date

Орбан Россия хавфи бўйича кутилмаган фикрларини айтди

Орбан Россия хавфи бўйича кутилмаган фикрларини айтди

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи ва НАТОга Россиядан эҳтимолий ҳужум бўлиши ҳақидаги қўрқувларни жиддий қабул қилмаслигини очиқ баён қилди. Унинг таъкидлашича, бу тахминлар мутлақо асоссиз ва ҳатто кулгили экан.

Орбаннинг гапиришича, Россиянинг иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти ЕИ ва НАТО билан таққослаганда анча паст. “Ҳаммага айтаман: Россия Европага ё НАТОга ҳужум қилади, деган гаплар — жиддий фикр эмас. Европа иттифоқи аҳолиси 400 миллиондан ошади, Россия эса уч баробар кам. Қолаверса, 27 давлатдан иборат ЕИнинг умумий ҳарбий қудрати ҳам русларникидан устун”, — деди у Axel Springer медиакорпорацияси раҳбари Матиас Дёпфнернинг MD meets подкастида.

Шу билан бирга, Орбан Украинадаги вазиятни мисол қилиб, Россиянинг уч йилдан бери Украина ҳудудини тўлиқ эгаллай олмаётганини таъкидлади. “Агар улар Украинада бунга эришолмаётган бўлса, қандай қилиб бутун Европага хавф солиши мумкин?” — дея у риторик савол қўйди.

Бироқ Орбаннинг қарашлари ҳамиша бир томонлама эмас. У Россиянинг эҳтимолий мағлубияти кутиб бўлмас хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди. “Агар ядровий давлат ядровий қурол ишлатмасдан урушда ютқазса, у ҳолда ядровий қурол ишлатиш хавфи пайдо бўлиши табиий”, — деди у. Унга кўра, бу — халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солиши мумкин.

Орбан ЕИ етакчиларининг уруш борасидаги сиёсатини ҳам танқид қилди. Хусусан, Германия канцлери Фридрих Мерцни у “уруш тарафида туришда” айблади. “Мен унинг ўрнида бўлсам, тинчликка хизмат қиладиган қадам ташлаган бўлардим”, — деди у. Ушбу фикрлар ортидан Орбан вақт Россия томонида кетмоқда, ЕИ эса орқа қолмоқда, деган хулоса қилди.

Подкаст давомида Венгрия бош вазири Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ҳақида илиқ сўзлар билан тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, ЕИ йиғилишларида тинчлик ва ҳамкорликка даъват қилиб чиққан сиёсатчилар орасида айнан Меркель билан кўпроқ ёнма-ён фикр билдиришган. Бироқ миграция ва экология масалаларида уларнинг позициялари доимо фарқ қилган. “Баъзида у менга қаттиқ овозда гапирарди, ҳатто хотинимдан ҳам кўпроқ”, — деб шўхлик билан эслади Орбан.

Матнда Россиянинг ядровий доктринаси ҳақидаги ўзгаришлар ҳам тилга олинди. 2024 йил ноябрида Путин имзолаган янги ҳужжатга кўра, ядровий қуроли бўлмаган давлатнинг ядровий давлат билан биргаликда Россияга қарши тажовузи ҳам ядровий хавф сифатида қабул қилинади.

Орбаннинг баёноти Европа хавфсизлиги, Россия билан муносабатлар ва Украинадаги вазият атрофидаги баҳсларни янада қизитди. Европа сиёсатида эса унинг бундай кескин ва мустақил баёнотлари алоҳида эътибор марказида қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Орбан Россия хавфи бўйича кутилмаган фикрларини айтди