date

Хитойдаги илк олимпиадада роботлар беллашмоқда

Хитойдаги илк олимпиадада роботлар беллашмоқда

Хитойда тарихда илк бор ўтказилаётган гуманоид роботлар олимпиадаси қизғин тарзда старт олди. Унда 16 давлатдан келган юзлаб инсонсимон роботлар футбол, енгил атлетика, жанг санъати, стол тенниси ва ҳатто рақс каби турли йўналишларда ўзаро маҳорат синашмоқда.

Три кун давом этадиган мазкур нуфузли мусобақада жами 280 та жамоа иштирок этмоқда. Улар орасида АҚШ, Германия, Бразилия каби йирик давлатлар шарафини ҳимоя қилаётган роботлар билан бир қаторда Хитойнинг Unitree ва Fourier каби етакчи компанияларининг ишланмалари ҳам бор. 192 та жамоа университетлар, 88 та жамоа эса хусусий корхоналар номидан иштирок этмоқда.

Спорт — робот ақли ва ҳаракатини синовдан ўтказиш майдони
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу тадбирнинг асосий мақсади — замонавий робототехникани амалда синовдан ўтказиш ва янада такомиллаштиришдир. Спорт беллашувлари роботларнинг қарор қабул қилиш қобилияти, ҳаракатчанлик маҳорати ҳамда бошқарув тизимларини баҳолашнинг энг самарали усули сифатида қаралмоқда. Олинган тажрибалар кейинчалик саноат корхоналари ёки уй-маиший соҳаларда қўлланилиши мумкин.

Беллашувлар доирасида роботлар фақат спорт билан чекланиб қолмай, дориларни саралаш, хомашё ва материалларни қайта ишлаш, турли хизмат кўрсатиш вазифаларини ҳам бажаришмоқда. Бу эса уларнинг реал ҳаётдаги қўлланиш имкониятларини намойиш этишга хизмат қилади.

Хитойнинг робототехникага йирик инвестицияси
BBC ёзишича, Хитойда робототехника соҳасининг жадал ривожланиши мамлакат аҳолисининг қариши ва иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши шароитида амалга ошмоқда. Ўтган йил давомида соҳа 20 миллиард доллардан зиёд давлат субсидияларига эга бўлди. Пекин ҳукумати эса сунъий интеллект ва робототехника стартапларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир триллион юань (137 миллиард доллар) ҳажмидаги йирик жамғарма ташкил этиш ниятида.

Сўнгги ойларда Хитойда робототехника бўйича бир қатор йирик тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Пекинда дунёдаги илк гуманоид роботлар марафони, махсус роботлар конференцияси ва инсонсимон роботларга бағишланган чакана савдо дўконлари очилиши эътибор қозонди.

Глобал гуманоид мусобақалари
Маълумот учун, жорий йилнинг 29 августи — 2 сентябрь кунлари Олимпия ўйинлари ватани — Грециянинг Олимпия шаҳрида Халқаро гуманоид олимпиадаси илк бор ўтказилади.

Ўйинлардан кадрлар

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хитойдаги илк олимпиадада роботлар беллашмоқда