«Локомотив»да ҳозир қишки сотув даври. Ҳа, адашмадингиз, «харид» эмас, балки «сотув» даври. Жамоадан бир қатор футболчилар кетиб улгуришди. Шунда ҳам ўтган йили чемпионликка катта ҳисса қўшган ўйинчилар кетишмоқда. Энг қизиғи, «темирйўлчилар» уларни осонгина қўйиб юборяпти, деб маълум қилмоқда "Интерфутбол" нашри.
КЕТУВЧИЛАР
«Локомотив»нинг энг тажрибали футболчиларидан бўлган Сервер Жепаров фаолиятини Эроннинг «Истиқлол» клубида давом эттирадиган бўлди. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси эронликлар билан бир ярим йиллик шартнома имзолаган. Шунингдек ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлган Темурхўжа Абдухолиқов ҳам қатар чемпионатига кетди. Унга «Ал-Сайлия» клубидан таклиф келди.
«Локомотив»нинг яна бир етакчи футболчиси бўлган Санжар Шоаҳмедов ҳам энди ўз бахтини қатардан излайди. Темурхўжа сингари у ҳам «Ал-Сайлия» билан шартнома имзолади. Айтишларича, қатар чемпионатида тўп суришга фақат ўз мамлакати терма жамоасида ўйнайдиган футболчиларга рухсат берилар экан. Аммо яхши футболчи термада ўйнамаса ҳам четга кетаверар экан. Темурхўжа Абдухолиқов билан Санжар Шоаҳмедов бунга яққол мисол. Шоаҳмедов-ку бир-икки марта бўлса ҳам термага чақирилганди. Аммо Абдухолиқовнинг четда қолиб кетаётгани ўтган мавсумнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бўлганини яхши биламиз.
БОШҚА КЛУБЛАР
Умуман олганда, ҳар доим бўлганидек, бу йил ҳам футболчиларимизга Осиёдан тушаётган талаб ёмон эмас. «Локомотив»дан ташқари бошқа клуб вакиллари ҳам хорижга кетишмоқда. Масалан, «Андижон» ярим ҳимоячиси Жавлон Гусейнов Таиланднинг «Чаинат Хонбилл» клуби билан шартнома имзолади. Ҳимоячи Бобур Акбаров эса Малайзиянинг «Куала-Лумпур» жамоасига кетди. Шунингдек, ўтган мавсумнинг биринчи ярмини «Олмалиқ»да ўтказган Фарҳод Тожиев ҳам «Т-Тим» жамоасига қайтди. Ҳужумчи гарчи ўтган мавсум етарлича ўйин амалиётисиз қолган бўлса-да, малайзияликлар унга барибир, ишонч билдиришди. Фарҳод 2015 йилда «Т-Тим» сафида ўйнаб, 13та ўйинда 14та гол урган эди. Ундан яна шундай тўпурарлик кутишмоқда. Нима ҳам дердик, олий лигада ўйини қовушмаган футболчи Малайзия чемпионатида тўпурарга айланса, бунинг асло ҳайрон қоларли жойи бўлмаса керак.
Албатта, бу трансферлар орасида Фозил Мусаевнинг «кунчиқар ўлка»да тўп суриши энг эътиборлиси бўлиши турган гап. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини «Насаф»да ўтказган ярим ҳимоячи Япониянинг «Жубило Ивата» жамоаси билан шартнома имзолади. Агар Фозил J-лигада ўзини кўрсатадиган бўлса, Японияда ҳам ўзбек футболчиларига бўлган қизиқиш ошиши аниқ. Демак, «кунчиқар ўлка»даги илк ўзбек футболчиси зиммасига юкланадиган масъулият каттагина...
КИМГА ФОЙДА?
Хўш, бу трансферлар ўзбек футболига нима бериши мумкин? Ўзбекистонлик футболчи Малайзия ёки Таиландда ўйнаши қай даражада фойдали-ю, қай даражада зарар? Бу борада ҳамманинг фикри ҳар хил бўлиши турган гап. Масалан, Фозил Мусаевнинг Японияга кетганини айтмаса, қолган трансферларга бўлган муносабатни у қадар юқори деб бўлмайди. Дейлик, ўтган мавсум олий лига тўпурари бўлган Темурхўжа Абдухолиқовнинг «Ал-Сайлия»дан кучлироқ жамоа сафида ҳам ўйнаб кета олишига ишонадиганлар сони анчагина. Шунингдек, Санжар Шоаҳмедов ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин.
