Ҳусанов порламоқда: “Манчестер Сити” чемпионликка яна яқинлашди

Англия Премьер-лигасининг 34-турида "Манчестер Сити" сафарда "Бёрнли" устидан минимал — 1:0 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу натижа “шаҳарликлар” учун оддий уч очкодан анча кўпроқ аҳамият касб этди — жамоа яна чемпионлик пойгасининг марказига қайтди.
Яқингача турнир жадвалида етакчиликни мустаҳкам ушлаб турган "Арсенал"дан тўққиз очко ортда бораётган Гвардиола шогирдлари қисқа вақт ичида бу фарқни бартараф этди. Энди эса чемпионлик тақдири фақат Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоанинг ўз қўлида — ҳар бир ўйин финал каби аҳамиятга эга.
Англия футболига ихтисослашган cityxtra.co.uk манбаси таҳлилчилари “Сити”нинг айнан мавсумнинг ҳал қилувчи палласида намоён этаётган барқарор ўйинини алоҳида таҳлил қилди. Уларнинг фикрича, бу муваффақиятларда ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов асосий фигуралардан бирига айланиб бормоқда.
Эксперт Энцо Кригер таъкидлаганидек, Ҳусанов ҳар бир учрашувда аввалгисидан ҳам ишончли ва барқарор ўйин кўрсатмоқда. “Бёрнли”га қарши баҳсда у рақибнинг қарши ҳужумларини тез ва аниқ бартараф этди, ҳаводаги курашларда устунлик қилди ҳамда узоқ узатмаларда ҳеч қандай қийналмади.
Шу билан бирга, ҳимоячи нафақат орқа чизиқда, балки ҳужум қуришда ҳам ўз салоҳиятини намоён этди. Унинг тезкор ҳаракатлари ва олдинга чиқишлари жамоа учун янги ҳужум имкониятларини яратди. Бундай универсал ўйин услуби уни оддий ҳимоячидан кўра анча юқори даражадаги футболчига айлантираётгани аниқ.
Ҳусановнинг ўйинни ўқиш қобилияти, тўғри қарор қабул қилиши ва босим остида ҳам хотиржам ҳаракат қилиши уни “Сити” ҳимоясининг асосий устунларидан бирига айлантирмоқда. У кераксиз рискка бормайди, бироқ жамоа манфаати учун ҳар қандай вазиятда ўзини аяшни билмайди.
Қайд этиш жоиз, Марк Гехи билан биргаликда Ҳусанов ҳимоя чизиғида мустаҳкам дуэт ҳосил қилган. Гвардиола ҳам айнан шу икки футболчининг ишончли ўйини жамоага энг қийин паллаларда катта ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаган эди.
Статистика ҳам бу фикрларни тасдиқлайди: жорий мавсумда Ҳусанов барча мусобақаларда 33 та учрашувда иштирок этди. 22 ёшли легионернинг аксарият баҳсларни асосий таркибда бошлаши ва тўлиқ ўйнаб бериши унинг жамоадаги аҳамияти қандай юқори эканини кўрсатади.
Қисқаси, “Манчестер Сити”нинг чемпионлик курашига қайта жонланиши ортида нафақат ҳужумчилар, балки айнан ҳимоя чизиғидаги темир интизом ва ишончли ўйин турибди. Ва бу ҳикояда Абдуқодир Ҳусанов аллақачон асосий қаҳрамонлардан бирига айланиб улгурди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!