16:36 / 23.04.2018
5 180

Чироқчи туманининг собиқ ҳокимини ким қаматган эди?

Чироқчи туманининг собиқ ҳокимини ким қаматган эди?
Ўз вақтида муносиб хизматлари учун «Жасорат» медали билан тақдирланган Нурулла Қаюмов Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ҳоким бўлиб ишлаган. 2007 йил 5 сентябрда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси кўрилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар бермоқда.

У Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, шу кодекснинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 59 ва 61-моддаларга биноан, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Охирги икки йил ичида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар кўплаб айбсиз айбдорлар қаторида собиқ ҳоким учун ҳам айни муддао бўлди. Ниҳоят, унинг 10 йиллик азоб-уқубати якун топди, у оқланди.

Ҳокимни — Президентнинг Чироқчидаги вакилини ким айблаган эди ва нима учун?

«Халқ сўзи» мухбири Нурулла Қаюмов билан суҳбатлашганда ушбу келишмовчилик нолойиқ кадрни масъул лавозимга қўйишни талаб қилишганидан кейин бошлаганини айтди. У ҳоким сифатида бунга қатъий норози эканлигини билдиради. Бироқ ўртага тушган ўша пайтдаги Миллий хавфсизлик хизмати ҳудудий вакили ҳам бўш келмайди. Кейин йўриғига юрмагани учун ҳокимга тузоқ қўйишни бошлаб юборади.

Адолат билан айтганда, тузоқни эплаб қўёлмайди. Гап шундаки, ҳокимни айблаш учун ўйлаб топилган «давлат мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган»лиги далили бўлмиш суммалар арзимас бўлиб, бундай ишни ҳоким-ку ҳоким, кичкинагина корхона раҳбарининг ҳам ўзига эп кўришига ишонгингиз келмайди.

Мисол учун: «Ҳоким ўз ҳайдовчиси Б. Эшқобилов номидаги 2005 йил 29 декабрдан 2006 йил 15 ноябргача бўлган рақамсиз ғазна чиқим ордерларини унинг номига расмийлаштириб, 2 миллион 999 сўмлик ўзганинг пул маблағларини ўзлаштирган». Қойил-э, ҳокимнинг куни ўз ҳайдовчисига қолса.

Бу мисол унисидан ошиб тушади: «Р. Бердиёрованинг 2006 йил июль ойи иш ҳақи ведомостидан 61441 сўмни, август ойи иш ҳақи ведомостидан 64210 сўмни олиш ҳақидаги имзоларни сохталаштириб, туман ҳокимлиги ходимларининг манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган».

Айбловда яна қатор мисоллар борки, уларнинг суммаси турлича бўлиши мумкин, аммо улар ҳар қандай кишида шубҳа туғдиради. Иш билан танишиб бўлгач, «Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан ўзи асрасин» деган мақол беихтиёр ёдга тушди.

Узоқ йиллик азиятлар сўнгида собиқ ҳоким оқланди. Бундан унинг ўзи, ёр биродарлари, оила аъзоларининг ҳам қувончи чексизлиги шубҳасиз. Аммо ўтган йиллар давомидаги қийинчиликлар, йўқотишлар ва саломатлик билан боғлиқ муаммолар ўрнини нима билан, қандай тўлдириш мумкин?

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чироқчи туманининг собиқ ҳокимини ким қаматган эди?