Албатта, бу гапларда жон бор. Мухлис халқига қолса, ҳар бир футболчимиз кучли клубларда ўйнашини истайди. Ҳеч бўлмаса, Россия чемпионатида. Аммо афсуски, бунинг имкони ҳар доим ҳам бўлавермайди. Ҳозирча Европада тўп суриб кета оладиган ўйинчилар ўзбек футболида кўринмаяпти. Бизнинг асл даражамиз эса Осиё бўлиб қолмоқда. Иқтисод тилида бир ибора бор: «талаб ва таклиф», дейилади. Европадан талаб бўлмагач, уларга кимни ҳам таклиф эта олардик? Демак, ҳозирча ўзбек футболчилари Осиёда ўйнаб туришади.
БИЗГА ФОЙДА
Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, олий лигада куни ўтиб турган футболчиларнинг Малайзия ёхуд Таиланд бўлсин, барибир, четга кетишининг ижобий томонлари ҳам мавжуд. Яхшилаб қидирган мухлис ҳатто Алишер Азизовнинг қирғизистоннинг «Дордой» клубига кетишида ҳам ижобий жиҳат топа олади. Қандай, дейсизми? Ҳозир шунга тўхталиб ўтамиз.
Футболчиларнинг хорижга йўл олишидан ўзбек футболига келадиган энг катта фойда шундаки - иқтидорли ёшлар учун йўл очилади. Айтайлик, Сервер Жепаров «Истиқлол»га кетган бўлса, демак, энди қувондиқ Рўзиевда кўпроқ имконият бўлади. Темурхўжа Абдухолиқовнинг ўрнида эса Бобур Тиллабоевни синаб кўриш мумкин. Ёки ёшлардан яна кимнидир. Нима бўлган тақдирда ҳам, тажрибали футболчиларнинг ўрни ёшларга қолаётгани фақат ижобий жиҳат. Ахир Жепаров асосий таркибда ўйнайверса, «янги Жепаров» қаердан ҳам чиқарди?
СЕРБИЯ
Аслида, футболи ривожланаётган ўлкаларда легионерларнинг четга кетиши ҳар доим қўллаб-қувватланади. Ёдингизда бўлса, ўтган мавсум якунига етгач «Интерфутбол» нашрида «Насаф» ярим ҳимоячиси Огнен Красич билан интервью чоп этилган эди. Ўша суҳбатда Красичга Сербия футболи ҳақида савол берилган ва нима сабабдан сербиялик футболчилар четга кўп кетиши сўралганди. Ярим ҳимоячи саволга қуйидагича жавоб қайтарган:
«Сербияда футболчиларга жуда кам маош тўланади. Иқтидорли футболчилар эса анчагина. Менинг юртимда кучли футболчиларни ҳар бир ҳудуддан топиш мумкин. Улар ёш вақтида фаолиятини маҳаллий клубларда бошлайдилар, аммо имкон туғилгани ҳамоно хорижга кетишга ҳаракат қиладилар. Чунки Сербияда ҳеч ким сизга Германия ёки қозоғистондагидек маош тўламайди. Шу боис кимдир Европага, яна кимдир эса Осиёга кетади. Ахир кучинг бор вақтда пул ишлаш керак-да», - деган эди Красич.
Кўриб турганингиздек, Сербияда футболчи етиштириш бўйича бутун бошли тизим юзага келган. Мамлакатда футболчиларга кўп маош тўланмайди. Оқибатда улар маҳаллий биринчиликда маҳоратларини ошириб олгач, ўз бахтларини хориждан қидиришга ҳаракат қиладилар. Бунинг ортидан иқтидорлар мудом етишиб туради. Бу эса, ўз навбатида, Сербия футболининг ривожланишига олиб келмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН
Албатта, Ўзбекистон ва Сербия футболини ўзаро таққослаб бўлмайди. Аммо биз ҳам футбол оламида ўзимизга яраша ўрнимизга эгамиз, Осиёда бизни анча ҳурмат қилишади. Шундай экан, нима учун сербиялик футболчилар Европа-ю Осиёни тўлдирганда, ўзбекистонлик ўйинчилар ҳам хорижда тўп сурмасликлари лозим? Тўғри, ҳар бир футболчимиз юқори маҳорат соҳиби эмас. Аммо ҳамманинг ўзига яраша харидори бўлади. Кимгадир Япониядан қизиқиш бор, яна кимгадир эса қирғизистондан. Майли, футболчиларимиз қаерда бўлса ҳам, ўйнашаверсин. Сўнгги йилларда Хитой ва қатар футболи тобора ривожланиб бормоқда. Шундай экан, нима учун у ерларда ўзбек футболчилари ҳам тўп сурмасликлари лозим?
Бундан ташқари, легионерларнинг хорижга йўл олишида бошқа ижобий жиҳатлар ҳам бор. Масалан, иқтисодий манфаат...
ИҚТИСОД
Легионерлар экспорти нафақат мамлакат футболи, балки иқтисодига ҳам наф келтиришини айтсак, ҳайрон қоладиган кўп топилмаса керак. Зеро замонавий футбол аллақачон профессионал касбга айланиб улгурган ва анча-мунча даромад манбаи ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, Жанубий Америка давлатлари учун хорижга футболчи сотиш иқтисодиётнинг ўзига хос соҳасига айланиб улгурган. Масалан, 2005 йилда Бразилия клублари футболчиларни хорижга трансфер қилишдан 158 миллион евро ишлаб олишган эди. Сўнги йилларда бу маблағ анча-мунча ошиб улгурди. Агар ўша йили четда ўйнаш учун 804 нафар футболчи кетган бўлса, ўтган йили легионерлар сони мингдан ошиб кетган. Ўша ўйинчиларнинг ҳар бири трансфер қийматидан ташқари яна ишлаган ҳақини ҳам Бразилияга олиб келишини инобатга олсак, мамлакат иқтисоди қанча фойда кўраётганини тушуниб етиш қийин эмас.
Албатта, бу борада ўзбек футболи энди атак-чечак қилаётган болага ўхшайди. Унақа миллионларни биз ҳозир орзу қилишимиз ҳам қийин. Аммо шу билан бирга легионерлар экспортини шакллантириш учун имкон борлигини ҳам унутмаслик лозим. Тўғри, бизнинг футболчиларга ҳозирча Европадан қизиқиш йўқ ва ҳатто, у қадар кучли бўлмаган Россия чемпионатида ҳам кам. Бироқ Осиёдаги обрў-эътиборимиздан фойдаланиб, нима учун қитъада ўз ўрнимиз учун курашмаслигимиз лозим?
Зеро бу борада етарлича тажрибага ҳам эгамиз. Ёдингизда бўлса, «Ал Жаиш» Сардор Рашидовни «Бунёдкор»дан 2100000 долларга сотиб олгани айтилган эди. Шунингдек, тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, Темурхўжа Абдухолиқов учун ҳам 800 минг доллардан ошиқроқ сарфланган. Кўриб турганингиздек, ўзбек футболчиларига четдан қизиқиш бор. Фақат ўша қизиқишларни охирига етказиб қўйиш учун олиб борилаётган ишлар етарли эмас.
АГЕНТЛИКЛАР
Биз юқорида Бразилиядаги футболчилар экспорти ҳақида гапириб ўтдик. У ерда бу борада бутун бошли агентликлар иш олиб боришини эса ҳали айтиб улгурганимиз йўқ. Бразилияда ва футболи ривожланган исталган ўлкада трансферлар масаласи билан шуғулланувчи бутун бошли компаниялар фаолият юритади. Улар шунчаки ўйинчиларни четга чиқариш билан эмас, балки уларни шакллантириш учун ҳам кўп ишларни амалга оширадилар. Агентликлар ёш иқтидорларни топиш, уларни юқори савияга чиқариш ва клубларга жойлаш билан шуғулланадилар. Замонавий футбол энди шунчаки оддий спорт тури бўлмай қолган. Уни истанг шоу-бизнес денг, истанг бошқа нарса, аммо аллақачон улкан тизимга айланиб бўлди.
Бизнинг футбол эса ҳозирча оддий футбол бўлиб қолмоқда. Уни ҳам юқори даражага кўтариш учун эса ҳали кўп ишлаш лозим. қачондир бизда ҳам шундай тизим яратилар, балки. Футболимиз ривожланиб борар экан, бусиз илож йўқ. Аммо қачонлигини айтиш имконсиз. Ўзбекистонда агентлик хизмати бор, аммо ривожланмаган. Уч-тўрт агент ўз ҳолича иш юритади. Ким билади дейсиз, балки бу борада ҳам Бразилия тажрибасини ўрганиш керакдир...
Зафар ҚОСИМОВ “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Рўзиқул Бердиев: "12 та мағлубиятсиз серия қайд этгандик, ҳозир эса кетма-кет тўртта мағлубият"
Сайхунободда қарздор отадан салкам 75 млн сўм алимент пуллари ундирилди
Мигрень, кластер цефалгия, зўриқиш... Бош оғриғининг неча тури мавжуд?
Эрон олий раҳнамоси Нетаньяхуни қатл қилишга чақирди
АҚШда 10 ёшли бола полицияга қўнғироқ қилиб, математикадан уй вазифасини бажаришда ёрдам сўради
Шимолий Корея баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводини кенгайтирмоқда