг асл миллий тароналаримиздан ижро этамиз. Лекин биров даврага чиқиб ўйнамайди ёки мириқиб тингламайди. Агар бошқа давлат куйларидан фойдаланиб айтилган қўшиқлар бўлса, бутун халқ рақсга тушишини кузатиш мумкин. Бундан кейин улар мажбур бўлмоқда, эстрада йўналишида ижод қилишга. Лекин машҳур бўлиш учун, қандай қўшиқ тўғри келса, шуни айтаётганлар ҳам бор.
— Бизнингча, ўзбек эстрадасида тобора бақироқ овозлар кўпайиб бормоқда. Қўшиқ матнини гапирмаса ҳам бўлади. Бу борада фикрингиз.
— Бу каби овозларнинг урчиётганига сабаб – устоз кўрмаганликдир. Ҳамма ўзича бор овозида куйламоқда. Студияларда қандай мутахассислар фаолият кўрсатмоқда?! Хонанда ҳар бир қўшиқни ижро этишдан аввал, албатта, устозлар билан маслаҳатлашиши керак. Ваҳоланки, яхши шоирларимиз бор. Матнларни кўрсатиш керак.
— Кўпроқ қайси шоирлар билан ҳамкорлик қиласиз?
— Кўпроқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Иқбол Мирзо, Муҳаммад Юсуфлар ижодидан фойдаланаман.
«Бақироқ овозлар пайдо бўлаётганининг асосий сабаби — устоз кўрмаганликдир»
— Устоз-шогирд анъаналари хусусида фикрингиз?
— Бу анъаналарни очиғи, жуда қадрлайман. Чунки кимдир ўзида бор илмни бошқаларга улашса, юксалиш, ўсиш бўлади. Мен ёшман, фарзандларим ҳам ёш. Ўзим ҳали шогирдман. Лекин шогирд етиштириш ҳам катта бахт, деб биламан.
— Бугун кўп эшитяпмиз. Санъаткорлар китоб ўқишга вақти йўқлигини, айтмоқда. Сизнингча, китоб мутолаасига вақт топиш муҳимми ёки хоҳиш? Мутолаа хонанда учун қандай аҳамиятга эга?
— Тўғри айтяпсиз. Китоб ўқишга вақт йўқлигини айтамиз, лекин инсон юрган йўлида ҳам озгина бўлса-да мутолаа қилса бўлади. Бу албатта инсоннинг хоҳишига боғлиқ. Кўп китоб ўқиган инсонларнинг дунёқараши кенг бўлади, фикрларини тинглаб мазза қиласиз. Бундай инсонлар билан кўп суҳбат қурганман. Лекин бундай вазиятда бир жумла сўз айтишга-да ийманасиз. Чунки гапингизнинг маъносиз чиқиб қолишидан қўрқиш ҳисси бўлади. Отам китоб шайдоси, кўп ўқийдилар. Бизникига келиб, ҳар сафар китоб жавонидан бир талай китоб олиб кетадилар. Ишонсангиз, бир кунда битта китобни бемалол ўқиб тугатадилар. Кейин китоб мутолааси орқали хотирани мустаҳкамлаш ҳам мумкин. Бунинг исботини отамда кўряпман.
— Ҳозирда кўп кузатиляпти: бир кунда қўшиқчи актёрга, актёр қўшиқчига айланиб қоляпти. Томошабин ҳам ҳайрон: бу ким ўзи? Ўз қирраларини намоён қилиш, баъзан яхши албатта. Лекин бир иш бошини тутиб, ўшани қойиллатган маъқул эмасмикан? Бу ҳақда фикрингиз?
— Фикрингизга қўшиламан. Ўзим ҳам бугун ким хонанда-ю ким актёр, фарқига бормаяпман. Бир қарайсиз, актёр қўшиқ айтаётган бўлади, хонанда эса кинода роль ижро этади. Кўрганман, кимларгадир бу нарса жуда ярашади. Чунки бу истеъдод уларга берилган. Балки икки соҳада ҳам таҳсил олган бўлиши мумкин. Истеъдоди борми марҳамат. Лекин ўзини мажбурлаш керак эмас. Ундан кўра, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб, мамлакат ривожига ҳисса қўшсин.
— Тўғриси, бугун оила тушунчасининг қадрига етмай, масъулиятни ҳис этмаслик сабабми, ажралишлар сони кўп. Бу хаттоки, санъаткорлар орасида ҳам учрамоқда. Намунали оила бекаси сифатида фикрингиз қизиқ. Мустаҳкам оила бунёд бўлиши учун нималарга аҳамият қаратиш керак?
— Албатта бу бугун долзарб муаммо бўлиб келяпти. Айниқса, ажралишлар ёшлар орасида кўп. Бунга сабаб уларнинг сабрсизлиги, қайнонанинг биргина гапини тушунмаслик, тезда аразлаш. Оддий сабаблар орқали юзага келяпти-да. Кейин йигит-қизлар жуда эрта турмуш қурмоқда. Ҳали ҳаётни, оилани тушунмасдан турмуш қуриш ҳар доим ҳам яхши натижа беравермайди. Эр-хотин бир-бирини қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим. Тўғри, бошига бир-бирига ўрганиш, янги оилага кўникиш қийин кечар, шунда айниқса аёл сабрли бўлиши керак. Фарзандлар туғилганидан кейин эса оила ўз-ўзидан мустаҳкамланиб боради.
— Биламиз, бугунги муваффақиятларга турмуш ўртоғингиз билан биргаликда эришгансиз. Осон бўлмагани аниқ...
— Албатта, бугунги муваффақиятларнинг барчасини турмуш ўртоғим билан биргаликда қўлга киритдик. Осон бўлмади. Чунки кўпроқ халқ хизматидамиз, турли вазиятларга дуч келамиз. Орамизда ишонч бор. Ҳар доим уларга қулоқ тутаман, маслаҳатлашамиз.
— Фарзандлар тарбиясига келсак. Икки ўғлингиз бор. Наздимизда, қиз боладан кўра, ўғил бола тарбияси мураккаб, шундай эмасми?
— Албатта, ўғил бола тарбияси мушкул. Қаттиққўлликни талаб қилади. Меҳрож ва Сирож — икки нафар ўғлим бор. Иккаласи ҳам мактабда ўқийди. Дарсдан сўнг кўпроқ машғулотлар билан банд бўлишади. Шукур, қайнона-қайнотамнинг маслаҳатлари билан уларни улғайтиряпмиз.
— Ташқи томондан қараганда, жуда таъсирчан кўринасиз. Бундай кишилар, бирор ёмон воқеага дуч келсаям, уни ёддан чиқаришлари мушкул. Лекин бу доим ҳам яхши натижа бермайди...
— Ҳақиқатдан жуда таъсирчанман. Лекин эндиликда, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, ҳар қандай нарсага ҳам эътибор қилиш керакмас, деб ҳисоблайман. Авваллари, таъсирчанлигим сабаб, кўп нарсаларни бой берганман. Ҳозир эътибор қилмай қўйганман.
— «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида турк хонандаси Рафет Эл Роман билан мулоқотда бўлдингиз. Фестиваль ва Рафет ҳақидаги таассуротлар билан ўртоқлашсангиз.
— Рафет Эл Романнинг ижоди менга жуда ёқади. Ижро йўналиши ўзгача. Турк хонандалари ижросини тинглаганмиз, лекин унинг талқини бошқача. Кўришганимизда унинг содда, камтар инсон эканлигининг гувоҳи бўлдим. Фестиваль очилишида бухороча қўшиқлар ижро этдим. Бундан жуда хурсандман.
— Ҳаётда кўпроқ қайси сўздан фойдаланасиз?
— Шукроналик. Шукур қилиш.
— Қандай вазиятларда ёлғонни кечиришингиз мумкин?
— Фойда келтирадиган, яхшилик учун ишлатилган ёлғонни кечиришим мумкин.
— Эътиборни яхши кўрасизми?
— Албатта.
— Ҳақиқий дўст қандай сифатлар эгаси бўлиши даркор?
— Энг яқин дўстлар бу оила. Ота-она, опа-сингил, ака-ука. Тўғри, ҳаётда инсоннинг бошқа дўстлари ҳам бўлади. Энг муҳими, яқинингизга нима илинсангиз, унга нима тиласангиз дўстингиз учун ҳам шуни истасангиз, бу ҳақиқий дўстлик бўлади.
— Бахт сиз учун нима? Бир жумла билан изоҳланг.
— Ота-онамнинг соғ-саломатлиги, оилам тинчлиги.
— Пул ва обрў. Бу тушунчаларнинг бир-бирига ўхшаш жиҳати нимада?
— Пул ва обрў. Менимча булар бир-бирига қарама-қарши тушунчалар. Инсон мисқоллаб йиққан обрўсини, биргина амали билан зумда йўқотиши мумкин. Пул инсонга керак. Нега керак? Яхши яшаш учун. Агар у ҳалоллик эвазига топилган бўлса. Меъёридан ортиқ пул яхшиликка ҳам олиб келмайди.
— Сабр сизга тасанно айтадими? Ёки тезда унга енгиласизми?
— Ҳаётда сабр жуда керак. Сабр бўлса, тинч, яхши яшаш мумкин.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди