15:37 / 03.10.2017
111 481

Бедана тухуми ва унинг ҳайратларга сазовор фойдали хусусиятлари

Бедана тухуми ва унинг ҳайратларга сазовор фойдали хусусиятлари
Қадимдан халқ табобатида бедана гўшти ва тухумидан кенг фойдаланилган.

Хива хонлиги даврида хон саройидаги амалдорлар орасида халифа деган мансабдор бўлиб, уни халқ «қушчи», «қарчиғайчи» дея атаган. «Қушчи»нинг вазифаси хонларнинг шикори учун ўргатилган овчи қушлар — бургут, қирғовулларни боқиш, шунингдек, хон дастурхони учун чумчуқ, каптар, товус ва беданаларни парваришлашдан иборат эди. Ўша вақтда қуш қанчалик кичик бўлса, унинг гўшти шунчалик ширин ва шифобахш, деган тушунча бўлган.

Биламизки, бедана ҳам кичик қуш. У қирғовулдошлар оиласига мансуб бўлиб, танасининг узунлиги 16-20 смни, оғирлиги эса 80-145 граммни ташкил этади. Бедана бир йилда 250-300 дона тухум қўяди. Уч дона бедана тухумининг ҳажми битта товуқ тухумига тенг. Бироқ бедана тухуми товуқ тухумига нисбатан бир неча баробар фойдали ва ажойиб хусусиятларга эга.

ШИФОБАХШЛИГИ
Товуқ тухумига қараганда бедана тухуми таркибида калий 5 баробар, темир 4 баробар, В1 ва В2 витаминлари 2,5 баробар кўп. Товуқ тухумида оқсил моддаси 55,8 фоизни ташкил этса, бедана тухумида 65 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, бедана тухумида А витамини, никотин кислотаси, фосфор, мис, лизоцим, кальций, кумуш ва бошқа аминокислоталар ҳам бор.

ЮНЕСКО қошидаги халқаро Ахборот академияси академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Худоёр Оллоёровнинг таъкидлашича, бедана тухуми одам учун зарур бўлган, экологик тоза ва биологик жиҳатдан тўйимли маҳсулот ҳисобланади. Японияда бедана тухуми аҳоли ўртасида энг кўп истеъмол этиладиган озуқадир. Маълумки, ўтган асрнинг 1945 йилида Хиросима ва Нагасаки шаҳарларининг бомбардимон қилинишидан сўнг япон олимлари инсон танасидан радиактив элементларни энг самарали равишда чиқаришда бедана тухумини афзал, деб билишган. Ана шундан бери то ҳозиргача Японияда кун тартибига киритилган 12 та асосий озуқа рўйхатига бедана тухуми ҳам қўшилган бўлиб, ҳар бир япониялик кунда икки марта бедана тухумини давлат ҳисобидан олишга ҳақи бор. Яъни мактаб ўқувчиларининг нонуштасига бедана тухуми қўшиб берилади. Нафақат Японияда, шунингдек, Хитойда ҳам аҳоли ёппасига бедана тухумини истеъмол қилишига гувоҳ бўлиш мумкин. Чунки хитойликлар ҳам бу жажжи тухумнинг катта фойдаларини яхши билишади.

ФОЙДАЛИ ЖИҲАТЛАРИ
Камқонликда, қон босим тушганда, кучли бош оғриғида, иммунитет сусайганда, ўткир респератор касалликларида, сурункали бронхит ва силга оид интоксикацияларда, ошқозон яраси ва гастритда, панкреатитда, асаб тизими бузилишларида, қандли диабет ва бошқа кўплаб касалликларда бедана тухуми фойдали.

Бедана тухуми хотирани кучайтириб, кўзни равшанлаштиради, асаб тизимини мустаҳкамлайди.

Иммунитетни оширади, овқат ҳазм қилиш ва юрак-қон томир тизимини мўътадиллаштиради.

Танадаги радиактив ва оғир металларни чиқариб ташлаши тажрибада исботланган.

