08:02 / 19.07.2018
5 497

Модани тақиқлаш керакми?

Модани тақиқлаш керакми?
Бугунги кунда турли мамлакатларда пайдо бўлаётган ҳар қандай либослар, костюмлар тез орада дунё миқёсида урфга айланяпти. Бунинг сабаби нимада? Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, урфга айланаётган костюмни тарғиб қилувчи воситаларнинг ҳозирги пайтда кучли тараққий этгани, яъни сунъий йўлдошлар, оммавий ахборот воситалари, интернет орқали жаҳонда пайдо бўлаётган кийиниш янгиликлари ҳақида ахборотга эга бўлиш.

Иккинчиси, ҳозирги пайтда эркинликка интилиш ҳамда маданиятларнинг ўзаро яқинлашув жараёни билан боғлиқ. Муаммолар умумийлашмоқда. Бу ҳодиса ўз навбатида маданиятга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Масалан, Бразилияда пайдо бўлган кийиниш ғарбда ҳам, шарқда ҳам бир хил қабул қилиняпти.

Бугунги ёшларимиз жуда қизиқувчан, янгиликка ўч. Улар ҳар бир воқеа-ҳодисани эътиборсиз қолдирмайдилар. Айниқса, дунёда пайдо бўлаётган модалар ҳамиша уларнинг диққат марказида.

Хўш, аслида ҳам “мода” ёшларимизни бузяптими? Уларнинг миллий анъаналаримизга хос кийинишларига нима тўсқинлик қиляпти? Ёки модани тақиқлаш керакми? Умуман, мода тушунчаси нима? Уларнинг ташаббускорлари ким?

Кийиниш маданияти ўзгариши ёки бузилишига фақат янгиликка ўч ёшлар сабабчими? Мазкур муаммога ойдинлик киритиш мақсадида фикр-мулоҳазаларимизни айтиб ўтсак.

Вақт ўтиб, фақат либосларгина эмас, шу билан бирга бош кийим, поябзал, зеб-у зийнатлар, соч турмаклаш, пардоз қилиш — ҳаммаси биргаликда костюм ансамблига айланди. Ана шу костюмлар бугунги кунда маълум шахслар, ижодкорлар, яъни моделерлар, либос дизайнерлари томонидан яратилади. Бу костюмлар ҳам ижод маҳсули ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда либослар саноати билан шуғулланувчи “Кристиан Диор”, “Версаче”, “Пол Маккарти”, “Шанел” компанияларининг маҳсулотлари дунё бозорида энг юқори ўринларни эгаллайди. Уни урфга, одатда эл назарига тушган кишилар, яъни кийим намойиш қиладиган манекенлар, машҳур артистлар, қўшиқчилар, спортчилар олиб кирадилар. Бошқалар, айниқса, шундай кишиларнинг ихлосмандлари ўз-ўзидан уларга эргашадилар. Қарабсизки, ўша кийим русуми кўчага чиқади.

Модани иккига бўлиш мумкин. Биринчиси, тор доирада, яъни маҳалла, қишлоқ, шаҳар миқёсида ҳамда иккинчиси, кенг доирада мамлакат, дунё миқёсидаги модалар. Тор доирадаги либосларда миллий ўзига хослик устун бўлади. Кенг доирада, яъни бутун дунёда урф бўлган кийиниш маълум мамлакатда пайдо қилинса-да, унга бошқа мамлакатларнинг таъсири ҳам бўлади.

Қайд этиш керакки, модаларнинг ривожланиши ва тарқалиш даражаси баланд. Энг қизиғи, модалар бир мамлакатдан иккинчисига эмас, балки бир пайтнинг ўзида дунёга тарқаляпти. Бу албатта, цивилизациянинг натижасидир. Аммо цивилизациянинг таъсирига кўр-кўрона тушиб қолмаслик керак. Балки уни қабул қилишда ҳам дид, фаҳм-фаросат ва билим зарурдир.

Ёшларимиз кийган кийимлари уларнинг муомаласи, юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, оғизларидан чиқаётган сўзларига ҳам таъсир этмай қолмайди. Натижада, баъзан ноўрин сўзлар, хатти-ҳаракатлар жамоатчилик орасида норозилик кайфиятини уйғотади. Ҳар бир шахс оилада камол топади. Унинг атрофида тергайдиган ота-онаси, буви-бобоси, амма-холаси бор. Аммо баъзан улар ўзлари ўртоқларидан қолмасин, деб қизларига тор шим, калта юбка ёки елкаси, қорни очиқ кийимларни кийишга изн бераётган экан, демак, бу борада фақат ёшларни айблаш адолатдан эмас. Қолаверса, маълум маънода оиладаги, мактабдаги муҳит ҳам бунга сабабчи. Айнан оиланинг ўзи шундай кийимларни кийишни, “замонавий” бўлишни талаб қилиши афсусланарлидир.

“Мода”да кийинишга қарши бўлганлар жон куйдириб бундай ҳолатга чек қўйиш, ўқув муассасаларида тақиқлаш лозимлигини куйиниб айтадилар. Модани тақиқлаш мумкинми? Инсон табиатида тақиқланган нарсага қизиқиш кучли бўлади. Ота-онаси тақиқласа ҳам бола аввал шуни қилиб кўради. Ёмон томонига гувоҳ бўлгач, бу ишдан ўзини тортади.

Ман қилишдан кўра ёшларга тушунтириш, уларнинг диди, фаҳм-фаросатини тарбиялаш кўпроқ ижобий натижалар бермайдими? Шундан кейингина танлаш ҳуқуқини ёшларнинг ўзларига қўйиш керакдир, балки. Муҳими, бу борада ота-оналар ҳам фарзандларини тушуниб, ўзларини уларнинг ўринларига бир зум қўйиб кўрсалар, ёмон бўлмасди. Тўғри, инкор қилмаймиз, меъёр бузилган. Шу маънода, миллий либосларимиз ноёб намуна сифатида фақат маълум бир давраларда, айтайлик, байрамлар, тўйларда кийилади. Шунда ҳам замонавий тус берган ҳолда, албатта. Айниқса, бу пойтахтда жуда билинади. Вилоятлар, туманлар, қишлоқлар нисбатан кичкина ҳудуд бўлганлиги, ҳамма бир-бирини танигани боис, одамлар ҳар ҳолда андиша қиладилар. Ёшликнинг ўзи гўзал. Бугунги ёшларимизнинг ғарб модасига муккасидан кетаётгани, улар миллий кийиниш анъаналарини унутдилар, дегани эмас.

Ўзбегимизнинг миллий ифтихори бўлган атласга ҳамиша эътибор катта. У бизда ҳеч урфдан тушмайди. Шу билан бирга яқин-яқингача унутилган адрас, банорас, беқасам матолар яна урфга киряпти. Бу қувончли ҳол, албатта. Ҳозирда бу матога қизиқиш ортди. Замонавийлик ҳамда миллий уйғунлик акс этган андозаларда тикилган либослар қизларимиз ҳуснига яна ҳам кўркамлик бахш этади. Бу матоларни фақат тўю тантаналарда эмас, иш шароитлари учун ҳам мослаштириш ниятида мутахассисларимиз изланмоқдалар. Уларнинг намуналари ёшларимизнинг эгнида пайдо бўлганлиги ҳали бу борада янги-янги миллий либос русумлари яратилишига умид уйғотади.

Фақат модада кийиниш замонавийликни билдирмайди. Замонавийлик аввало инсоннинг ички ва ташқи дунёсини замонга уйғунлаштириш демакдир. Шу маънода ҳар бир костюм, либоснинг ўз мазмуни бор. Унинг тўғри танланиши, атрофдагилар томонидан илиқ қабул қилиниши ҳам урфни белгилайди. Шу билан бирга кишининг кайфияти, қандай иш билан шуғулланишида ҳам костюм кийишнинг ўрни бор. Шу ўринда миллий меъёр масаласига тўхталмоқ жоиз, деб ўйлаймиз. Барча ривожланган давлатларда оиладан ташқари мактабда, ўқув юртларида инсоннинг турли давраларда ўзини тутиши, муомаласи, буюмларнинг ишлатилиши, ўзи учун муносиб кийимни танлаш борасида махсус билимлар берилади.

Бизда бундай билимлар мактабларда “Одобнома”, “Оила психологияси”, олий ўқув юртларида “Этика”, “Эстетика” сингари фанларда умумий ўргатилади. Ваҳоланки, бу фанларни ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Айтмоқчи бўлганимиз, ёшларнинг модага ружу қўйиши, очиқ-сочиқ кийинишини фақат танқид қилиш, ёмонлаш билан чекланиб қолмай, унинг олдини олиш чораларини, яхши томонга ўзгартириш йўлларини излаш лозим.

Ҳар кимнинг келбатига яраша диди, фаҳм-фаросати ҳам бор. Энг зарури, ана шу дидни, фаҳм-фаросатни тўғри тарбиялай билиш кишини безайди, янада хушсурат қилиб кўрсатади. Тарбиялайдиган эса, жамоатчилик, яъни сиз-у биз — барчамиз.
Зулфизар ​Чориева
Республика дизайн коллежи ўқитувчиси.

Манба: Xalq so’zi

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Модани тақиқлаш керакми?