"Реал Мадрид" Беллериннинг 94-дақиқадаги голи сабаб очко йўқотди

Испания чемпионатининг навбатдаги турида "Реал Мадрид" сафарда "Реал Бетис" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувнинг 17-дақиқасида Винисиус рақиб дарвозабонининг хатосидан фойдаланиб ҳисобни очган эди. Шундан сўнг мадридликлар кўплаб имкониятларга эга бўлишди, бироқ Мбаппе, Беллингем ва бошқа ҳужумчилар вазиятлардан фойдалана олишмади. Ўйиннинг 94-дақиқасида собиқ "Арсенал" ҳимоячиси Эктор Беллерин ҳимоядаги тартибсизликдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ушбу натижадан сўнг Алваро Арбелоа шогирдлари пешқадам "Барселона"дан 8 очко ортда қолмоқда. Агар каталонияликлар шанба куни "Хетафе"ни мағлуб этса, фарқ 11 очкога етиши мумкин. "Реал Мадрид" ҳимоясидаги муаммолар давом этмоқда: жамоа кетма-кет 10 та ўйиндан бери ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти. Бу клубнинг 2003-04 йилги мавсумдан бери қайд этган энг ёмон кўрсаткичидир.

Учрашувда Килиан Мбаппе ўзига хос натижа қайд этди. У клуб сафида 100 та ўйин ўтказган 10-франциялик футболчига айланди. Бироқ ҳужумчи ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида жароҳат сабабли майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, унда тизза ости пайлари билан боғлиқ муаммо юзага келган.
Мадридликлар учун жорий мавсум омадсиз кечмоқда. Жамоа аллақачон Чемпионлар лигасидан чиқиб кетган ва энди ички чемпионатда ҳам имкониятларни бой бермоқда. Келаси ҳафтада жамоани "Эспанёл"га қарши сафар ўйини ва ундан кейин чемпионлик тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган "Эл-Класико" кутиб турибди. Арбелоа жамоаси энди фақатгина Флик бошқарувидаги "Барселона"нинг очко йўқотишига умид қилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!