Саудия Арабистони — бу ёзда футболчиларнинг энг севимли йўналишига айланди. У ерга бутунлай бошқача миқёсдаги футболчилар ҳам йўл олишмоқда — «Олтин тўп» соҳиблари Роналду ва Бенземадан тортиб истиқболли футболчилар қаторида кўрилган Рубен Невеш кабиларгача. Мане ёки Канте калибридаги юлдузлар ҳам фаолиятининг қолган қисмини ушбу экзотик лигада ўтказишга қарор қилди.
Саудияликларнинг энг янги (ва энг кутилмаган) хариди — Неймарнинг «ПСЖ»дан «Ал-Ҳилол»га трансфери бўлди. Ва бу ҳолатда уч томоннинг ҳам манфаатлари муштарак эди — парижликлар футболчидан қутулмоқчи эди, футболчи ҳам вазиятни ўзгартиришга қарши эмасди, Саудия Арабистонидагилар эса шунчаки навбатдаги суперюлдузни кутаётганди.
Неймар нима учун «ПСЖ»дан кетишни истади?
Уч ҳафта олдин ҳам бразилиялик футболчининг кетишига ҳеч ким ишонмасди. Кўп жиҳатдан шунинг учунки, унинг ўзи бундай эҳтимолни рад этиб чиққанди. «Менинг келажагимга келадиган бўлсак, «ПСЖ»да қолишга умид қиламан. Менинг бу клуб билан шартномам бор. Ҳатто мухлислар мендан нафратланишса ҳам, мен шу ерда қоламан», — дея ишонтирганди Неймар июл ойи ўрталарида.
L`Equipe манбалари тасдиқлаганди: футболчи Парижда ўзини қулай ҳис қилаётган, уни маоши қониқтираётган, профессионал амбициялари эса фақат Европа билан боғлиқ эди. Аммо барчаси бошқача бўлиб чиқди.
Француз медиаси маълумотига кўра, Неймар «ПСЖ»дан кетиш ҳақида май ойида ўйлай бошлаган (алоҳида манбаларга кўра эса — январ ойидаёқ). Бунинг асосий сабабларидан бири мухлислар исёни эли — Париждаги торсида бразилияликдан нафратланган ва ҳатто унинг уйи қаршисида митинг уюштирган. Буларнинг бари ҳужумчини қўрқитиб юборган ва етарлича ноқулайлик келтириб чиқарган.
Клубдагилар ҳам Чемпионлар лигасида кетма-кет муваффақиятсизликка учралгач, Неймар — Мбаппе — Мессининг юлдузли триосидан норози бўлган ва бу футболчиларга нисбатан тактикани ўзгартирмоқчи эди. Бундан дастлаб Лионел жабр чекди — у клуб раҳбариятининг розилигини олмасдан, ноўрин вақтда (ўшанда клуб шов-шувли тарзда Франция чемпионатида «Лорян»дан мағлубиятга учраганди) Саудия Арабистонига бориб келгани учун жазоланган ва ҳатто расман узр сўрашга мажбур қилинганди. Шу тариқа, «ПСЖ»дагилар юлдузлар даври якунлангани, клуб ҳар қандай футболчидан устун туришини кўрсатиб қўймоқчи бўлганди. Якунда Месси Парижни тарк этди.
Кейин эса Мбаппе билан боғлиқ тарих бошланди, бунда ҳам раҳбарият қатъий позиция эгаллади: шартномасини узайтирмаслигини билдирган француз ҳужумчиси мавсумолди турнесидан тушириб қолдирилди ва унга бутун мавсум давомида захира ўриндиғида қолдириш билан таҳдид қилинди.
Аммо якунда Килиан қоладиган бўлди, матбуотда эса унинг Неймар билан мураккаб муносабатлари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди: L`Equipe маълумотига кўра, Мбаппе бир йил олдин у ва бразилиялик бир таркибда бўлмаслиги кераклигини уқтирганди.
Неймар бундай муҳитда қолишни истамаслиги табиий эди.
Неймар қандай кетди: ўз хизматларини «МЮ»га, «Бавария»га ва ҳатто «Барселона»га ҳам таклиф этди
Парижликларнинг Неймар билан боғлиқ вазиятдаги тактикаси Мбаппе ва Месси кейсларидан деярли фарқ қилмади — клуб шунчаки норози футболчисини трансферга қўйиб юборди. Французларнинг шарти оддий эди — яхши пул ишлаб олиш (камида 90 миллион евро), ҳеч ким форвардни қолишга кўндиришга уриниб кўрмади.
Луис Энрике очиқчасига бразилиялик футболчи унинг режаларидан ўрин олмаганини айтди. Сингилларининг туғилган кунлари, яна қандайдир базмлар, энг муҳим паллаларда олинган жароҳатлар – 2017 йилдан буён Неймарда 30 тадан ортиқ ўйин ўтказилган бирорта мавсум бўлмаган.
