
«Астон Вилла» эса «ПСЖ»га қарши кечган драматик ўйинда 0:2ни 3:2га айлантирди, аммо умумий ҳисобни тенглаштиришга бир гол етмади.
Астон Вилла — ПСЖ 3:2
Голлар: Тилеманс (34), МакГинн (55), Конса (57) — Ҳакими (11), Мендеш (27)
Астон Вилла: Мартинес — Динь (Матсен, 76), Торрес, Конса, Кэш — Камара, Онана (Рэмзи, 67) — Роджерс, Тилеманс (Баркли, 88), МакГинн (Асенсио, 66) — Рашфорд (Уоткинс, 76)
ПСЖ: Доннарумма — Мендеш, Маркинос, Пачо, Ҳакими — Руис, Витинья, Невеш — Кварацхелия, Дембеле, Барколя (Дуэ, 61)
Огоҳлантириш: МакГинн (42)
Биринчи ўйин: 1:3
«Астон Вилла» ва «ПСЖ» ўртасидаги жавоб учрашуви ҳам шиддатли кечди. Париж шунчаки кучлироқдек, биринчи ўйиндаги икки гол фарқи – Англия жавоб ўйинидан олдин етарли бўладигандек кўринганди. Қолаверса, «ПСЖ» иккинчи учрашувни нафақат кучли бошлади, балки вазиятлардан фойдаланишда совуққонлик намойиш этди.
Бирмингҳэмликларда аввалига барча нарсада узилиш бўлди. Ўйин бошланиши арафасида ташкилотчилар мусиқани адаштириб юборишди ва бутун стадионга Чемпионлар лигаси ўрнига, Европа лигаси мадҳияси қўйиб берилди. Бу шунчаки овоз оператори хатоси бўлгани тайин. Аммо интернетда дарҳол Эмери, «Европа лигаси қироли», Европадаги иккинчи даражали турнирнинг тўрт карра қироли эканини эслатиб, бу ўйланган ҳийла экани ҳақида мемлар кенг тарқалди.
Футболчилар бунга турлича реакция кўрсатишди — парижликлар ўзини ноқулай сезишди. Инглизлар эса табассум қилишди — афтидан, улар ўз мураббийининг севимли турнири мадҳиясини яхшилик аломати деб ҳисоблашган.
Аммо «Вилла» футболчилари ўйин стартидаёқ мухлислари камбэкдан умид узиши учун ўйнай бошлади. Маркус Рэшфорд рақиб жарима майдони олдида тўпни йўқотди, меҳмонлар эса икки узатма билан Барколяни майдоннинг нариги қисмидаги жарима майдони яқинида тўп билан таъминлади, ёш французнинг марказга узатмасидан кейин Мартинес қўпол хатога йўл қўйди ва тўпни Ҳакимининг оёғига ташлаб берди – «ПСЖ» қанот ҳимоячиси ўта аниқ зарба берди.
«Вилла» учун бу ўта ноқулай сценарий эди ва жамоа яна очилишга мажбур бўлди. 27-дақиқада мезбонлар навбатдаги ҳужумда тўп йўқотди, парижликлар эса яна бир неча узатма билан жарима майдонига етиб келди ва 4 га 2 кўринишидаги қарши ҳужумда иккинчи голни уришди. Дембеле тўпни ҳеч ким ёпмаган Мендешга ташлаб берди ва қанот ҳимоячиси бурчакка идеал зарба берди. Шундан кейин икки ўйин натижасига кўра умумий ҳисоб «ПСЖ» фойдасига 5:1 кўринишини олди.
Бундай ҳолатда қандайдир интрига қолгани ҳақида гапириш қийин эди. Фол учун Ҳакимига қизил карточка кўрсатилганида, бу мантиқий бўларди, аммо ҳакам марокашлик футболчини кечирди.
«Вилла» биринчи бўлимдаёқ жавоб қайтаришни бошлади. Мезбонларга рикошет ёрдам берди – Тилеманснинг зарбасидан кейин тўп Пачонинг кўксига теккан ҳолда йўналишини ўзгартириб, тўсин остидан дарвоза тўрига борди. Шунга қарамай, «ПСЖ» ўзи учун қулай ҳисобда танаффусга йўл олди.
Иккинчи бўлимда эса парижликларнинг оёғи қалтирай бошлади ва «Вилла» тезда яна бир гол урди. Эътиборли жиҳати, иккинчи гол ҳам Пачонинг иштирокида бўлди. Тезлиги у қадар юқори бўлмаган Макгинн тўпни ўз жамоаси жарима майдони атрофидан рақиб жарима майдонига қадар олиб борди ва кучли зарба йўллади – тўп марказий ҳимоячига тегиб, тўсин остига шўнғиди – 2:2. Бу ҳужумда парижликларнинг на майдон футболчилари ва на Доннарумма ҳужумни тўхтатиш чорасини топа олмади.
Бир неча дақиқа ўтиб «Вилла» учинчи голни уришга ҳам яқин келди. Рэшфорднинг жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбасидан кейин Доннарумма тўққизликка бораётган тўпни тўхтатиб қолди.
«Вилла» кейинги ҳужумда барибир учинчи голни ҳам урди – шундай қилиб 0:2 ҳисоби 3:2 кўринишига ўзгарди. Рэшфорд рақиб жарима майдонида ажойиб дриблинг намойиш этди ва Консани қулай вазиятга чиқарди. Ҳимоячи яқин бурчакка аниқ зарба йўллади. Кетма-кет уч голдан кейин «Вилла» икки учрашув натижасига кўра ҳисобни тенглаштиришга жуда яқин келди. «ПСЖ» футболчилари асабийлашиб, жуда кўп имконият берди. Тилеманс бош билан йўллаган хавфли зарбани ҳам Доннарумма қайтарди. Кейин эса Асенсио билан яккама-якка вазиятда қаҳрамонлик кўрсатди.
«ПСЖ»нинг ўзида эса вазиятлар кўп бўлмади, камдан кам вазиятлардан бирида Дуэ имкониятдан фойдалана олмади ва ўйин сўнгги дақиқаларгача асабий давом этди.
Сўнгги сонияларда ҳам Матсеннинг жарима зарбаси ўта хавфли чиқди. Тўп дарвоза соҳасига тўғри бораётганди, аммо бу сафар айнан Пачо дарвоза чизиғи устида турган ҳолда тўпни тўсиб қолди. «ПСЖ» катта қийинчилик билан яримфиналга чиқди, аммо бу босқичда жамоадан яхшироқ ўйнаш талаб этилади — финал остонасида парижликларни «Арсенал» — «Реал» жуфтлиги ғолиби кутади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар