
Сербиялик мутахассис, «Қизилқум» клубининг собиқ бош мураббийи Никола Лазаревич Ўзбекистон чемпионати ва миллий терма жамоа ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Суперлига сўнгги йилларда жиддий даражада ривожланиб бормоқда ва бу йилги чемпионлик учун кураш жуда қизиқ тус олган, деб хабар берди Championat.asia.
Лазаревич авваламбор ўз фаолияти ҳақида гапириб ўтди:
«“Қизилқум”дан кетгач, бир неча ҳафта дам олдим ва кейин билимимни оширишга қарор қилдим. Айни пайтда Испанияда тажриба орттириш бўйича амалиётдаман. Испан футболи ҳар доим мен учун қизиқ бўлган, айниқса Хосе Мендилибар ва Эрнесто Валверде каби мутахассислар иш услубини яқиндан ўрганишни хоҳладим. Йил охиригача Жанубий Америка терма жамоаси билан ишлаётган машҳур мураббий қўлида ҳам амалиёт ўташ ниятим бор».
Мураббий шунингдек Ўзбекистон чемпионати ҳақида ҳам фикр билдирди:
«Суперлигани кузатиб бораман, ҳар доим эмас, лекин имконият бўлганда “YouTube” орқали кўп ўйинларни томоша қиламан. Энг аввало, “Қизилқум”нинг яхши натижалар қайд этаётганидан хурсандман — улар Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолишга ҳақли. Бу йил айрим жамоалардан кутилмаган натижалар бўлди. Масалан, ОКМКдан шундай паст натижа кутиб бўлмаган, аммо улар тизимли ишлаётган жамоа ва яқин орада яна юқори ўринларга чиқишига ишонаман. “Навбаҳор” ҳам баъзи вазиятларда сюрприз кўрсатди. Энг кўп хурсанд қилган жамоа — “Сўғдиёна”. Уларда ўйин сифати бор, фақат натижалар унга мос келмади».
Чемпионлик учун кураш ҳақида гап кетар экан, Лазаревич икки жамоани алоҳида таъкидлади:
«Ҳозирда икки жамоа пешқадам бўлиб турибди — “Насаф” ва “Нефтчи”. Бу икки клуб мавсум охиригача чемпионлик учун курашади деб ўйлайман. “Нефтчи” жуда кўп янги футболчиларни йиғди ва шундай шароитда дарҳол юқори ўйин кўрсатиш осон эмас. “Насаф” эса барқарор тизимга, узоқ йиллардан бери бирга ўйнаб келаётган таркибга эга. Шунинг учун менинг шахсий фикримча, бу йил чемпионликка асосий даъвогар — “Насаф”. Лекин интрига охиригача сақланади».
Лазаревич Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Фабио Каннаваро ҳақида ҳам фикр билдирди:
«Каннаваро тайинлангани ҳақидаги хабарларни кузатиб бордим. Агар Кападзе қолганида ҳам яхши бўларди — у терма жамоа билан катта натижаларга эришди. Аммо Каннаваро каби юлдузнинг келишини ҳам ижобий қабул қилиш керак. Унинг футболчи сифатидаги фазилатлари ҳақида гапириш ортиқча, аммо у мураббий сифатида ҳам жамоага янги руҳ, янги маданият олиб келиши мумкин. Албатта, тажрибаси катта эмас ва натижалар борасида баъзи шубҳалар бор, лекин бу унинг муваффақиятсиз бўлишини англатмайди. Энг муҳими — унга аниқ вазифалар ва реал мақсадлар қўйиш».
Сербиялик мутахассис суҳбат якунида Ўзбекистон футболи ҳақида ижобий фикрларини ҳам билдирди:
«Ўзбекистон футболи йил сайин ўсиб бормоқда. Инфратузилма яхшиланяпти, ўйин сифати ошмоқда ва ёш мураббийлар янги билимга эга бўлишга интилаяпти. Бу жараённи кузатиш мен учун ёқимли. Агар бундай ривожланиш суръати сақланса, Ўзбекистон яқин йилларда Осиё миқёсида катта ютуқларга эришиши мумкин», — деди Никола Лазаревич.
Мураббийнинг бу фикрлари мухлислар томонидан қизиқиш билан қарши олинди — унинг мулоҳазалари Суперлиганинг бу йилги кураши қанчалик қаттиқ ва натижалар қанчалик ноаниқ бўлишини яна бир бор тасдиқлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!