Гимнастика спорт турларининг маликаси, деб бежизга эътироф этилмайди. Нафосат ва гўзаллик, эпчиллик ва чаққонликни ўзида мужассам этган бу спорт тури билан шуғулланувчилар юртимизда тобора кўпаймоқда. Улар халқаро майдонларда муносиб ўринларни эгалламоқда. Жаҳон ареналарида юртимиз довруғини таратаётганлардан орасида Оминахон Ҳалилова ҳам бор.
Бу йил 25- баҳорини қарши олаётган Оминахоннинг ота-оналари унинг спортга бўлган қизиқишини англашиб, беш ёшлигидаёқ гимнастика тўгарагига олиб боришган. Мана шундан буён у севимли спорт тури билан шуғулланиб келади. У билан суҳбатимизнинг асосий мавзуи ҳам гимнастика бўлди.
- Бу спорт билан профессионал шуғулланиш аввалида муаммолар бўлмаганми? Масалан: "Одамлар нима дейди?" қабилидаги гаплар...
- Аввалига бундай гап-сўзлар кўп бўлган. Айниқса энди бошлаган пайтларимда. Кейинроқ улғайгач, бу яна ҳам кўпроқ кўзга ташлана бошлади. Муаммоларга дуч келган кунларим ҳам бўлган. Бу спортни яхши кўришим барчасини ортда қолдирди. Негаки унинг ўзгача жозибаси доим мени ўзига жалб этиб туради.
- Яқинда Туркияда ўтказилган катта мусобақада совринли ўринлардан бирини банд этдингиз. Фаолиятингиз давомида, яна қандай совринларга эга чиққансиз?
-Гимнастика бўйича халқаро спорт устаси унвонини қўлга киритганман. Бир неча йиллардан бери турли мусобақаларда мунтазам иштирок этиб келмоқдаман. 5 карра Ўзбекистон чемпиони унвонига эга бўлдим. Осиё чемпионатида олтин медаль соҳибасига айландим. Шунга қарамай, асосий орзуим амалга ошгани йўқ. Эришган натижаларим туфайли юртимиз байроғининг жаҳон ареналарида янада баланд туришини истайман.
-Нега айнан гимнастикани танлагансиз?
- Тўғрисини айтсам, болалик пайтларимда учишни орзу қилганман. Нимани орзу қилишим билан қизиққанларга доимо "парвоз қилиш", деб жавоб берганман. Улғайгач, хаёл бошқа, ҳаёт бошқа эканлигини англаб етдим. Ҳозир мураккаб вазиятлар, тўсиқларга қарамай кўзлаган мақсадим сари интилишни ҳаётимдаги шиор қилиб олганман. Шу омил сабабли ҳам гимнастикани танладим ва у билан умр йўлларимни боғладим.
- Олдинда қандай мусобақалар сизни кутиб турибди?
- Тез орада бўлиб ўтиши кўзда тутилган Осиё чемпионати ва Осиё ўйинлари мусобақаларига тайёргарлик кўриляпти. Халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимиз учун ҳар бир спортчи билан хареограф, диетолог ва психологлар ишламоқда. Ҳар куни икки маҳал машғулот ўтаяпмиз. Барчаси аъло даражада бормоқда. Насиб қилса, яқинлашиб келаётган турнирда олтин медални олиб, Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтишни режалаштирганмиз.
- Спорт гимнастикаси билан шуғулланишни орзу қилаёган ёшларга нималарни маслаҳат берган бўлар эдингиз?
-Ҳеч қачон, ҳеч нарсадан қўриқиш керак эмас. Қўрқув ҳар қандай спортга энди кириб келган ёшларга ўтиб бўлмас тўсиқ вазифасини бажариб беради. Бу муаммони ҳал этишни исташса, кўпроқ машғулотларда иштирок этишсин. Тинимсиз меҳнат ҳеч қачон бесамар кетмайди. У бир кунмас бир, албатта, ўз мевасини беради.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг