Ўзбекистон яна бешликда, Осиё гегемонлари ўз ўрнида
Ўзбекистон делегацияси Ҳангжоу-2022 турнирида жами 71 та – 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Шу орқали 5 йил аввалги турнирдаги энг яхши натижа такрорланди.
Мезбон Хитой кутилганидек юксак натижа қайд этиб, 201 та олтин, 111 та кумуш ва 71 та бронза – жами 383 та медал билан мутлақ тенгсиз эканини кўрсатди. Чин юрти вакиллари 1978 йилги Осиё ўйинларидан кейин пешқадамликни Япониядан тортиб олгач, қитъада гегемонлигини давом эттирмоқда.
Медаллар жамғармасида ўтган сафарги учлик ҳам ўзгармади – Япония кетма-кет иккинчи марта 2-ўринни эгаллаган бўлса, Жанубий Корея мухлислари қаршисида ўтган 2014 йилдан кейин 3-ўриндан юқорига кўтарила олмаяпти.
Энг катта ўсиш Ҳиндистонда
Ҳангжоу-2022 турнирида энг катта ўсишни амалга оширган мамлакат – Ҳиндистон бўлди. Ҳиндлар Ўзбекистонни ортда қолдириб, Осиё ўйинлари тарихида сўнгги 60 йил ичидаги энг яхши натижаси қайд этишди – 4-ўрин. Жами медаллар сони – 107 та, олтин медаллар сони – 28 тани ташкил этиб, бу мамлакат ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.
Таққослаш учун, Ҳиндистон Жакарта-2018 турнирида 70 та медал (16 та олтин) билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган бўлса, Инчеон-2014 баҳсларида жами 57 та медал (11 олтин) билан ҳам 8-поғонада бўлган.
Ҳиндистон Ўзбекистонни нима эвазига ортда қолдирди?
2018 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон мезбон Индонезиядан кейинги 5-ўринни эгаллаган ва бу йил натижа яхшиланиши кутилганди. Аммо Ҳиндистон спортидаги катта ўсиш сабабли Ўзбекистон Осиё гегемонлари – Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейинги ўринни эмас, бешликдан жой олди.
Хўш, ҳиндларнинг медаллар сони бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этиши қайси спорт турларидаги муваффақият эвазига таъминланди?
Бу биринчи навбатда иштирокчи спортчилар сони ошиши билан ҳам боғлиқ – 2018 йилги турнирда 570 нафар ҳиндистонлик спортчи қатнашган бўлса, Ҳангжоуда уларнинг сони қарийб 100 нафарга ошди – 661 нафар.
Ўзбекистонда энг кўп олтинни кураш (4 та), бокс (3 та) ва дзюдочилар (3 та) тақдим этган бўлса, Ҳиндистон муваффақиятини таъминлаган спорт тури эса – ўқ отиш бўлди. Мерганлик бўйича ҳиндлар жами 22 та медал – шундан 7 та олтин, 9 та кумуш, 6 та бронза медалига эга чиқишди. Таққослаш учун, аввалги Осиё ўйинларида ҳиндлар ўқ отишдан жами 9 та медал олганди, шундан фақат 2 таси олтин эди. Бу йил ўқ отиш бўйича 33 та олтин ўйналган бўлса, 2018 йилда бу рақам 20 тани ташкил этганди. Бу йил ушбу спорт турида Ўзбекистон бор йўғи битта кумуш ва бронзага эга чиқди.
Олтинлар сони бўйича Ҳиндистон делегациясига энг кўп медал келтирган иккинчи спорт тури – енгил атлетика бўлди. Бу борада жами 29 та медал қўлга киритилган бўлиб, 6 нафар ҳиндистонлик спортчи чемпионликка эришган.
Ҳакамларнинг мезбонларга таъсирини исботлаган Индонезия
Хитойда ҳам ҳакамларнинг мезбонларга қанчалик ён босишига каноэ слаломида эшкак эшиш бўйича финалда Анвар Клевлеевдан тортиб олинган олтин медал мисолида гувоҳ бўлдик. Бу билан Чин мамлакатининг спортдаги ютуқларини шубҳа остида қолдирмоқчи эмасмиз, бу чемпионлик бўлмаганда ҳам Хитойнинг олтинлари 201 та эмас, 200 тани ташкил қилган бўларди.
Гап шундаки, мезбонларга ҳакамлар қай даража ён босиши мумкинлигини Индонзия 5 йил ўтиб, исботлаб қўйди. Аввалги Осиё ўйинлари мезбони бўлган бу юрт вакиллари Жакарта-2018да жами 98 та медал (31 та олтин) билан ўз тарихидаги энг яхши натижага эришиб, Ўзбекистонни 5-ўринда қолдирган ҳолда кучли тўртликдан жой олганди. Мезбонликнинг таъсири шу даражада бўлган эканки, Ҳангжоу-2022 баҳсларида Индонезия энг катта пасайиш кузатилган жамоага айланди. Медаллар қарийб уч бараварга қисқарган – 36 та медал, шундан бор йўғи 7 таси олтин. Аҳолиси қарийб 300 миллион кишига етаётган бу мамлакат умумжамоа ҳисобида 13-ўринга тушиб кетди.
Қозоғистон спортидаги пасайиш ёхуд қўшниларимизда нима гап?
Мустақилликдан кейин Олимпиада ва Осиё ўйинларида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида кечадиган рақобат икки мамлакат мухлислари ўртасида қизиқиш билан кузатиларди. Тан олиш лозим, 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошигача қозоғистонлик спортчилар Осиё ўйинларида Ўзбекистонни ортда қолдирган ҳолда камида кучли бешликдан жой оларди. Жакарта-2018дан кейин эса вазият тубдан ўзгарди. Ўзбекистон медаллар жамғаришда топ-5 мамлакатлар қаторидан ўрин олаётган бўлса, шимолдаги қўшнилар турнир жадвалларида пасайишда давом этмоқда.
Инчеон-2014 ўйинларигача 4 ва 5-ўриндан пастламаган қозоқлар Жакарта-2018да 15 та олтин билан 9-ўринга тушиб кетганди, Ҳангжоу-2022да эса олтин медаллар сони бўйича энг ёмон натижасини (10 та олтин) қайд этиб, 11-ўринни эгаллади. Бу қозоқ спорти тарихида турнирдаги энг ёмон натижадир.
Медаллар жамғаришда Қирғизистон жами 15 та, шундан 4 та олтин билан 18-ўринда қайд этилди. Улар Жакарта-2018да жами 12 та, шундан 2 та олтин қўлга киритиб, 22-ўринни эгаллаганини инобатга олсак, қирғиз спортида ўсиш кузатилаётганини сезиш мумкин. Марказий Осиёнинг яна бир вакили Тожикистон ҳисобида эса жами 7 та медал, шундан 2 таси олтин ва 24-ўрин. Индонезиядаги Осиё ўйинларида улар 30-ўриндан жой олганди. Туркманистон эса мусобақани яна олтин медалсиз якунлади – 1 та кумуш ва 6 та бронза, 29-ўрин. Аввалги турнирда туркманлар 32-ўринда (1 та кумуш, 2 та бронза) қайд этилганди. Қайд этиш керакки, барча қўшниларнинг Ҳангжоудаги олтинлари бирлаштирилганда ҳам Ўзбекистон делегациясидаги олтинлар сони кўп бўлади.
Усмон Ибодов
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг