
Нидерландиялик пойгачи, “Ред Булл” жамоаси аъзоси Макс Ферстаппен Формула-1 мавсумининг 22-босқичи — Лас-Вегас Гран-присида ғолиб чиқди. Иккинчи ўринни “Макларен” пойгачиси Ландо Норрис эгаллаган бўлса, учинчи поғонага “Мерседес”дан Жорж Расселл кўтарилди.
Ферстаппен пойга давомида ишончли етакчилик қилиб, маррага рақибларидан қарийб 21 сония олдинда етиб келди. Норрис масофанинг сўнгги қисмида техник муаммоларга дуч келди, аммо барибир иккинчи ўринни сақлаб қола олди.
Расселл учинчи ўринни банд этди. Тўртинчи ўринни “Макларен” пойгачиси Оскар Пиастри эгаллади.
“Феррари” вакили Шарль Леклер эса олтинчи бўлди, у “Мерседес”дан Андреа Кими Антонеллига имкониятни бой берди. “Уильямс”дан Карлос Сайнс еттинчи, “Рейсинг Буллз” янги аъзоси Изак Ажар ва “Заубер”дан Нико Гюлькенберг эса кейинги ўринларни эгаллашди.
Пойгадан сўнг FIA “Макларен” жамоаси техник қоидаларни бузган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Агар бу тасдиқланса, Норрис ва Пиастри дисквалификация қилиниши мумкин.
28 ёшли Ферстаппен тўрт карра жаҳон чемпиони (2021–2024). У чемпионлик сони бўйича Ален Прост ва Себастьян Феттель билан тенглашди.
2023-йил мавсумида рекорд ўрнатган Ферстаппен йиллик ғалабалар сони (19) ва кетма-кет ютган пойгалар (10) бўйича ҳам етакчи ҳисобланади. Кейинги босқич Қатар Гран-приси бўлиб, у 28–30 ноябр кунлари ўтказилади.
2025-йилги мавсумда эса жами 24 пойга режалаштирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.