date

Суд тизимида медиа очиқликни оширишга янги қадам қўйилди

Суд тизимида медиа очиқликни оширишга янги қадам қўйилди

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Одил судлов академиясида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда муҳим ўқув ташаббуси йўлга қўйилди.

Маълум қилинишича, суд органлари ахборот хизматлари ходимлари ва судьялар учун «Медиа-коммуникация ва инқирозли вазиятларда ишлаш» мавзусида махсус икки кунлик ўқув курси бошланди. Ушбу дастур суд тизими ва медиа ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади.

Ўқув-амалий машғулотлар доирасида иштирокчиларга суд фаолиятини оммавий ахборот воситаларида тўғри ва холис ёритиш, блогерлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ахборотни тезкор ва аниқ етказиш каби муҳим кўникмалар ўргатилмоқда. Шу билан бирга, очиқлик ва айбсизлик презумпцияси ўртасидаги мувозанатни сақлаш, медиа масъулиятини ҳис этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дастур давомида танқидий материалларни таҳлил қилиш, расмий ахборот каналларини самарали юритиш, инқирозли вазиятларда тўғри ва тезкор коммуникация олиб бориш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилмоқда. Бу эса суд ходимларининг замонавий ахборот муҳитида самарали иш юритишига хизмат қилади.

Шунингдек, иштирокчилар замонавий медиа матн яратиш, суд қарорларини оддий ва тушунарли тилда жамоатчиликка етказиш, жонли эфир ва интервьюларда таъсирчан нутқ сўзлаш, репутацион хавфларни бошқариш каби кўникмаларни ҳам ўзлаштирмоқда. Эътиборли жиҳатлардан бири — сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам курс дастурига киритилган.

Мутахассислар фикрича, мазкур ўқув курси суд тизими ва жамоатчилик ўртасида очиқ, ишончли ва самарали мулоқотни шакллантиришда муҳим амалий платформа вазифасини ўтайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ушбу ўқув дастури эртага ҳам давом эттирилиб, иштирокчилар учун яна янги билим ва тажрибалар тақдим этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Суд тизимида медиа очиқликни оширишга янги қадам қўйилди