21:30 / 12.10.2023
468

Боксдаги айёрона юриш. Хитой Осиё ўйинларида Ўзбекистондан пешқадамликни қандай тортиб олди?

Боксдаги айёрона юриш. Хитой Осиё ўйинларида Ўзбекистондан пешқадамликни қандай тортиб олди?

Ҳангжоуда ўтган Осиё ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси олтин медаллар сонига кўра, курашчилардан кейин дзюдочилар билан бирга энг муваффақиятли иштирок этган спорт тури вакилларига айланишди. Аммо Токиода Олимпиададаги пешқадамлик қўлдан чиқарилган бўлса, Ҳангжоуда ўзбек боксининг Осиё ўйинларидаги гегемонлигини мезбон Хитой тортиб олди. Боксчиларимизни шоҳсупанинг энг юқори поғонасида кўришга одатланганимиздан бўлса керак, шу натижа ҳам яккаҳокимлик қўлдан чиқарилгани сабабларини ўрганишга ундади.

Осиё ўйинларига қандай таркиб йўл олганди?

Ҳангжоу-2022 бокс баҳсларида жами 13та вазн тоифасидаги медаллар комплекти учун жанглар ўтказилди. Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон эркаклар жамоаси 7та вазн тоифасидаги – (-51 кг:) Ҳасанбой Дўсматов, (-57 кг:) Абдумалик Халоков, (-63,5 кг:) Руслан Абдуллаев, (-71 кг:) Асадхўжа Мўйдинхўжаев, (-80 кг:) Тўрабек Ҳабибуллаев, (-92 кг:) Лазизбек Мулложонов ва (+92 кг:) Баҳодир Жалолов сингари боксчилар билан иштирок этди. Жакарта-2018дан фарқли ўлароқ, мураббийлар штабидан маҳаллий мутахассислар Раҳматжон Рўзиохунов, Фаррух Қиличев, Акмал Ҳасанов, Даврон Ғафуров, Зиятдинбек Тойгонбоев, Ергали Ярашовдан ташқари, Стейнерс Тиссерт, Хуан Энрике, Ли Эчеверия Хулио, Моралес Монтеро, Хесус Альберто сингари кубалик мураббийлар жой олганди.

Элшод Расулов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон аёллар жамоаси эса аввалги Осиё ўйинларидан фарқли ўлароқ, уч вазнда эмас, 6та вазн тоифасида – (-50 кг:) Сабина Бобоқулова, (-54 кг:) Нигина Ўктамова, (-57 кг:) Ситора Турдибекова, (-60 кг:) Райҳона Қодирова, (-66 кг:) Навбаҳор Ҳамидова, (-75 кг:) Азиза Зокирова каби боксчилар билан Хитойга йўл олганди. Расуловнинг мураббийлар штабидан Тимур Ахбаев, Анна Сидорова, Ислом Тожибоев сингари маҳаллий мутахассислар ўрин олганди.

Ҳангжоу-2022да Жакарта-2018даги натижа нега такрорланмади?

Бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аввалги Осиё ўйинлари-2018да 10та вазн тоифасида иштирок этган бўлса-да, медаллар жамғармасида жами 7 та – 5 та олтин ва 2 та кумушга эга чиқиб, бокс бўйича Осиёда гегемония ўрнатганди. Хусусан, эркаклар ўртасида 7 та вазн тоифасида қатнашган вакилларимиз шундан 5 тасида чемпионликни (Жасурбек Латипов, Миразизбек Мирзахалилов, Иқболжон Холдоров, Бобо-Усмон Батуров, Исроил Мадримов) расмийлаштирганди. Ҳасанбой Дўсматов ва Шунқор Абдурасулов эса кумуш медалига эга чиққан. Боксчи қизлар эса медалсиз қайтганди.

Ҳангжоудаги Осиё ўйинларида эса боксчиларимиз 13 та вазн тоифасидаги медаллар комплекти учун жангга киришган бўлса-да, улар орасида фақат уч нафари – Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халоков ва Баҳодир Жалолов олтинга эга чиқди. Ушбу учлик май ойида Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам юртимизга олтин медалларни тақдим этганди. Жаҳон чемпионатида зафар қучган Асадхўжа Мўйдинхужаев, Руслан Абдуллаев ва Осиё чемпионати ғолиби саналмиш Лазизбек Муллажонов бу сафар кутилган олтинни тақдим эта олишмади.

Элшод Расулов бошқарувидаги аёллар жамоасидаги 6 нафар боксчидан эса фақатгина Нигина Ўктамова бронзага эга чиқди, Осиё чемпионати-2022 ғолиби Навбаҳор Ҳамидова бу сафарги турнирдан медалсиз қайтди. Медаллар кутилган чармқўлқоп усталарининг муваффақиятсизлиги якунда Ўзбекистоннинг медаллар жамғармасидаги ҳолатига таъсир қилди ва боксчилар Ҳангжоу-2022 пешқадамлигини Хитойга топшириб, жами 3та олтин ва 2та бронза билан 2-ўринни эгаллашди. 

Айёрона юриш: Хитой Ўзбекистонни қандай қилиб ортда қолдирди?

Чин юрти вакиллари нафақат Осиё ўйинларида, Олимпиадаларда ҳам пешқадамлар қаторида бораётгани барчага маълум. Аммо хитойликларнинг энди боксда ҳам чўққиларни забт этишни бошлагани Осиёда ҳаммадан ҳам кўра, кўпроқ ўзбек бокси мутахассисларини ташвишлантириши, ҳар ҳолда йирик турнирлардаги медаллар улушида бокснинг ўрни катта эканини инобатга олсак, ўзбек бокси учун бу хавотирли ва огоҳлик қўнғироғидек янграётгандек, гўё.

Аммо, қайд этиш жоиз Хитой ўзи мезбонлик қилган Осиё ўйинларидаги бокс бўйича баҳсларда эркаклар ўртасидаги жанглар билан эмас, аёллар ўртасидаги вазн тоифаларни 3тадан 6тага оширилиши эвазигагина Ўзбекистондан етакчиликни тортиб олиш мумкинлигини тушунди. Ҳар ҳолда Гуанчжоу-2010да ҳам, Инчеон-2014да ҳам, Жакарта-2018да ҳам аёллар ўртасидаги баҳсларда вазн тоифаси 3тадан ошмаганди, Ҳангжоу-2022дан олдин эса негадир гендер тенглиги ҳақида гапира бошланди ва якунда нозик жинс вакиллари ўртасида ҳам вазнлар оширилди. Бу эса Хитой манфаати учун хизмат қилиши аниқ эди. Сабаби хитойликлар сўнгги Олимпиадаларда ҳам, аввалги икки Осиё ўйинларида ҳам эркаклар ўртасидаги бокс баҳсларида бирорта ҳам олтин медални ютмаган. Фақатгина аёллар ўртасидаги баҳсда устун бўлган чин юрти вакилалари бу устунликларини ишга солишди. Натижа эса кутилгандек бўлди – Хитой Ҳангжоу-2022да бокс бўйича 5та олтинга эга чиқди, шундан 4таси аёллар ўртасидаги баҳсларда қўлга киритилди. Бу эса эркаклар ўртасидаги баҳсларда Осиёда тенгсиз бўлган Ўзбекистоннинг зарарига ишлади – 3та олтиннинг барчаси эркаклар ўртасидаги жангларда қўлга киритилди. Шу тариқа, Хитой бокс бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади, Ўзбекистон эса 2-ўринга тушди.

Энди нима қилиш керак?

Аёллар боксининг йирик турнирлар умумжамоавий рейтингида таъсири ортаётган экан, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам Элдош Расулов мураббийлигидаги бокс бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси натижаларини чуқур таҳлил қилиб, танқидий кўриб чиқиши, Хитой йўлидан бориб фақат эркаклар жамоасида эмас, аёллар жамоасида ҳам жаҳонда етакчи бўлган Куба бокс мактаби мутахассисларини таклиф этиш масаласини кўриб чиқиши мақсадга мувофиқдек кўринмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Олимпиада ёки Осиё ўйинларидек йирик турнирлардаги натижа боксчиларимизнинг жаҳон ёки Осиёдаги ўрни пасайгани ёки юқорилаганига аниқ баҳо бўла олмайди. Бу борада Осиё ва жаҳон чемпионатларидаги натижалар асосий мезон саналади. Чунки унда турли вазнлар тоифасидаги спортчилар сони кўпроқ, йирик спорт мусобақаларида эса вазнлар тоифаси қисқаради. Бокс бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионати ва 2022 йилги Осиё чемпионатида эса Ўзбекистон медаллар жамғармасида яққол пешқадамлик билан 1-ўринни эгаллаган. Хитой эса атиги битта бронза билан Мўғулистондан кейинги 10-ўринда қолган.

Усмон Ибодов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Боксдаги айёрона юриш. Хитой Осиё ўйинларида Ўзбекистондан пешқадамликни қандай тортиб олди?