Трансфер учун юқори нарх сўралиши, шунингдек футболчининг ўзининг катта маоши (унинг Париждаги йиллик маоши 25 миллион евро атрофида эди) ҳисобга олинса, Европада янги жамоа топиш муаммо эди, шу туфайли дарҳол бу ёзнинг энг бадавлат лигаси биринчи планга чиқди — Саудия Арабистони. Шу заҳоти «Ал-Ҳилол» билан боғлиқ миш-мишлар тарқалди (бу клуб аввалроқ Месси учун ақл бовар қилмас шартнома таклиф қилган, аммо аргентиналик юлдуз океанортига кетишни маъқул кўрганди).
Аммо Неймарнинг ўзи, афтидан, Саудия вариантини у қадар истамасди. The Independent хабарига кўра, форвард ўз хизматларини Европа топ-клубларига таклиф қилиб чиққан — «МЮ»дан тортиб «Бавария»гача. Аммо ҳеч ким қизиқиш билдирмаган.
Бразилиялик футболчи бориб қўшилишни истаган жамоалар рўйхатида «Барселона» номи ҳам бор эди. Каталония клубидагилар ҳам Неймарнинг қайтишига қарши эмасди — Хавидан ташқари. Испан нашрларига кўра, мураббий бундай эҳтимолий келишувга қатъийн қарши турган. Лекин унинг тақиқисиз ҳам бу трансфер амалга ошиши эҳтимоли деярли нолга тенг эди — «Барселона»да уни ижарага олиш учун ҳам имкон йўқ эди: «ПСЖ» 90 миллион евродан кам офферларни кўриб чиқмасди.
Шундай экан, «Барса» Неймарни сафга қўшиб олиш ғоясидан жуда тез воз кечди. Шундан кейин бразилиялик «Ал-Ҳилол» таклифини қабул қилди ва бу билан жуда ажойиб шартномага эга чиқди — Европада бунақасини орзу қилиш ҳам қийин.
Саудия Арабистонида Неймар учун барчаси муҳайё: унга ҳатто ижтимоий тармоқдаги постлари учун алоҳида тўланади
Табиийки, саудияликлар суперюлдуз ва унинг собиқ клубини хафа қилишмади. Турли манбаларга кўра, «ПСЖ» Неймар учун 90 миллион евродан 120 миллион еврогача (бонуслар билан бирга) пул ишлаб олган, бразилиялик футболчининг ўзига эса уникал шартнома берилган.
Sky Sports маълумотига кўра, ҳужумчи йилига 150 миллион евро маош билан таъминланади. Globo Esporte нашри аниқлик киритишича, сумма бироз каттароқ: икки мавсум учун унинг ҳисобига 320 миллион евро тушириб берилади (йилига 160 млн евро маош – ойига 12,5 млн, кунига 410 минг, соатига 17,1 минг, дақиқасига 285 евро дегани).
Бундан ташқари:
- шахсий фойдаланиш учун хусусий самолёт;
- тўлиқ жиҳозланган (25 та ётоқхона, 40x10 ҳажмдаги бассейн ва учта сауна) ва 5 нафар хизматкорлари бўлган кошона;
- Bentley Continental GT, Aston Martin DBX ва Lamborghini Huracán автомобиллари, 24 соат хизматида бўладиган ҳайдовчи;
- унинг дам олиш кунларида меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа турли хизматлар учун ҳисоблар тўлаш учун клуб қароргоҳига юборилади;
- ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистонини тарғиб этувчи ҳар бир пост ёки «сториз» учун 500 минг евро;
- «Ал-Ҳилол»нинг ҳар бир ғалабаси учун 80 минг евро миқдорида мукофот пули.
Шунингдек, унга ҳали ўзи никоҳдан ўтмаган севгилиси билан бирга яшашга рухсат берилади.
Албатта, Европада ҳеч ким унга бунга ўхшаш таклифлар бера олмасди, шунинг учун унинг қарорини тўғри тушуниш мумкин. Аммо барибир масаланинг руҳий томони бор — Неймар анчадан буён Чемпионлар лигасида ғолиб чиқмаган ва Осиёда ўйнаш орқали ўз фаолиятини тугатиб қўйиш хавфи остида қолган. Унинг шартномасида ижара асосида «Барселона»га ўтиш бўйича лазейка йўқ (саудияликлар Месси учун шундай имконият ваъда қилишгани ҳақида хабарлар чиққанди). аммо бразилиялик таслим бўлмоқчи эмас: L`Equipe хабарига кўра, футболчи икки йилдан кейин «Ал-Ҳилол» билан шартномани узайтириш тўғрисидаги бандни фаоллаштирмайди, чунки Саудия Арабистонидаги икки йилдан кейин эркин агент сифатида «Барса»га қайтишдан умид қилмоқда. У мақсадига эриша оладими - буни вақт кўрсатади.
Неймар, ПСЖ, Ал-Ҳилол, Саудия Арабистони “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг