Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: «Сити»да 6 ўйинда фақат 1 ғалаба, «Нюкасл»да янги юлдуз порлади
«Манчестер Сити» — «Кристал Пэлас» 2:2
Голлар: Грилиш (24), Люис (54) — Матета (76), Олисе (90+3, пеналти).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Аке, Диаш, Гвардиол, Люис, Грилиш, Силва, Родри, Фоден, Алварес.
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Клайн (Эзе, 90+1), Уорд (Озо, 34), Андерсен, Гейи, Митчелл, Олисе, Ричардс, Шлупп (Франса, 81), Ридевалд (Аҳамада, 81), Матета.
Огоҳлантиришлар: Андерсен (40), Эдерсон (42).
«Манчестер Сити» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига яхши кайфиятда йўл олмайдиган бўлди, лекин ўйиннинг бошланишидан амалдаги чемпионлар қаторасига учинчи ғалабани нишонлаши осон кўринаётганди. «Шаҳарликлар» илк дақиқалардан вазиятлар яратишни бошлади, 5-дақиқада Алварес бош билан хавфли зарба йўллади, 10-дақиқада Диаш жарима майдони ташқарисидан хавфли зарба берди. Кейин эса вазиятлар ниҳоят голга айлантирилди. Фоден нозик ҳаракат билан тўпни ҳимоячилар орасидан ўтказиб, Грилишни қулай вазиятга чиқарди. VAR бу вазиятда офсайд йўқлигини тасдиқлади.
Бўлим охирида мезбонларнинг яна омади келди. 42-дақиқада, рақиб жарима майдонида тўпга тегиниш бўйича кўрсаткич 18:0 ҳолатида, «Пэлас» хавфли қарши ҳужум уюштирди. Матета жарима майдонига кираётганида Эдерсон уни йиқитди.
Бразилиялик дарвозабон тўпга чиқишда хатога йўл қўйганди: у тўпга ета олмади, рақиб ҳужумчисининг оёғига зарба бергани учун сариқ карточка олди. «Пэлас» футболчилари жамоа гол уриш имкониятидан маҳрум қилинганини айтиб, ҳакамдан нега қизил кўрсатмагани сўрай бошлашди. Агар бу фол жарима майдонининг марказга яқин қисмида рўй берганида «Сити» бир киши бўлиб қолиши эҳтимоли юқори эди.
Бу ҳолатдан йўқотишсиз ўтиб олган мезбонлар масалани ҳал қилиб қўйиш учун иккинчи бўлимни кучли босим билан бошлади, аввалига Алвареснинг голи бекор қилинди, у жарима зарбаси ижро этганида офсайдда турган Родри бош ҳаракати билан дарвозабонни чалғитган деб топилди. Аммо кейинги ҳужумдаёқ Люис барчасини қоида бўйича ижро этди ва мезбонларнинг ҳисобдаги устунлигини оширди.
Одатда Хосеп Гвардиола жамоаси бундай устунликни бой бериб қўймайди. Opta ҳисоб-китобларига кўра, биринчи бўлимда «Сити»нинг майдондаги барча футболчилари вазиятлар яратгани ҳам бу қандай устунлик бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга, бу қадар осон ўйин мезбонларнинг диққатини сусайтирган бўлиши ҳам мумкин. Аввалига ҳимоячилар ортга ташлаб берилган узатмани ўтказиб юборишди ва Шлупп дарвоза қаршисида очилган Матетани голли пас билан таъминлади. Қўшимча дақиқаларда эса гол муаллифи Фоденни жарима майдони ичида ўзига фол ишлатишга мажбур қилди ва шу куни қатор вазиятлар яратиб, меҳмонлар сафидаги энг фаол футболчи бўлиб турган Олисе пеналтини аниқ ижро этди. «Пэлас» бутун ўйин мобайнида дарвоза соҳасига фақат икки бор зарба берди ва иккиси ҳам голга айланди.
«Шаҳарликлар» АПЛнинг сўнгги турида фақат бир бор ғалабага эришди, жамоа қаторасига саккиз ўйиндирки, дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти. Энди Гвардиола шогирдлари йўқотилган очколар бўйича пешқадам «Ливерпул»дан олти очкога ортда қолмоқда. Жамоа АПЛдаги кейинги ўйинини фақат икки ҳафтадан кейин ўтказади – навбатдаги турда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати сафари туфайли ўйнай олмайди.
«Челси» — «Шеффилд Юнайтед» 2:0
Голлар: Палмер (54), Жексон (61).
«Челси» – Петрович, Дисаси, Силва, Бадияшил, Колуилл, Галлаҳер, Мудрик (Фернандес, 69), Палмер, Кайседо, Стерлинг (Броя, 75), Жексон.
«Шеффилд Юнайтед» – Фодерингэм, Богл, Аҳмедҳожич, Трасти, Лоу, Макати, Ҳамер (Слиман, 80), Винисиус, Брукс (Осула, 58), Макберни (Норвуд, 67), Арчер.
Огоҳлантиришлар: Макати (42), Галлаҳер (52), Ҳамер (63), Лоу (74).
«Челси» «Манчестер Сити» майдонида 4:4 ҳисоби билан якунланган жуда ёрқин ўйин ўтказганидан кейин барча кўклар жамоасида ишлар жойига тушишни бошлагани ҳақида гапира бошлаганди. Фақат тақвим Маурисио Почеттино учун қийин келди ва «Брайтон» устидан ғалаба қозонилгач (3:2), икки бор мағлубиятга учралди. Бундай ҳолатда лондонликларга «Шеффилд Юнайтед» дуч келгани айни муддао бўлди.
Биринчи бўлимда мезбонлар фаолроқ ўйнаган ва тўпни назорат қилган бўлса-да, аутсайдер дарвозаси қаршисида жиддий вазиятлар ярата олмади. Фақат иккинчи бўлимда Стерлинг ҳимоячилардан қочиб кетди ва дарвозабон майдончаси ҳудудидаги Палмерни голли пас билан таъминлади. Шундан кейин жамоанинг ўйини очила бошлади. Жексон мезбонлар учун омадли кечган рикошетлар серияси якунида бўш дарвозани ишғол этди. Зарбалар бериш бўйича яққол устунлик ҳам мезбонлар томонда бўлди – 15:6 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 6:1, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 7:3). Якунда «Челси» нафақат омадсиз сериясига барҳам берди — балки «Стэмфорд Бриж»да 2022 йил октябридан буён илк марта қаторасига икки ўйинда ғалаба қозонди.
«Нюкасл» — «Фулҳэм» 3:0
Голлар: Майли (57), Алмирон (64), Берн (82).
«Нюкасл» – Дубравка, Ливраменто (Ричи, 84), Шер (Крафт, 14), Ласселс, Берн (Ботман, 84), Ботман, Гимараэс, Лонгстафф, Алмирон, Жоэлинтон (Майли, 36), Гордон (Ҳолл, 84), Уилсон.
«Фулҳэм» – Лено, Кастан (Родриго Муниз, 61), Адарабиойо, Диоп, Робинсон, Кэрни (Лукич, 76), Уилсон, Перейра (Тете, 61), Палиня (Рид, 76), Ивоби (Декордова-Рид, 77), Хименес.
Огоҳлантиришлар: Палиня (70), Декордова-Рид (81).
Четлатиш: Хименес (22).
Сўнгги турларда шов-шув кўтарган ва қаторасига тўрт ўйинда учтадан бештагача гол урган «Фулҳэм» «Сент-Жеймс Парк»да тор-мор этилди. Еврокубокдан чиқиб кетганидан аламзада «Нюкасл» бор аламини лондонликлардан олишди. Мезбонларга рақиб тўпурари Хименес биринчи бўлим ўрталаридаёқ майдондан четлатилгани ҳам ёрдам берди.
