
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов Facebook саҳифасида миллий жамоани тарк этаётганини эълон қилди. "Бу йўл мен учун фақат иш эмас эди — бу шараф, масъулият ва Аллоҳ томонидан берилган синов эди.
Уч йил давомида биз бу жамоа билан ёнма-ён бўлиб, қизғин машғулотларни ўтказдик, қувончли ғалабаларни нишонладик ва оғир мағлубиятларни бошдан кечирдик. Биз яхши ва ёмон кунларда ҳам бирга эдик", — деди Исмоилов.
Ушбу баёнот у бошчилигидаги жамоа Жаҳон чемпионати 1/8 финалида Италия терма жамоасига 2:3 ҳисобига мағлуб бўлганидан сўнг эълон қилинди. Собиқ мураббий ўзбекистонликларга билдирилган ишонч ва қўллаб-қувватлаш учун ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
У шогирдларининг ҳар лаҳзада мухлислар меҳрини ҳис қилганини таъкидлади. Исломбек Исмоилов 1993 йил 19 июлда Марғилонда туғилган.
У мураббийлик фаолиятини Фарғонанинг "Ёзёвон" клубида бошлаган. Унинг бошчилигида Ўзбекистон (U-17) терма жамоаси Осиё чемпиони бўлган.
Жорий йил ёзида у "Нефтчи" клуби билан шартнома имзолаган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.