Рўзада машқ қилган Ҳусанов бугун дунё футболини ҳайратлантирмоқда

Бугунги кунда Англиянинг “Манчестер Сити” клубида муваффақиятли тўп тепаётган Абдуқодир Ҳусанов нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки Европа футболи жамоатчилигининг ҳам диққат марказида турибди. Унинг қисқа вақт ичида босиб ўтган йўли, меҳнатсеварлиги ва иродаси кўпчилик учун ҳақиқий ибратга айланмоқда.
Беларуснинг “Динамо-Минск” клубида раҳбарлик қилган, шунингдек самбо бўйича уч карра жаҳон ва тўрт карра Европа чемпиони ҳисобланган Владимир Япринцев ўзбекистонлик ҳимоячининг “Энергетик-БГУ”даги илк қадамларини эслаб, илиқ фикрлар билдирди.
Унинг таъкидлашича, Абдуқодир Ҳусанов ўша пайтнинг ўзидаёқ ўз интизоми ва меҳнаткашлиги билан атрофдагилардан ажралиб турган.
— Мен футболда ёрқин ва иродали шахсларга доимо қизиқаман. Ростини айтсам, маълум маънода Абдуқодир Ҳусановнинг шаклланиш жараёнига менинг ҳам алоқам бор. Бугун у “Манчестер Сити” даражасигача етиб келди ва бу мен учун ҳам фахрли ҳолат.
Бу йигит менда жуда катта таассурот қолдирган. Айниқса, муқаддас Рамазон ойида рўза тутиб, шунга қарамай машғулотларда ўзини аямасдан ишлагани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Бошқалар қийналган пайтда у янада кўпроқ меҳнат қиларди. Бу эса унинг характерини кўрсатиб турарди, — деди Владимир Япринцев.
Собиқ спортчи Ҳусановни кузатар экан, ўзининг ёшлик даврларини эслаганини ҳам тан олди.
— Унга қараб, ўзимни ёдга олардим. Катта шаҳарга келиб, ҳаётда ўз ўрнини топиш ва орзуларига етишиш учун ҳаракат қилган болалигим кўз олдимга келарди. Шунинг учун ҳам мен спортни яхши кўраман — у инсонни ўз илдизлари ва орзуларига қайтара олади, — дея қўшимча қилди у.
Абдуқодир Ҳусанов ҳозирда Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиларидан бирига айланди. Унинг нафақат мамлакатимизда, балки Европа ва бошқа давлатларда ҳам шахсий мухлислари сони ортиб бормоқда. Кўпчилик унинг камтарлиги, меҳнатсеварлиги ва майдондаги ишончли ҳаракатларини юқори баҳоламоқда.
Маълумот учун, Абдуқодир “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Аммо у профессионал фаолиятини Беларуснинг ўша пайтдаги “Энергетик-БГУ” клубида бошлаган. Кейинчалик ушбу жамоа “СКА-1938 Минск” номи билан фаолият юритишни давом эттирди.
Ҳусанов 2022–2023 йиллар мобайнида Беларусь клуби сафида жами 34 та учрашувда қатнашиб, тўртта гол ва тўртта ассист қайд этган. Шунингдек, жамоаси билан мамлакат чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритган.
Ўзбекистонлик иқтидорли ҳимоячининг ўйини Европанинг кучли клублари эътиборини торта бошлади ва 2023 йил ёзида Франциянинг “Ланс” клуби уни ўз сафига қўшиб олди. Абдуқодир француз клубида 31 та баҳсда майдонга тушиб, битта голли узатма амалга оширди. Энг муҳими, у Еврокубокларда ҳам дебют қилди.
Орадан бир ярим йил ўтиб, 2025 йилнинг 20 январь куни Англиянинг машҳур “Манчестер Сити” клуби ўзбекистонлик ҳимоячини 40 миллион евро эвазига трансфер қилди. Бу нафақат Ҳусанов, балки бутун ўзбек футболи тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланди.
Бугун Абдуқодир Ҳусанов икки топ-чемпионатда ўйнаган ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади. Шунингдек, у “Манчестер Сити” билан Англия лигаси кубогини қўлга киритиб, Англияда расман соврин ютган илк ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирди.
Унинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни яна бир бор исботламоқда: интизом, меҳнат ва сабр орқали энг катта орзуларга ҳам етишиш мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!