Жамоа етакчиларининг жароҳатлар эпидемиясида ўзини ёрқин намойиш этаётган Майли «қарғалар» ғалабасида муҳим рол ўйнади ва 17 ёшу 229 кунлигида клубининг АПЛда гол урган энг ёш футболчисига айланди. «Милан» билан ўйинда голли пас муаллифи бўлган ушбу йигитча ўйинни захира ўриндиғида бошлаганди, аммо Жоэлинтон биринчи бўлимдаёқ жароҳат олгач, унинг ўрнига туширилганди. Эдди Ҳау бунгача ҳам жароҳат туфайли марказий ҳимоячиси Шерни алмаштиришга мажбур бўлганди.
Аммо кадрлар муаммосига кўникиб бўлган «Нюкасл» декабрдаги мағлубиятлар сериясига чек қўйди. Бунда Бруно Гимарайнснинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Бразилиялик яримҳимоячи ўз рейди билан Майлининг голига ҳам замин тайёрлаганди, шведка услубидаги узатмаси билан Берн гол урган ҳужумни ҳам қувватлади. «Қарғалар» камида якшанба кунги ўйинлар якунига қадар турнир жадвалида «МЮ»ни қувиб ўтди ва кейинги ҳафта ўрталарида Англия лигаси кубоги чоракфинали доирасида «Челси»га қарши кечадиган ўйинга тайёргарлик кўришни бошлади.
Испания: меҳмонда омадсиз «Атлетико» ва «қора кунлар»дан чиқиб кета олмаётган «Барса»
«Атлетик» — «Атлетико» 2:0
Голлар: Гурусета (51), Н.Уилямс (64).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Сансет (36).
«Атлетик» – Симон, Лекуэ, Вивиан, Паредес, Берчиче, Прадос (Весга, 77), Эррера, Сансет (Гомес, 85), Н.Уилямс (Беренгер, 90), И.Уилямс (Хаурегисар, 85), Гурусета.
«Атлетико» – Облак, Молина (Де Паул, 46), Эрмосо, Суюнжи (Хименес, 46), Витцел, Коке, Сауль (Депай, 60), Лоренте, Гризманн (Корреа, 59), Мората (Аспиликуэта, 67), Лино.
Огоҳлантириш: Де Паул (49).
«Атлетико» сўнгги вақтларда уй жамоасига айланиб қолди. Мадридликлар барча турнирлар доирасида «Метрополитано»да қаторасига 20 ўйинда ғолиб бўлган, ла лигада эса жорий мавсум бошидан буён саккиз уй учрашувидан саккизтасида ғалаба қозонган ва бу борада Европада «Астон Вилла» билан биргаликда энг яхши кўрсаткични қайд этмоқда. Аммо Мадриддан ташқарида «матрасчилар»да муаммо чиқмоқда ва сафар ўйинларида ҳам ўзига хос серия давом этмоқда — қаторасига уч мағлубият. Билбаода Диего Симеоне жамоаси танаффусдан кейин икки гол ўтказиб юборди ва «Барселона»дан олдинга чиқиб кета олмайдиган бўлди. «Сан-Мамес»да доим кучли ўйин намойиш этадиган «Атлетик» эса Чемпионлар лигаси тўртлигига яқинлашиб олди. Бу турдаги ўйинини якшанба куни ўтказадиган «Реал Сосиедад» принципиал рақибидан уч очко ортда қолмоқда.
«Валенсия» — «Барселона» 1:1
Голлар: Гилямон (70) — Фелиш (55).
«Валенсия» – Мамардашвили, Коррейя, Диакаби, Москера, Васкес (Гасоровски, 81), Перес (Амалла, 72), Гилямон, Пепелу, Яремчук (Канос, 62), Дуро (Мари, 81), Лопес (Фулке, 81).
«Барселона» – Пеня, Канселу, Кунде, Араухо, Балде, Гундўған (Ямал, 81), де Йонг, Педри, Рафиня, Феликс (Торрес, 72), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Перес (65), де Йонг (77), Канселу (79).
