07:34 / 22.02.2018
5 350

Ўзбекистонлик адиб ва олимлар Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

Ўзбекистонлик адиб ва олимлар Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади
Ўзбекистонлик бир гуруҳ адиб ва адабиётшунос олимлар Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий боғ-музейи ташкил этилиши муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик хати йўллади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мактубда, жумладан, шундай дейилади:
Сизнинг жамият ҳаётининг бошқа барча жабҳалари қаторида адабиётимизга бўлган юксак эътиборингиз биз — адиблар, адабиётшунос олимлар ва умуман адабиёт аҳлининг айни кўнглимиздаги иш бўлаётганини айтишдан бениҳоя мамнунмиз. Кеча — 20 февраль куни яна бир хушхабарни, улкан савобли иш бошланганини эшитдик. Сизнинг бевосита ташаббусингиз ва раҳнамолигингизда Тошкент шаҳри, «Самарқанд дарвозаси» маҳалласида жойлашган буюк адиб Абдулла Қодирий яшаб ижод қилган уй ва боғ ҳовли ҳудудида боғ-музей ташкил этиш, бу ишларни амалга ошириш учун зарур маблағ ажратиш ва 2018 йил якунига қадар тугаллаш режалаштирилгани ҳақидаги хабарни ўқиб, тўғриси, кўзларимизга қувонч ёшлари келди. Бу хайрли иш халқимизнинг кўп йиллик армони эди.

Шунинг билан бирга, бу савобли иш тарихий ҳақиқатнинг, адолатнинг қарор топишидир. Халқимиз кўнглидаги гўё ушалмасдек туюлган орзунинг рўёбга чиқишидир. Чунки Абдулла Қодирий ўзбек романчилигининг асосчиси бўлиб тарихга кирди. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, шеърларию ҳикояларида биринчилардан бўлиб миллий истиқлол ғоясини куйлади. Ўз Ватанининг равнақини, она халқининг дунёдаги тараққий этган миллатлар даражасига кўтарилишини орзу қилди. Асарлари моҳиятида ана шу ҳаётбахш ғояларни акс эттирди.

Мудҳиш 1938 йилги қатағон қурбони бўлган Абдулла Қодирий номи фақат 1956 йилга келиб оқланди. Бироқ шундан кейин то мустақилликкача ўтган 35 ва истиқлолнинг 26 йили давомида буюк адиб яшаган уй эътиборсиз қолиб келди. Юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар мунтазам зиёрат қилиб келадиган бу маскан обод қилинмади. Абдулла Қодирий яшаган уйни музейга айлантириш борасида бир қанча марта юқори идораларга мурожаат этилган бўлишига қарамай, бу хайрли иш амалга ошмай келар эди. Ана шу эзгу ишга Сизнинг раҳнамолик қилишингиз кўксимизни тоғдек кўтарди.

Халқимизнинг қалбини ўртаб келган армон ортда қолгани рост бўлсин! Ушбу бениҳоя улкан савобли иш учун бутун адабиёт аҳлининг миннатдорлигини қабул қилгайсиз.


Мактубга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, филология фанлари докторлари Умарали Норматов ва Нурбой Жабборов, ёзувчилар Собир Ўнар ва Исажон Султон имзо чеккан.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ўзбекистонлик адиб ва олимлар Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади