date

Флик: “Барселона” энди Мадридда ҳам ғалаба қозона олади

Флик: “Барселона” энди Мадридда ҳам ғалаба қозона олади

Чемпионлар лигасининг 3-турида “Барселона” “Олимпиакос” устидан йирик ҳисобда — 6:1 билан зафар қучди. Ушбу ғалаба ортидан жамоа бош мураббийи Ханси-Дитер Флик футболчиларнинг кайфияти ва жамоа ҳолати ҳақида фикр билдирди.

“Мен доимо ижобий фикрлайман. Энди “Барселона” Мадридда ҳам ғалаба қозонишга қодир деб ишонаман. Эҳтимол, якшанбагача бир нечта футболчиларимиз таркибга қайтиб, бизга янада куч бағишлайди. “Олимпиакос” устидан қозонилган ғалаба жамоага ишонч берди. Улар юқори босимда ўйнашди, бироқ Фермин киритган дастлабки гол ўйин тақдирини ҳал қилди”, — деди Флик.

Мураббий айни пайтда ҳужумчи Маркус Рэшфорднинг ўйинини ҳам алоҳида таъкидлади: “Рэшфорд бугун ажойиб ўйин кўрсатди. У марказий ҳужумчи сифатида ҳаракат қилмоқда ва бу позицияда ўйнаш осон эмас. Аммо у вазиятлар яратди, пеналти ишлаб олди ва гол урди. Энг муҳими, у мен кутган ишончни юз фоиз оқлаяпти”, — деди Флик қониқиш билан.

Таъкидланишича, ушбу ғалаба ортидан “Барселона” ЕЧЛ умумий жадвалида 6 очко билан 9-поғонада жойлашди, “Олимпиакос” эса 1 очко билан 32-ўринда қолди.

Каталонияликлар учун кейинги синов — Ла Лиганинг 10-туридаги "Эль-Класико" бўлади. Улар 26 октябр, якшанба куни сафарда “Реал”га қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 20:15 да старт олади.

Жамоа атрофидаги муҳит ҳам ижобий тус олмоқда. Фликнинг ишончли сўзлари, “Олимпиакос” устидан ғалаба ва қарорли ҳужум услуби “Барселона”нинг Европадаги мавқеини янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда. Каталониялик мухлислар эса эндиликда Мадриддаги беллашувни катта интиқлик билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Флик: “Барселона” энди Мадридда ҳам ғалаба қозона олади