Бедана тухумининг тўрт-беш донасини хомлигича исътемол қилиш эркаклар қувватини оширади.

Бедана ҳеч қачон сальмониз касаллиги учрамайди. Шу боис унинг тухумини бемалол хомлигича истеъмол қилиш мумкин.

Товуқ тухуми баъзи ҳолларда аллергияни келтириб чиқарса, бедана тухумида бу ҳолат кузатилмайди.

Бу митти тухум қон босимини меъёрлаштиради, яъни босим паст бўлса кўтаради, юқори бўлса туширади ва паришонхотирликни даволайди.

Бедана тухуми таркибида лизоцим мавжудлиги туфайли узоқ муддатгача сақланади. Тухумни хона ҳароратида 30 кун, совутгичда 60 кунгача сақлаш мумкин.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бедана тухумининг инсон организмига ҳеч қандай зарари йўқ.

ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
Миттигина тухумни нафақат хомлигича истеъмол қилиш, балки қайнатиш, қовуриш, ҳатто дудлаш ва маринадлаш ҳам мумкин.

Бедана тухуми терининг соғлом ва кўркам бўлишига ёрдам беради.

Болалар бир кунда 2-4 дона, катталар 3-5 дона тухумни эрталаб оч қоринга истеъмол этиши тавсия этилади. Энг фойдалиси, тухумни хомлигича оч қоринга ичишдир. Буни уч-тўрт ой давомида танаффуссиз амалга ошириш лозим. Даволаш икки ҳафтадан кейин ўз самарасини кўрсатади. Уч ёшгача бўлган болаларга эса бедана тухумини пиширилган ҳолда берган маъқул.

ЭНГ ШИФОБАХШ ТУХУМ
Бедана тухуми таркибида эркаклар саломатлиги учун фойдали моддалар, микро ва макро элементлар, витаминлар 3-4 марта зиёд. Масалан, тухумдаги калий моддаси товуқ тухуминикига қараганда беш баробар кўпроқ. Бу эса эркаклик қувватини оширишда жуда самарали ёрдам беради.

ЮРАК-ҚОН ТОМИРЛАРИ КАСАЛЛИГИДАН АСРАЙДИ
Маълумки, юрак-қон томир касалликлари инсонларнинг биринчи даражали душмани ҳисобланади. Бедана тухуми таркибида холестерин моддаси учрамайди, у қонни тозалаш, қон босимини меъёрлаштириш, гемоглобин миқдорини ошириш ҳамда организмдан радионуклидлар, қондаги зарарли моддаларни чиқариб юбора олади.

МИТТИ ТУХУМ ҲАҚИДА СЎНГГИ СЎЗ
Хуллас, ҳар куни икки дона бедана тухуми тановул қилиб ўсган бола тенгдошларига қараганда соғломроқ, кучлироқ бўлиб вояга етади. У хотирасидан ҳам шикоят қилмайди, асаб тизими мустаҳкам бўлиб, кўзлари жуда ўткир бўлади. Шу билан биргаликда, бундай болаларнинг организми меъёрда ривожланиб, жуда кам касал бўлишади.

Замонавий тиббиётда аниқланишича, мунтазам равишда бедана тухумини истеъмол қилиб юрганлар юрак хасталиклари, қандли диабет, бронхиал астма, жигар, ошқозон, буйрак,
қалқонсимон без, камқонлик, асаб тизими касалликларидан камроқ шикоят қилишади.

КИЧИК ТАВСИЯЛАР

Бир стакан табиий шарбатга 2-3 та кўпиртирилган тухум ва бир қошиқ асал қўшинг ва ундан кунига бир маҳал қабул қилинг, қувватингиз ошади.

Эркаклар потенцияни ошириш учун 40 кун давомида эрталаб 3 та, кечқурун 3 та бедана тухумини хомлигича ичиши лозим.

3-4 ой бедана тухуми истеъмол қилиш дудуқланишни бартараф этиши мумкин.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Бедана тухуми ва унинг ҳайратларга сазовор фойдали хусусиятлари