Икки оғриқли мағлубиятдан кейин танқидлар остида қолган «Барселона» «Месталя»да майдонга катта иштиёқ ва максимал даражада эътиборни жамлаган ҳолда тушиб келди. Тер Штегеннинг жароҳати туфайли сўнгги ҳафталарда каталонияликлар дарвозасини қўриқлаётган Иняки Пеня икки бор ўзини кўрсатишига тўғри келди, аммо умуман олганда меҳмонлар устунлик қилишга зўр бераётгани кўриниб турарди. Биринчи бўлимдаги энг ёрқин вазият Мамардашвили дарвозаси қаршисида, Левандовски «қайчи услуби»да гол уришга уринганида кузатилди. Дарвозабон бу вазиятда қутқарди, Педри яхши позицияда туриб зарба йўллаганида эса тўп бироз юқоридан ўтиб кетди.
Танаффусдан кейин ҳам кўк-анорранглилар кўпроқ ва хавфлироқ ҳужумлар уюштиришди. Бу тезда натижа берди — Френки де Йонгнинг тўпни жарима майдони ичига ошириб берди, қанотдан ёриб кирган Рафиня бўш дарвоза қаршисида пайдо бўлган Жоау Феликсни тўп билан таъминлади. Бир неча дақиқа ўтиб португалиялик футболчининг зарбасини ҳимоячи тўсиб қолди, кейин эса Рафинянинг ўз қанотида рақибни финтлар билан ортда қолдириб йўллаган хавфли зарбасини Мамардашвили қайтарди, «Валенсия» эса оддий ҳужумдан максимум натижа чиқариб олди. Қанотдан узатма, тўп учун курашда устунлик ва Гилямон юқори бурчакка идеал зарба берди.
Захирадан майдонга тушган Ферран Торрес жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади. Кейин Рафиня яккама-якка вазиятда тўхтатилди, сўнгги вақтларда ёмон формаси учун кўп танқидга учраётган Левандовски иккинчи бўлимда бирор марта зарба йўллай олмади: «Барса» — топ-5 лигаларда яққол голли вазиятлардан фойдалана олмаслик бўйича яққол етакчилигини янада мустаҳкамлади. Бундай вазиятлар сони элликка қараб кетмоқда.
«Валенсия» дарвоза соҳасига йўлланган аниқ зарбалар бўйича икки баробар ортда қолди – 4:8 (жами зарбалар бўйича – 11:16, жарима майдони ичидан берилган зарбалар бўйича – 5:14, «Барса» xG бўйича 3,4 кўрсаткичини қайд этган), аммо уч марказий ҳимоячи схемасига ўтиб, Хави шогирдларининг ўйиннинг финал қисмидаги босимига дош берди ва ғалабага тенг дурангни сақлаб қолди (жамоа бунгача каталонияликларга қарши сўнгги беш ўйинида ютқазганди).
Ўз навбатида, бу дуранг меҳмонлар учун мағлубиятга тенг бўлди. Бу турдаги ўйинини душанбага ўтар кечаси «Вилярреал»га қарши ўтказадиган «Реал» ғалаба қозонса, «Барса» билан фарқни 7 тага етказади, тур ўйинини сешанбага ўтар кечаси «Алавес»га қарши ўтказадиган «Жирона» ҳам уч очко эгасига айланса, Хави жамоаси пешқадамдан 9 очкога ортда қола бошлайди.
Жамоада омадсизлик ва инқироз давом этмоқда. Ўйиндан кейин Педри бу қийин вазиятда Хавини қўллашини айтиб шундай деди: «Биз мураббий биланмиз. Вазиятни ўзгартириш учун барчамиз бирга бўлишимиз керак».
Италия: Хвича ва Осимҳен Неаполни кучли тўртликка қайтарди
«Наполи» — «Каляри» 2:1
Голлар: Осимҳен (69), Кварацхелия (75) — Паволетти (72).
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани, Натан (Руй, 59), Лоботка, Замбо-Ангисса, Каюсте (Распадори, 59), Политано (Заноли, 90), Кварацхелия (Линдстрем, 90), Осимҳен (Гаэтано, 82).
«Каляри» – Скуффет, Голданига (Лападула, 79), Доссена, Аужелло, Ористанио (Лувумбу, 68), Янкто (Дейола, 46), Макумбу, Прати, Нандес (Дзаппа, 67), Паволетти, Петаня (Оберт, 46).
