Ҳусанов "Сити"да етакчига айланди: у Асенсиодан устун кўрилмоқда...

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Европа футболидаги энг ёрқин кашфиётлардан бирига айланмоқда. 22 ёшли футболчи жорий мавсумда ўз фаолиятида катта сакрашни амалга ошириб, "Манчестер Сити" сафида захирадан асосий таркиб ўйинчисигача бўлган йўлни жуда қисқа вақтда босиб ўтди.
Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоада Ҳусанов ҳимоя чизиғининг ишончли устунига айланди. Айниқса, январь ойида жамоага қўшилган Марк Гехи билан бирга шаклланган марказий ҳимоя тандеми “шаҳарликлар”нинг мудофаа салоҳиятини янада кучайтирди. Улар энг қийин ва принципиал учрашувларда ҳам барқарор ўйин кўрсатиб, жамоа натижаларига сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда Абдуқодир Ҳусанов нафақат ўз клубида, балки бутун Европа миқёсида энг ишончли марказий ҳимоячилардан бири сифатида баҳоланмоқда. Унинг майдондаги хотиржамлиги, позиция танлаш маҳорати ва икки хил позицияда ўйнай олиши уни янада қимматли футболчига айлантирмоқда.
Футбол таҳлилчиси Васант Балан ҳам ўз фикрларида Ҳусановни юқори баҳолади. У "Реал Мадрид" ҳимоячиси Рауль Асенсио билан таққослаб, айнан ўзбекистонлик футболчини устун қўйди.
“Ҳусанов ҳатто ‘Энфилд’да "Ливерпул"га қарши ўйинларда ҳам юқори даражада ҳаракат қилди. Ҳатто “Реал”га бой берилган ҳар икки учрашувда ҳам, ҳоҳ Мадридда бўлсин ёки Манчестерда у саросимага тушмасдан, хато қилмасдан ўйнади. У шу даражага етди. У катта босим остида ҳам хатосиз ўйнай олади ва ҳеч қачон саросимага тушмайди”, — дея таъкидлади эксперт.
Шу билан бирга, Ҳусанов жамоада ҳақиқий ишонч символига айлангани алоҳида қайд этилди. У майдонда бўлса, ҳимояда барқарорлик таъминланишига ишонч ортади. Бу эса ҳар қандай топ-клуб учун жуда муҳим омил ҳисобланади.
"Ҳозир Абдуқодир ҳақиқий ишонч устунига айланган. Яъни, у таркибда бўлса, ҳаммаси жойида бўлишига ишонасан. Шунингдек, у доим ҳимоячиларни жуда яхши қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун Ҳусановни танлайман. Ҳусанов Асенсиодан кучлироқ", - деди Васант Балан.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов ушбу мавсумда "Манчестер Сити" билан Англия лигаси кубогини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа Премьер-лигада пешқадам бўлиб, чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда. Англия кубогида эса ярим финалгача етиб келиб, соврин учун курашни давом эттирмоқда.
Индивидуал кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик: Ҳусанов январь ва март ойларида “Манчестер Сити”нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.
Қисқаси, Абдуқодир Ҳусанов ҳозирги формаси билан нафақат ўз клубида, балки жаҳон футболида ҳам катта ном қозониш сари ишонч билан одимламоқда. Агар у шу темпни сақлаб қолса, уни янада юқори чўққилар кутаётгани аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!