Балогун «Гавр»га қарши ўйин олдидан огоҳлантирди

«Монако» ҳужумчиси Фоларин Балогун Лига 1нинг 19-турида «Гавр»га қарши бўладиган баҳс олдидан жамоанинг кайфияти ва режаларини айтиб ўтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Форварднинг таъкидлашича, монегасклар бугунги рақибига ҳурмат билан қарайди, бироқ сафарда ҳам уч очкони қўлга киритишга қатъий бел боғлаган.
«Бу жуда жисмонан кучли жамоага қарши оғир ўйин бўлади. Биз бемалол ўтириб, фақат «Реал» билан ўтган учрашув ҳақида ўйлашимиз мумкин эди, лекин бу бизга ёрдам бермайди», — дея Балогуннинг сўзларини клуб матбуот хизмати келтирди.
Эслатиб ўтамиз, ҳафта давомида «Монако» Чемпионлар лигасида Мадриднинг «Реал» клубига 1:6 ҳисобида йирик мағлуб бўлганди.
18 турдан сўнг «Монако» 23 очко билан турнир жадвалида 9-ўринда бормоқда. «Гавр» — «Монако» учрашуви 24-январ куни рақиб майдонида бўлиб ўтади ва 23:00 да (Тошкент вақти билан) бошланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!