Огоҳлантиришлар: Осимҳен (45), Голданига (45), Паволетти (45), Рраҳмани (45), Аужелло (63), Руй (85), Политано (88), Ангисса (90+1).
Неаполдаги ўйин ярим соат кеч бошланди, кучли шамол стадион томига зарар етказганди ва бундай ҳолатда ўйин ўтказиш қанчалик хавфсизлигини текшириб чиқиш учун маълум вақт талаб этилди. Табиийки, мухлисларнинг бир қисмини трибуналарга ўтказиш кечикиб бошланди ва улар ўйин охирларига яқин майдонда ҳақиқий тўфонга гувоҳ бўлишди. Бу жараёндаги асосий ҳаракатлантирувчи куч Осимҳен эди, у аввалига Мариу Руйнинг узатмасидан ҳисобни очди, жароҳат туфайли бир ойга сафдан чиққан Элдор Шомуродовсиз ўйнаган «Каляри» эса тезда ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса нигериялик ҳужумчи кичик футбол мўъжизасини кўрсатиб берди, у жарима майдони ичида ҳимоячилар қуршовида турган ҳолатда тўп устидан назоратни сақлаб қолиб, тиззаси билан жонглёр қилди ва тўпни Кварацхелияга узатди. Хвича эса бундай узатмани исроф қилмади — жамоа эса гол муаллифини эмас, ассистентни табриклаш учун югурди. Бу ғалаба голи бўлиб қолди ва «Наполи» тўртинчи ўринга кўтарилиб, якшанба кунги «Болоня» ва «Рома» ўйини натижасини кутмоқда.
Германия: Форсбергнинг хайрлашув бенефиси
«Аугсбург» — «Боруссия» Д 1:1
Голлар: Демирович (23) — Мален (35).
«Аугсбург» – Дамен, Мбабу (Пфайффер, 90), Гауэлеу, Удуохай, Педерсен, Йенсен, Дорш, Режбечай (Брайтҳаупт, 90), Энгелс (Гумни, 69), Демирович (Варгас, 77), Титц (Бельо, 78).
«Боруссия» Д – Кобел, Мене, Зюле, Шлоттербек, Бенсебайни, Ройс (Рейна, 58), Жан (Аллер, 89), Брандт, Мален, Байно-Гиттенс (Бамба, 72), Фюллкруг.
Огоҳлантиришлар: Гауэлеу (79), Аллер (90+1), Гумми (90+4).
«Боруссия»да декабр бошидан буён ғалаба бўлмаётганди (=2-2), Аугсбургда ҳам дортмундликларга осон бўлмади. Мезбонларнинг голли ҳужумидаги вазият VAR орқали текширилиши ҳам фойда бермади, мониторда видеотакрорни кўриб чиққан арбитир гол муаллифи Демирович томонидан Шлоттербекка нисбатан қоида бузилмаган деб топди ва голни инобатга олиш тўғрисидаги фикрини ўзгартирмади. Ва бу ҳолатда чиндан ҳам икки футболчи қўллари билан яккакурашга киришган ва меҳмонлар вакилининг йиқилишига газонга қоқилиб кетиши сабаб бўлганди. «Асаларилар» бу эпизоддан яхши мотивация олишди ва танаффус арафасида Фюллкруг билан комбинация уюштирган Мален ҳисобни тенглаштирди.
«Боруссия» иккинчи бўлимда ҳам рақиб дарвозабонини ноодатий ҳаракатлари учун жазолаш имкониятига эга бўлган бўлса-да, иккинчи гол урилмай қолди. Қолаверса, бу дарвозабон ўйин охирида икки бор Мален билан дуэлларда устун келди ва унга дубл расмийлаштиришга имкон бермади. Фюллкруг бир неча метр масофадан «қайчи» услубида ўта хавфли зарба берганида ҳам Дамен тўпни устун томон буриб юборишга эришди. Ўйин якунида бундан бошқа вазиятлар ҳам бўлди, аммо «Боруссия» ЕЧЛда «ўлим гуруҳи»дан чиқиш учун ҳаддан ташқари куч ва эҳтиросларини сарфлаб юборгани билинди. Ўтган мавсумда охирги турга қадар чемпионлик пойгасида қолган Эдин Терзич жамоаси ҳозирча топ-4 дан ҳам жой ололмаяпти.
