Барнохон Сайфуллаева Саньяда Ўзбекистон учун олтин медални қўлга киритди

Хитойнинг Саня шаҳрида ўтказилаётган VI Осиё соҳил ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг илк олтин медалига эга чиқди. Ушбу муваффақиятни соҳил енгил атлетикаси бўйича баҳсларда Барнохон Сайфуллаева қайд этди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Баландликка сакраш йўналишида иштирок этган спортчимиз 1,85 метр натижа билан барча рақибларини ортда қолдирди. Сайфуллаеванинг ушбу кўрсаткичи турнирнинг энг юқори натижаси сифатида қайд этилди.
Кумуш ва бронза медаллари мезбон Хитой вакилларига насиб қилди. Ҳар икки хитойлик спортчи 1,83 метр баландликни забт этган бўлса-да, уринишлар сонига кўра совринли ўринларни бўлишиб олишди.
Ҳозирда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги ягона олтин медаль айнан Сайфуллаева томонидан тақдим этилди. Мусобақалар давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!