10:53 / 29.06.2019
4 018

Буюк тарих кўзгуси

Буюк тарих кўзгуси
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш таклифини берар экан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунинг учун самарали платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган эди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзуидаги халқаро илмий-амалий семинарни мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси, де­йиш мумкин. Соҳа мутахассислари, қўлёзма фондлари бўйича етакчи экспертлар, машҳур хаттотлар иштирок этган анжуманда ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларни муҳофаза қилиш, каталоглаштириш, мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Аширбек МЎМИНОВ,
Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш ташкилоти бўлим бошлиғи (Қозоғистон):

— Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида амалга оширилаётган ғоят муҳим аҳамиятга эга илмий лойиҳаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Бу ерда тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар жаҳон стандартларидан юқори, десам, хато бўлмайди. Албатта, бу Ўзбекистонда ёш тадқиқотчилар ва мутахассисларга катта эътибор қаратилаётганидан дарак беради.

Бугунги кўргазмадан мақсад ҳозир истеъмолдан чиқиб, йўқолиб бораётган хаттотлик санъатини янада жонлантиришдир. Биз бир неча йиллардан бери бу йўналишда мусобақалар ўтказиб келамиз. Уларда дунё миқёсида хаттотлар қатнашадилар. Ислом маданияти марказларидан бири — Самарқандда халқ­аро ислом хаттотлиги кўргазмасини ташкил қилганимиздан бениҳоя хурсандмиз. Бу ердан ўрин олган хаттотлик намуналари турли ­мусобақаларда ғолиб бўлган асарлардир.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига 56 мамлакат аъзо. Авваллари ташкилот фаолиятида Шимолий Африка, араб мамлакатлари, Эрон ва бош­қа давлатлар фаол ҳаракат қилар эди. Ҳозир Марказий Осиё республикаларининг ҳаракатлари сезиларли даражада ошди. Минтақа мамлакатларида муҳим ўзгаришлар рўй ­беряпти, маданий ютуқлар қўлга киритилмоқда. Сўнгги икки йилда ­ислом оламига Ўзбекистоннинг катта куч билан қайта қадам қўйганига гувоҳ бўляпмиз. Умид қиламизки, келажакда ўзаро ҳамкорлигимиз янада ривожланади.

Халит ЭРЕН,
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш ташкилоти (ИРСИКА) Бош директори (Туркия):

— Ўзбекистонда ­Президент Шавкат ­Мирзиёев бошчилигида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, илм ва тамаддун ғояларини тар­ғиб этиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотларда илгари сураётган ташаббусларини биз жуда катта қизиқиш ва мамнуният билан ­кузатиб бормоқдамиз. ­ИРСИКАнинг асосий вазифаси ҳам бутун дунёда ­ислом тарихи, санъати ва маданиятини кенг тар­ғиб этишдан иборат. Шу жиҳатдан қараганда, мазкур йўналишдаги фаолиятимиз, ғоя ва ташаббусларимиз ўзаро ҳамоҳанг­дир. Бунинг учун Ўзбекистон Президенти­ Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимизни билдиришни истардим.

Қисқа муддатда Имом Бухорий халқаро илмий-тад­қиқот марказининг исломий меросни ўрганиш бўйича йирик илмий, маданий муассасага айланишини, очиғи, кутмаган эдик. Бу, албатта, муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.

Мазкур тадбирдан мақсад — ислом динига оид нодир манбаларни безавол асраш, қўлёзмаларнинг тўғри сақланишини ташкил этиш бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат. Шунингдек, тобора камёб бўлиб бораётган хаттотлик санъатига эътибор қаратиш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Келажакда ҳамкорликда хаттотлар учун маҳорат дарсларини ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Ҳабибилло СОЛИҲ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими, хаттот:

— Аждодларимиз илм-маърифат машъалаларини олам аҳлига маънавий мерос қилиб қолдирганлар. Бугунги кунда уларни чуқур тадқиқ қилишга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани барчамизни бирдек қувонтирмоқда. ИРСИКА таш­килоти қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга. Аждодларимизнинг ёзма мерослари, китобат санъати бутун оламга маълум ва машҳур.

Дунё қўлёзма фондларини тўлдириб турган асарларимиз нусхалари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизга қайтиб келмоқда. Уларни таржима қилиш, халқимизга етказиш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Таъкидлаш керакки, улуғ аждодларимиз амал қилган “Устоз — шогирд” анъаналари туфайлигина мумтоз ёзув санъати бизгача етиб келган.

Бу каби халқаро семинарлар орқали мамлакатимизнинг малакали хаттотлари томонидан ишланган асарларни кенг оммага, халқаро мутахассисларга таништириш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Анжуман аждодларимизнинг бой илмий салоҳияти, ноёб иқтидори саҳрога томган сув каби йўқликка юз тутмагани, балки ноёб қўлёзмалар, бетакрор ёзув маданияти, хаттотлик санъати орқали ҳануз юртдошларимиз, олим ва тадқиқотчиларимиз руҳиятида яшаб келаётгани, бу иқтидор ва салоҳият Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази сингари илмий муассасалар орқали юзага чиқаётганини кўрсатмоқда.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори:

— Бугунги кунда республикамизнинг турли илмий-тадқиқот марказлари, қўлёзма фондлари, музей ва кутубхоналарида 100 мингга яқин нодир қўлёзмалар сақланмоқда. Улар орасида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг нодир асарлари мавжуд. Марказимиз ушбу манбаларни тадқиқ қилиш ва халқимизга етказиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Мазкур йўналишда жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, музей ва кутубхоналари билан ҳамкорлик қиляпмиз.

Ушбу халқаро семинарда қўлёзмаларни сақлаш ва ­тадқиқ этиш бўйича илғор тажрибаларни муҳокама қилдик. Соҳа мутахассислари олдида турган муҳим вазифалардан бири нодир манбаларга шикаст етишининг олдини олиш, қўлёзмаларни каталоглаштириш, уларни юқори сифатдаги рақамли форматга ўтказиш чораларини кўришдан иборат.

Айни вақтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан алломаларимиз асарларини нафақат таржима қилиш, балки ана шу нодир манбаларни аҳоли турли ёш тоифаларига мос, уларнинг психологик ҳолати, билим савиясини инобатга олган ҳолда нашр этиш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Шу йўл билан қадимий қўлёзмаларга янги ҳаёт бахш этиш, умрини узайтириш, ушбу асарларнинг одамларимиз китоб жавонларига кириб боришига ­эришамиз.

Омонулла ФАЙЗИЕВ ёзиб олди.

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Буюк тарих кўзгуси