«Лейпциг» — «Ҳоффенҳайм» 3:1
Голлар: Клостерманн (34), Форсберг (71), Симакан (74) — Қобоқ (42).
«Лейпциг» – Бласвиҳ, Ҳенрикс, Клостерманн, Симакан (Лукеба, 83), Раум, Шлагер, Айдара (Кампл, 58), Баумгартнер (Форсберг, 66), Симонс (Карвалю, 83), Поулсен, Опенда (Шешко, 83).
«Ҳоффенҳайм» – Бауманн, Кадержабек (Нсоки, 90), Фогт, Брукс, Қобоқ (Акпогума, 75), Премел, Штах (Бисхоф, 75), Бюлтер, Крамарич, Бебу (Байер, 69), Сков (Гриллич, 46).
Огоҳлантиришлар: Айдара (40), Симонс (62), Қобоқ (62), Клостерманн (81), Гриллитч (90+3).
«Лейпциг» дортмундликлар очко йўқотишидан фойдаланиб, орадаги фарқни узайтириб олиш имкониятига эга бўлди, аммо жамоани осон ўйин кутмаётганди. «Ҳоффенҳайм» бу мавсумда яхши иштирок этмоқда ва «Боруссия»нинг дуранг ўйнаши бу жамоа ўз ўйинида ғалаба қозониш орқали тўпланган очколар сони бўйича «асаларилар»га етиб олишини таъминларди. Бир-бирига муносиб ва максимал даражада мотивацияга эга бўлган икки рақиб танаффусгача ҳимоячиларининг голлари билан алмашишди. Бауманн меҳмонларни бир неча бор голдан қутқарган бўлса, Бласвиҳнинг хатоси жавоб голига олиб келди.
Лекин бу «Лейпциг» учун ҳал қилувчи голга айланмади ва иккинчи бўлимни анча хотиржам бошлаган меҳмонлар бўлим ўрталарига бориб кучли босим уюштиришга ўтди. МЛС чемпионатига кетишдан олдин жамоа сафида сўнгги уй учрашувини ўтказган Форсберг захирадан майдонга тушиб, ҳисобдаги тенгликни бузди. «Лейпциг»да 2015 йилдан буён тўп суриб келган швед яримҳимоячиси қишки трансферлар доирасида «Ню-Йорк РБ» клубига йўл олмоқда. Кетишидан олдин эса ғалаба голини урди ва бу орқали «ҳўкизлар» бешинчи ўриндан олти очкога илгарилаб кетди.
Кун статистикаси
- «Эвертон» стандарт вазиятлардан 10 гол урди. «Ирислар» бу кўрсаткич бўйича АПЛда етакчилик қилмоқда.
- «Барселона» қаторасига 17 ўйиндан буён биттадан ортиқ гол фарқи билан ғалаба қозона олмаган. Жамоада бундай серия 1962/63 йиллар мавсумидан буён кузатилмаганди.
- «Челси» ҳужумчиси Раҳим Стерлинг АПЛда 181 (120+61) самарали балл ишлади ва бу борада Майкл Оуэн ҳамда Деннис Бергкамп билан тенглашиб олди.
- «Манчестер Сити» ҳимоячиси Рубен Диаш тўп билан 189 бор муомила қилди — Англия чемпионати учун рекорд кўрсаткич. Португалиялик жами узатмалар (180) ва аниқ паслар (173) сони бўйича ҳам мавсумнинг энг яхши натижасини қайд этмоқда.
- «Лейпциг» бундеслигида урган голлари сонини 500 тага етказди. «Ҳўкизлар» жамоасига бунинг учун 253 ўйин етарли бўлди, бу натижага фақат «Бавария» (231 ўйин) ва Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» (240) клублари тезроқ эришган.
Манба: Kun.uz
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг