Тухел Англия терма жамоасини узоқдан бери орзу қилган

Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухел шартномасини узайтирди. Немис мутахассиси билан тузилган янги келишув 2028 йилгача амал қилади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Тухел Англия терма жамоасини бошқариш истаги анчадан бери борлигини ҳам яширмади. Унинг айтишича, 2021 йилда «Челси»ни бошқарган пайтида Европа чемпионати ўйинлари «Уембли»да ўтгани, стадиондаги муҳит ва бутун мамлакат ҳаяжони унда алоҳида таассурот қолдирган.
«Ўшанда вакилимга қўнғироқ қилиб: ‘Бу — менинг орзуим. Аввал “Челси” билан барча совринларни ютаман, кейин эса Англия терма жамоасида ишлашни хоҳлайман’, дегандим», — дея мураббий сўзларини келтиради «уч шер» матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, Томас Тухел «Челси»ни 2021 йил январидан 2022 йил сентябрига қадар бошқарган. Англия терма жамоасидаги лавозимига эса 2025 йил бошида киришган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!