Россиялик машҳур жангчи Умар Нурмагомедов яқинда “UFC 311” турнирида грузиялик рақиби Мераб Двалишвилидан мағлубиятга учраганди. Бу натижа кўплаб мухлислар ва мутахассислар учун кутилмаган бўлди. Орадан вақт ўтгач, Умар устози ва яқин қариндоши — собиқ чемпион Хабиб Нурмагомедовнинг ўша куни айтган сўзларини эсга олди.
“Хабиб ҳар бир спортчига алоҳида ёндашади, ҳар кимга ўз ҳолатига яраша сўз топади. Ўша куни у ёнимга келди ва шунчаки: ‘Биз албатта қайтамиз. Фақат кейинги сафар янада кучлироқ бўлиб!’ — деди. Шу гап мен учун жуда муҳим бўлди. Унинг доимги қўллаб-қувватлови ва ишончи менга янги куч беради”, — деди 29 ёшли Умар Нурмагомедов.
Жангчи таъкидлашича, мағлубият унга жиддий сабоқ бўлган ва ҳозир у ўз устидан янада кўпроқ ишлаяпти. “Ҳозир ҳар куни янги стратегиялар устида ишлаяпман. Ўзимни янада тўлиқ шакллантиришни мақсад қилганман. Тез орада янги Умарни кўрасиз”, — дея ишонч билан қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Умар Нурмагомедовнинг навбатдаги жанги 25 октябрь куни “UFC 321” турнирида бўлиб ўтади. Унда россиялик спортчи америкалик рақиби Марио Баутистага қарши октагонга кўтарилади.
Жанг атрофида катта қизиқиш кузатилмоқда. ММА экспертлари бу гал Умарнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан анча тайёр эканини таъкидлашмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу жанг нафақат реванш, балки ўзининг ҳақиқий салоҳиятини кўрсатиш учун ҳам муҳим синов бўлади.
Шу тариқа, Нурмагомедовлар сулоласининг навбатдаги вакили яна октагон марказида ўз сўзини айтмоқчи.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!